СОҒИНИБ ЯШАЙМАН, СЕНИ БОЛАЖОН!

Болажоним, бу дунёни тарк этганингга ҳам 1 йил бўлибди. Ўтган бир йил мобайнида ҳар куни кутдим, ҳар куни йиғладим, бирор сония ҳам ёдимдан чиқмадинг, гўёки сен узоқ-узоқларда юргандексан, кулиб кириб келаётгандек бўласан. Сени жуда соғинаман, кўргим келади, бағримга босгим, дийдорингга тўйгим келади. Уйдаги ҳар бир нарса сени эслатади менга. Ўттиз йиллик умринг давомида жуда кўп ишлар қилдинг. Ҳаётни жуда севардинг. Орзуларинг бир олам эди.
Мактабда яхши баҳоларга ўқидинг, ақлли ва соғлом эдинг. Спортни севардинг, спорт тўгаракларига қатнашиб, яхши натижаларга эришдинг. Ўзим ишлаб, ўзим ўқийман деб, чет элга кетдинг... Қани эди вақтни орқага қайтаришни имкони бўлганда эди, сени ҳеч қачон четга жўнатмас эдим. Бу менга армон, юрагимда оғир дард бўлиб қолди. Сени сўнгги дамларингда ҳам кўролмадим, дардингга дармон бўлолмадим. Бу ҳар қандай она учун жуда оғир жудолик.
Яқинда З.М.Бобурнинг "Бобурнома" асарини ўқиб қолдим. Бобурнинг ўғли Ҳумоюнмирзо оғир хасталикка чалиниб қолади. Шунда уламолар дунё молини тортиқ қилиш керак, "Кўҳинур" олмосини тортиқ қилиш керак деб маслаҳат беришади. Бироқ, Бобур уларга қулоқ солмайди. Аксинча, Яратгандан Ҳумоюнни соғайишини сўрайди ва илтижо қилиб, керак бўлса ўз жонини фидо қилишини айтади. Беҳуш ётган ўғлининг атрофидан уч маротаба айланади. Шунда мўъжиза рўй беради. Ҳумоюнмирзо ҳушига келади ва аста-секинлик билан соғайиб кетади. Жон эвазига олмос эмас, жон бериш керак эканлигини яхши анг-лаган эди.
Болажоним, сен ёнимда эмаслигинг менга панд берди. Яратгандан илтижо қилиб, сенинг жонингни сақлаб қололмадим. Бу мен учун аламли қайғу, битмас-туганмас дарду армон бўлиб қолди. Ўғлим, ахир сенинг орзуларинг кўп эди. Ҳалол ва виждонли инсон эдинг. Гулларни севардинг, севган гулларингни экиб, ҳовлини гулзор қилиб қўйдим. Ана шу гулларни севувчи, ҳаётни севувчи болажоним, Сен ҳамиша юрагимдасан:
Юрагимда дард бор, битмас бир яра,
   Юз йилда ҳам қалбим тузалмас сира.
 Бегона юртларда соғлигинг кетиб,
 Умринг ўтиб кетди бир лаҳзада-я...
 Кўксингда порларди сўнмас
                                 қуёшинг,
   Дунёни тебратар навқирон ёшинг.
   Бир олам орзулар қанотинг эди,
   Армон-ла ёзаман хотираларинг.
   Хаёлан кезаман фақат сен томон,
   Излаб борсам топарман-му
                                 соғ-омон.
   Фарзанд доғи дунёда ёмондан ёмон,
   Соғиниб яшайман, сени болажон...
Мелихол ТОҒАЕВА,
Лойиш шаҳарчаси.
Мавзуга оид: