ФИТОФТОРОЗ КАСАЛЛИГИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ЧОРАЛАРИ

Помидор фитофторози замбуруғлар қўзғатувчиси ҳисобланиб, кейинги йилларда республикамиздаги иссиқхоналарда кенг тарқалган касалликка айланди. Салқин ва нам (ёмғирли, шабнамли) об-ҳавода помидор меваларининг 60-70 фоизи зарарланиши мумкин. Касаллик ўсимликлар гуллаш пайтида бошланади. Барг бандлари пастга букилади ва барглар осилиб қолади. Баргларнинг устида қайноқ сувга куйганга ўхшаш доғлар пайдо бўлиб, улар сўнгра қўнғир ёки тўқ-қўнғир тус олади, кейинчалик барг тўқимаси бироз оқариб, юпқа қоғозсимон бўлиб қолади.
Нам об-ҳавода барглар остидаги доғлар атрофида майин, юпқа, оқиш моғор қатлами пайдо бўлади. Юқори намлик ва илиқ ҳароратда барглар бутунлай чириши ва деярли барча ўсимликлар ҳалок бўлиши мумкин. Тўпгуллар зарарланганида гулбандлар ва косачабарглари қораяди ва қуриб қолади. Зарарланган новдаларда узунчоқ ёки ўзгарувчан шаклли, қизғиш- қўнғир доғлар ривожланади, новда ва барглар куйганга ўхшаб қолади. Мевалар устида қаттиқ, нотўғри шаклли, қўнғир тусли, усти бироз ғадир-будур доғлар ва яралар пайдо бўлади. Бундай мевалар иккиламчи микроорганизмлар таъсирида тезда бутунлай чирийди. Касаллик ривожланиши учун юқори намлик (ёмғир, шабнам) ва   салқин ҳарорат (10 -25 градус) қулай шароит ҳисобланади.
Замбуруғ очиқ далаларда тупроқ устида ўсимлик қолдиқларида ва итузумдошлар оиласига мансуб бегона ўтларда қишлайди. Касаллик экинга қўшни далалардаги картошка ва помидордан ҳам тарқалади. Кўчатхоналарда касаллик пайдо бўлиши жуда хавфли. Юқори ҳароратда касаллик белгилари юзага чиқмаслиги мумкин. Улар очиқ далага кўчириб экилгач, фитофтороз ўчоқларини пайдо қилади. Даладаги помидорда фитофтороз картошкада пайдо бўлишидан олдин кузатилади. Қўзғатувчи замбуруғнинг ҳар хил   ирқлари мавжуд ва помидор навлари улар билан ҳар хил даражада зарарланади.
Касалликка қарши кураш чоралари: 
*Чидамли ва ёки толерант навлар яратиш ва қўллаш, жўякларни баланд қилиш;
*экишдан олдин уруғни самарали уруғ дорилагичи билан дорилаш;
*алмашлаб экиш, олдинги йили помидор ёки картошка экилган далаларга экмаслик;
*бошқа картошка ва помидор экинларидан узоқроқдаги далаларга экиш;
*экин ичида шамол яхши юришини таъминлаш (ортиқча шохларини ўз вақтида буташ, вентиляция);
*азотли ўғитларнинг тавсиядаги минимал миқдорларини бериш (булар, айниқса нитратли шакллари, касаллик кучли ривожланишига олиб келади);
*ўсув даврида эртаги картошка экинида касалликнинг биринчи белгилари кўриниши билан помидор ўсимликларига профилактика учун фунгицид (манкоцебни алоҳида ёки металаксил билан аралашмасини, 0,2 фоизли ридомил, 0,5 фоизли каптан, 0,4 фоизли мис хлороксиди, 1 фоизли Бордо суюқлиги ва б.) пуркаш;
*ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб, йўқотиш тавсия қилинади.
Помидор асосан ҳўл мева сифатида истеъмол қилиниши туфайли унда пестицид қолдиқлари бўлмаслиги (экологик тоза бўлиши) ўта муҳим. Шу сабабдан экинни фитофтороздан, иложи борича фунгицид қўлламасдан, юқорида кўрсатилган агротехник ва профилактик тадбирлар ёрдамида ҳимоялаш тавсия қилинади.
                 Шаҳзод Олимов,
 Жавлон Қаҳҳоров,
туман ўсимликлар карантини 
ва ҳимояси бўлими агроном
 энтомологлари.