Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари Т Ў Қ Н А Ш У В

Кўпчилик ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ СССРда рўй берган шов-шувли айрим воқеаларни эсдан чиқармаган бўлсалар керак: Афғонистондан совет аскарларининг дастлабки цинк тобутлари кела бошлади. Москвада ўтказиладиган Олимпиада ўйинларига тайёргарлик, бирин-кетин содир бўлаётган пинҳона жиноятлар...
Хуллас, собиқ СССР Давлат хавфсизлик комитети (КГБ) ва СССР Ички ишлар министрлиги ходимларининг ишлари бошларидан ошиб кетди. Олимпиада ўйинлари ўтказилиши олдидан пойтахт Москвани дайдилар, фоҳишалар, жазо муддатини ўтаб қайтганлардан тозалаш (махсус буйруқ асосида) бошланди.
Мамлакатда жиноятчиликка қарши кураш ва бошқа тартиббузарликларнинг олдини олиш учун биргаликда фаолият олиб бориши керак бўлган КГБ ва Ички ишлар министрлиги ходимлари орасида пинҳона "уруш" эълон қилингани эндиликда унчалик сир бўлмай қолган эди. 1980 йилнинг декабрь ойида Москва метрополитени милицияси ходимлари томонидан КГБ офицерининг ўлдирилиши бу икки соҳа ходимлари жанжали оловига керосин сепгандек бўлди. Кейинги тўқнашувда эса СССР КГБси ходимлари томонидан Ички ишлар ходимларининг беш нафари, жумладан, Москва шаҳар милицияси бешинчи бўлим бошлиғи Баранов отиб ўлдирилди.
1981 йилнинг 10 декабрида машҳур қўшиқчи Зоя Фёдорова Москвадаги квартирасида ваҳшийларча ўлдириб кетилди. Ички ишлар ходимлари барча айбни КГБчиларга ағдаришди: Гўё З.Фёдорованинг Америка Кўшма Штатларига, қизининг олдига кўчиб боришига КГБ "рухсат" бермаган. Орадан кўп ўтмай 30 декабрь куни мархума З.Фёдорованинг қўшниси, цирк артисти Ирина Бугромованинг бриллиантлар коллекцияси ўғирлаб кетилди. КГБчилар бу ўғирликни машҳур опера қўшиқчиси Борис Буряц содир этганлигини исботлашга уринишди. Б.Буряц эса Леонид Ильичнинг қизи Галина Брежневанинг хуштори эди. Бу эса 9 миллионлик аҳолиси бўлган Москвада аллақачон шов-шув бўлиб улгурган эди.
Тасодифми ёки бошқа сабаб бўлибми ушбу ўғирлик иши бўйича терговни Брежневнинг божаси, Юрий Владимирович Андроповниниг ўринбосари С.Цвигун олиб боради. Катта шов-шувга сабаб бўлган  бу "иш"ни тўхтатиб туришнинг асло иложи   йўқ эди. Цвигун бу иш бўйича Брежнев қабулига киролмади. Бироқ, М.Сусловнинг ҳузурига чақиртирилди. У қабулхонадан ранги бир алфозда бўлиб чиқди. Суслов ва Цвигун ўртасида қандай гап сўз   бўлгани қоронғу.  Лекин шу куниёқ - 1982  йилнинг 19 январи соат 4:15 да Цвигун дала ҳовлисида ўз жонига қасд қилди. Собиқ СССРнинг бош тарғиботчиси М.Сусловнинг ҳам юраги дош беролмади шекилли, орадан олти кун ўтиб у ҳам бандаликни бажо келтирди.
Шундан сўнг чала қолган бу иш билан КПСС Марказий Комитетининг масъул ходими А.Иванов шуғуллана бошлади. Аммо Иванов Марказий Комитет сиёсий бюроси мажлисида бу ҳакда ахборот беришга улгурмади: йиғилиш арафасида уни квартирасидан ўлдириб кетилган ҳолатда топишди.
