МАЖИТХОН УСМОНОВ

МАЖИТХОН УСМОНОВ
       Туманимиз халқи оғир жудоликка учради. Бутун умрини халқимиз фаровонлиги йўлига бағишлаган ташаббускор раҳбар, садоқатли дўст, меҳрибон ота ва устоз мураббий Мажитхон Усмонов вафот этди. Халқимиз яна бир ажойиб фарзандидан айрилди. 
Мажитхон Усмонов 1956 йилнинг 8 апрель куни Тўртайғир қишлоғида туғилди. Ўрта мактабни аъло баҳолар билан тугатгач Самарқанд давлат университетининг филология факультетига ҳужжатларини топширди. Кириш имтиҳонларини аъло баҳоларга топшириб талабаликка қабул қилинди. Ўқиш даврида ҳам ўзининг ташаббускорлиги, аъло баҳоларга ўқиши билан тенгдошларига намуна бўлди. Олийгоҳни битиргач ўзининг меҳнат фаолиятини 1979 йилда туманимиздаги 192-ҳунар-техника билим юртида ўқитувчиликдан бошлади. Шундан кейинги йилларда туман ижроия қўмитаси қошидаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясининг котиби, Агросаноат ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг раиси, Самарқанд механика иқтисодиёт коллежи директорининг биринчи ўринбосари вазифаларида самарали фаолият кўрсатди. У 2005 йилдан то 2015 йилгача Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати сифатида баракали меҳнат қилди. Қабул қилинаётган қонунларга ўз муносабатини билдирди. Туманимизда ҳам ободонлаштириш, қурилиш соҳаларини яхшилашга, янги мактаблар ва турар-жой биноларининг қурилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. 
Мажитхон Усмонов 2015 йилдан бошлаб Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмаси Марказий Кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси, Ўзбекистон ХДП вилоят Кенгашининг раиси, Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали юристконсульти сифатида фаолият кўрсатди. Қаерда ишламасин ўзининг ташкилотчилиги, элпарварлиги ва фидойилиги билан элнинг ҳурматини қозонди. 
Ташаббускор раҳбар, садоқатли дўст ва меҳрибон ота Мажитхон Усмоновнинг ёрқин хотираси қалбларимизда  мангу яшайди.
Бир гуруҳ дўстлари ва туман “Нуронийлар” Кенгаши.