ҲАЛОЛ МЕҲНАТИДАН ЭЪЗОЗ ТОПГАН ОТАХОН

Инсон борки, ҳамиша ҳаётини фаровон бўлишини, тўкин-сочинликда, барча қулай шароитларда умрини ўтказишни истайди ва шунга интилиб яшайди. Албатта, бундай 
орзу ва истаклар ҳалол меҳнат орқасидан бўлсагина унинг эгаси дунё ва охират саодатига эришади. Зеро, ҳалол 
касб қилиш инсон ҳаёти учун энг зарур бўлган амаллар ҳисобланади. Шунинг учун халқимизда "Меҳнат инсонни 
улуғлайди", деган нақл бежизга айтилмаган.
Ҳа, ҳикоямиз қаҳрамони бўлган Даҳбед қўрғонида яшовчи Худойқул ота Ўроқов ҳам бугун бахту фароғатда, тинчлик-хотиржамликда, эъзозу-эҳтиромда кексалик гаштини сураётган табаррук нуронийлардан биридир. Дарҳақиқат, бугунги
фаровон кунларга 
етишнинг ўзи бир бахт эканлигини бошқалардан кўра, отахоннинг ўзи чуқурроқ ҳис этади. Чунки, шу кунларга етиб 
келгунича, не-не чиғириқлардан, ҳаётнинг қанча баланд-пастларидан ўтмади, дейсиз!...   Болалик давридаги азоб-уқубатларни, ҳаётнинг машаққатлисиновларини енгиб ўтиш албатта, осон кечмаган. 
1936 йилда Даҳбед қўрғонида оддий колхозчи оиласида туғилиб вояга етган, ҳозирда табуррук 86 ёшини қаршилаётган 
Худойқул Ўроқовнинг суяги меҳнатда қотган. У ўзининг кўп йиллик меҳнати фаолиятини энг аввал бепоён далаларимизда 
пахта экиб, меҳнат қилишдан бошлаган бўлса, қолган умрини ҳам туманимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва 
юксалтириш борасидаги эзгу мақсадлар билан ўтказди.
Болалиги қийин даврларга тўғри келганлиги, қолаверса, оилавий шароити оғирлиги туфайли ўрта мактабда 4-синфга қадар ўқиган ёшгина Худойқул онаси билан биргаликда пахта даласида укаларини боқиш учун ишлай бошлади.
Она ва бола отнинг устига миниб культивация қилиб, пахта экди, униб чиққан ниҳолларни парваришлади. Ёш бўлсада,
онаси билан елкама-елка туриб, меҳнат қилишга киришди. Ўша даврлардаги "Озод бирлашув" колхозида ишлай бошлади.  
 Йиллар ўтиб,  МТСда 1 ойлик тракторчилик курсида ўқиб, сўнгра тракторчи бўлиб ишлай бошлади. У умуман отасини эслай олмас эди. Ўша йиллари онаси бошқа турмуш қуради. Онасидан 2 ўғил фарзанд бўлишган, очарчилик вақтлари укаси изсиз йўқолиб қолади. Онасининг бошқа турмушидан 5 фарзанд дунёга келади. 
Худойқул 1956 йили Санобар Ўроқова билан турмуш қуриб, 8 нафар фарзандли бўлишади. У эндиликда нафақат ука-сингиллари учун, балки, ўз оиласи учун ҳам кўпроқ меҳнат қилиши зарур эди. Шу боисдан ҳам болалик давридан бошлаб суяги меҳнатда қотган Худойқул Ўроқов куну тун меҳнат қилиб асло тиним билмас эди. Меҳнат жабҳасидаги фаоллиги учун 1962 йили илғор комсомол сифатида туман делегати бўлиб Ўзбекистон Республикаси 18 съездига қатнашишга мушарраф бўлади. Ўзбекистон Республикаси Марказий комсомол комитетида республика бўйича 30 нафар комсомол 1 ой давомида ўқишади. Ўқиш давомида Марказий комсомол комитети секретари Турсунов билан Шароф Рашидов ҳузурига бориб учрашув ўтказилади. Ш.Рашидов ёшларга қарата шундай деган эди:
- Болаларим, шундай иш олиб борингларки, халқимиз, ёшларимиз сизлардан ўргансин. Биз сизларга ишонамиз.
Шунингдек, ушбу учрашувда ҳар бир кишига 8 гектардан ер ажратиш ҳақида топшириқ бе-   рилди.
Шу йили Худойқул Ўроқов ўзининг 4 нафар ёрдамчиси билан совхоздан 40 гектар ер олиб, меҳнат қилишга киришиб кетди. Шомирзаев деган агроном ёшларнинг астойдил ғайрат-шижоат кўрсатиб ишлашига ишониб, уларга 40 гектар ерни топширди. Шундай қилиб 40 гектар ерга пахта экилди. Аввал универсал трактор ҳайдаб, ер тайёрланди. Пахтани ҳам узунасига, ҳам кундалангига 60х40 қатор оралатиб культивация қилинди. Астойдил қилинган менатнинг самараси ўлароқ, шу йили юксак пахта хирмони яратилиб, давлатга 45 центнердан ҳосил топширилди. Давлатга хом ашё топшириш режаси ошиғи билан бажарилди, лекин ёш пахтакорлар ойлик маошларини ҳам, йил якуни билан бериладиган "отчёт"ларини ҳам олишолмади.
1969 йили совхозга Т.Эрмонов инженер бўлиб келади. Худойқул тракторчилик қилар, шароит жуда оғир эди. Чунки, онаси 1961 йили вафот этган бўлса, ўгай отаси 1967 йили вафот этади. Улардан 5 нафар фарзанд етим қолган эди. Т.Эрмонов бу оиланинг шароитини кўриб, шундай   дейди:
-  Уйингиз "детсад"ми,- деб сўрайди.
- Йўқ, ўзимнинг фарзандларим ва ука-сингилларим, - деб жавоб беради Худойқул.
- Ундай бўлса сиз албатта, ўқишингиз керак экан, - дейди инженер.
Эрмоновнинг қистови билан Худойқул Ўроқов оилавий  қийинчиликларга қарамасдан, Самар-қанд Механизация техникумига сиртдан ўқишга киради. 1969 йили ўқишни битириб, совхозда экспедитор бўлиб ишлай бошлайди. У 1970 йили совхозга механик бўлиб тайинланади. 1975 йили Самарқанд шаҳридаги Савдо базасига экспедитор бўлиб ишга киради. У Оқдарё тумани бўйича қишлоқ хўжалиги машиналари учун эҳтиёт қисмлари тарқатар эди. Унга "Увазик" машинаси берилади.
Қишнинг совуқ кунларидан бири эди. "Увазик"нинг мотори ичида бўлганлиги туфайли Худойқул эрталаб машинани қиздириш мақсадида машинага ўтириб, эшигини ёпади ва машинани бураган пайти олов чиқиб, машина ёниб кетади. Укаси машинанинг ойнасини синдириб, уни зўрға қутқариб қолади. Худойқулнинг бутун танаси куйиб кетган эди. Касалхонада оғир аҳволда анча кунлар ётиб, даволанади. Уйдаги аҳвол эса бундан ҳам оғир эди, шунча болага аёлининг бир ўзи қарар эди.
Соғлиги тиклангач, 1975 йили август ойида Х.Ўроқовни Оқдарё туман "Ўзсельхозтехника"сига омбор мудири вазифасига ишга қабул қилишади. Бу соҳада у  10 йил фаолият кўрсатди. 1984 йили Даҳбед совхозига гараж мудири вазифасига ўтказишди. Гараж мудири бўлиб ишлаганида    омборда ҳар хил дорили ўғитлар сақланганлиги боис, заҳарланиб касал бўлиб қолади. Шу боисдан, 1991 йили 2 гуруҳ ногирони бўлиб нафақага чиқади. Оилада ука-сингилларига ҳам ота, ҳам оналик вазифасини бажарган Худойқул Ўроқов уларни ҳам ҳаётда бирор касб-ҳунар эгаллаши, ўз ўрнини топишида бош-қош бўлди. Катта укаси Тоир совхозда трактор ҳайдар эди. Кичиги Жўрақулни Тошкент ирригация институтида ўқитди. Укаси Ўктам ҳайдовчи бўлиб ишлади. Икки синглисини турмушга берди.
Шундан сўнг ўзининг фарзандларини ҳам укалари қатори бирин-кетин ўқитди. Катта қизи Сайёра ўқитувчи. Ўғли Умар Андижон давлат пахтачилик институтида ўқиди. Қизи Гулнора Мичурин номидаги техникумда, ўғли Усмон архитетектура институтида ўқишди. Гулсара Оқдарё иқтисодиёт коллежида ўқитувчи. Бахтиёр сартарош, Майсара 39-мактабда ўқитувчи, Ихтиёр кичик тадбиркор. Хуллас, фарзандларининг ҳар бири ўз ҳаётига, ўз касби-корига эга бўлишди, турмуш қуришди.
Ҳозирги кунда отахон қизи Гулсара билан бирга яшайди. Чунки 1999 йилда куёви онкологик касаллик туфайли оламдан ўтган эди. Унинг 4 нафар фарзандини боқиш, уларга ғамхўрлик қилиш яна Худойқул отанинг зиммасига тушди. Айни шу йили турмуш ўртоғи ҳам юрак хасталигидан вафот этади. Ҳаётнинг ҳар қандай оғир вазиятларини ҳам ўзининг сабр-тоқати, юксак иродаси ва ҳалол меҳнати билан енгиб ўтган Х.Ўроқов эндиликда қизининг фарзандларини оёққа турғизишга ёрдам бермоқда. Бугунги кунда уларнинг тўртови ҳам ўқимишли, зиёли бўлишиб, ҳаётдан ўз ўрниларини топишган, қиз набирасини турмушга беришди.
Ўзининг бутун умрини асло тиним билмасдан, машаққатли меҳнат билан ўтказган, ўз ҳаётини ўзгалар бахт-саодати учун бахшида этган пиру бадавлат отахон қийинчиликлар билан ўтган умридан асло нолимайди.
-  Мен дунёдаги энг бахтли инсонман, - дейди отахон мамнуният билан. Ҳаётимдан, ўтган умримдан асло нолимайман. Негаки, инсонларга бахт-саодат ато этиш, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир. Оллоҳимга беадад шукрлар бўлсинким, бугунги кунда, яъни 86 ёшни қарши олаётган пайтимда 46 нафар невара, 88 нафар чевараларим атрофимда парвона. Бу менинг кўп йиллик ҳалол меҳнатимга берилган муносиб туҳфа бўлса керак, албатта. 
Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлашим керакки, бу кунлар осонликча, ўз-ўзидан бўлиб қолмади. Шу боис, бугунги авлод, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч, тўкин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етсин, асраб-авайласин, она Ватанимизга муносиб бўлишсин.
Дарҳақиқат, Худойқул ота Ўроқовнинг ҳаёт йўли ёш авлод, умуман кўплаб инсонлар учун ибрат мактабидир. Биз ҳам Худойқул отага яна кўп йиллар соғ-саломат юриб, фарзандлари, невара-ю чеваралари ардоғида умргузоронлик қилишини тилаб қоламиз.

Гулсара ТИНИБЕКОВА.