1982 йилнинг кузига бориб эса КГБ билан Ички ишлар ўртасидаги муносабатлар янада таранглашди. Ниҳоят 10 сентябрь куни эрталаб соат 10 да Ички ишлар министри Шёлоков КПСС Марказий Комитетининг бош секретари, қуролдош дўсти Л.И.Брежневдан КГБ раиси Ю.В.Андроповни қамоққа олиш ҳақида кўрсатма олишга муваффақ бўлди. Л.Брежнев ҳам Ю.Андроповни ёқтирмасди. Чунки у КГБ раҳбарининг Марказий Комитет котиби М.С.Горбачёв билан тил бириктириб ўзини "тахт"дан қулатиш режасини тузганидан хабардор эди. (Андроповнинг аппаратида ёзилган маҳфий режа дастури икки кундан сўнг Америка матбуотида чоп этилган эдида! Алқисса, Андроповнинг котибаси Франция разведкаси ходимаси бўлиб чиқади). 18 йилдан кўпроқ вақт мобайнида қудратли бир мамлакатни бошқарган Брежневни ҳам фаросатсиз, деб бўлмасди, албатта. Андропов эса чоп этилган мақолани ғирт туҳматга чиқаради. Барибир Брежнев ўзига қарши аллақандай фитналар тайёрланаётганини сезганди. Шунинг учун ҳам у Андроповни хушламасди ва айни пайтда ундан ҳайиқарди ҳам.
...Шундай қилиб Андроповни ҳибсга олиш ҳақида Брежнев кўрсатмаси берилганди. Милициянинг учта махсус тузилган гуруҳи Лубянкадаги КГБ биносини эски майдондаги Марказий комитетни ва Кутузов чорраҳасидаги 26-уйни қуршаб олди. Бу уйда нафақат Андроповнинг, балки Брежнев ва Шолоковларнинг ҳам оила аъзолари яшашарди. Лекин чекистлар довдираб қолмадилар, балки бор маҳоратларини  ишга солишди: милициянинг икки гуруҳи ҳатто қаршилик кўрсатишга ҳам улгурмасдан "синдирилди". Кутузов проспектидаги 3-гуруҳ ҳам чекистларнинг отишмаларига дош беролмади. Бу тўқнашув тафсилоти биргина Москвада эмас, бошқа  мамлакатларга  ҳам тарқалди. Аҳвол бундай даҳшатли тус олишини хаёлига ҳам келтирмаган касалманд Бош секретарь шундан кейингина Андроповни тинч қўйишга қарор қилди. Боз устига Андроповни Марказқўмнинг иккинчи котиблигига ўтказишга рози бўлди. Балки Брежнев ўша пайтда орадан атиги икки ой ўтиб Андропов ўз ўрнини эгаллашини ҳаёлига ҳам келтирмагандир...
1982 йилнинг ноябрида Андропов КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари этиб сайланди. Унинг дастлаб қўл урган ишларидан бири КГБ ҳузурида иқтисодий жиноятчиликка қарши курашувчи 6-бошқармага асос солиш бўлди. Бошқарма ходимлари қисқа вақт ичида кўплаб йирик давлат мулкига хиёнат ва ўғирликларни очиб, айбдорларни қамоққа олишди. Биргина Москванинг ўзида 4 та йирик савдо марказининг директорлари  ва ўринбосарлари,  бошқа соҳа ходимлари билан қўшиб ҳисобланганда 800 дан ортиқ киши қамоққа олинди. Андроповнинг кўрсатмаси билан партия ва Совет органлари, ҳарбий бошлиқлар фаолияти   ҳам чуқур ўрганила бошланди...
Юксак лавозимда ишлаб турганида Андропов Шёлоковдан дарҳол ўч олиши, ўзига қилган кирдикорлари учун уни қамоққа тиқиши мумкин эди. Лекин Андропов йўл-   барсдек совуққон бўлиб, шошилмади. Ички ишлар министрлигининг молиявий камомадлари очилгач, дастлаб Шёлоковнинг хотини 1983 йилнинг 19 февралида ўз жонига қасд қилди. Кейинроқ эса собиқ Ички ишлар министри Шёлоков ҳам ўзини тўппончадан отиб ўлдирди. Унгача эса Андропов ҳам бандаликни бажо келтирган эди...
Иззатилла НОРҚУВВАТОВ,
журналист.
Мавзуга оид: