ЁН ДАФТАРДАГИ БИТИКЛАР

Бир нарсага ақлим етмай турибди. Амалдорлар туғилишда ақлли бўлиб туғилишадими ёки амалга ўтиргандан сўнг ҳаммадан доно ва ақлли бўлиб қолишадими?
                 ***
Лаганбардорлик ва иккиюзламачилик билан амалдорларнинг кўнглини олишдан ортиқ пасткашлик бўлмаса керак.
                 ***
Фақат бойлик, мансаб ва зўравонлик билан халқнинг ишончини қозонаман деган мансабпарастлар қаттиқ янглишади. Буни ҳаётда кўриб турибмиз.
                 ***
Айрим сирдош, қадрдон инсонларни баъзан жуда-жуда соғинамиз. Улар билан дилдан тўйиб-тўйиб суҳбатлашгингиз келади. Қизиқ, соғинчнинг чегараси бормикин? Ёки у чексизмикин? Соғинчнинг миқдорини ўлчашнинг имкони бормикин?
                 ***
Раҳбарлик дегани фақат буйруқ бериш эмас, балки шахсий намуна, одамийлик, камтарлик, адолатга бўйсу- ниш деганидир. Бизда барча тоифадаги амалдорларимиз адолатлими? Шахсий намуна кўрсата олаяптими? Бу саволларга аниқ жавоб борми?
                 ***
Буюк ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор бир пайтлар "Адабиёт атомдан кучли, аммо унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак" деган эди. Ҳозир ҳам шу қоидага амал қиляпмизми?
                 ***
Фарзандларимиз, набираларимизнинг яхши ўқишлари учун барча шароитларни яратишимиз, уларни руҳлантиришимиз, рағбатлантиришимиз ниҳоятда зарур. Чунки уларни билимли ва илмли қилиш биз ота-оналарнинг бурчи эканлигини унутишга асло ҳаққимиз йўқ.
                 ***
Ваъдабоз, қатъиятсиз амалдордан кўра, ўз фикрига эга, ваъдасида турадиган қатъиятли деҳқон афзал.
                 ***
Сизнинг камчиликларингизни юзингизга айтган кишилардан эмас, балки сохта мақтовлар билан сизни кўнглингизни олмоқчи бўлган маддоҳлардан эҳтиёт бўлиш керак. Чунки ёлғон мақтов ҳар қандай инсонни ҳам издан чиқаради.
                 ***
Журналистикага умуман алоқаси бўлмаган шахсларнинг шу соҳада раҳбарлик қилиб юришлари мантиққа тўғри келадими? Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш вақти келмадими, жаноблар!
                 ***
Яшаш бу кураш демакдир. Яхши яшаш учун эса фақат тинимсиз меҳнат, тунларни бедор ўтказишга тўғри келади. Буни ҳар бир эркак киши билмоғи ва амал қилмоғи зарур.
Йўлчи Муҳаммадиев.
Мавзуга оид: