СЕВИМЛИ ШОИРИМИЗ МУҲАММАД ЮСУФНИ ЭСЛАБ...

Ўзбек халқининг атоқли ва севимли шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллиги мамлакатимизнинг барча таълим муассасаларида ва кенг жамоатчилик томонидан тантанали ва байрамона руҳда нишонланди. Шоир таваллудига бағишлаб турли хил маданий ва маърифий тадбирлар, адабий кечалар, давра суҳбатлари ва шеърхонлик кечалари ўтказилиб, севимли шоиримизнинг ўлмас хотираси ёдга олинди.

"Оқдарё овози" газетаси қошида ташкил этилган "Навниҳол" ижодий клуби ҳамда туманимиздаги барча умумтаълим мактабларида иш бошлаган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларимиз иштирокида жорий йилнинг 23 апрель куни "Ёшлар кутубхонаси" биносида севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг таваллуд кунига бағишланган мушоира кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда шоирнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида маърузалар ўқилиб, бир-биридан қизиқарли хотиралар ёдга олинди. Шунингдек, мушоирага ташриф буюрган тарғиботчилар, ижодкорлар,  мактаб ўқувчилари шоирнинг шеърларидан ёд айтишиб, тадбир иштирокчиларини хурсанд этишди.  

Мушоира сўнгида ижодкорлар даврасида шоирнинг қаламига мансуб бўлган қўшиқлар ижро этилди. Ўзбек халқининг оташқалб шоири Муҳаммад Юсуфнинг ижоди ва номи қалбларимизда мангу яшайди.

Ўз мухбиримиз.