САЁҲАТДАН ОЛИНГАН ТААССУРОТЛАР

Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда кейинги йилларда ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу фикр қанчалик қимматли эканлигини билиш учун албатта юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш зарур. Негаки, Самарқанд вилоятида яшаб туриб Самарқанд шаҳрининг   дунёга донғи кетган ёдгорликларини кўрмаганлар ҳам йўқ эмас. Яқинда бир гуруҳ нуроний дўстларимиз билан юртимизнинг ўзимиз яқиндан кўрмаган гўшаларини сайр қилиш мақсадида Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида бўлиб қайтдик. Ушбу саёҳат туфайли гўзал ва бетакрор юртимизнинг ҳар бир гўшаси ўзига хос бетакрор эканлигига, бутун мамлакатимизда бунёдкорлик ишларини қанчалик кенг кўламда олиб борилаётганлигига кўз қувонади. Мен бир   фактни қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. 1982 йилда Зарафшон хўжалиги касаба уюшмаси қўмитаси раиси бўлиб сайланганимдан кейин хўжалик раҳбари, устозимиз Баҳриддин ака Санақулов мендан Москвага рус тилида хат ёзиб хароба ҳолатдаги 18-ўрта мактабни янгилаш учун маблағ сўраб илтимоснома жўнатишни айтди. Шу маънодаги хатни мен мустақилликкача ҳар йили ёзардим ва ҳар йили битта мазмундаги жавоб олардик. Жавобда маблағ етишмаслиги сабабли бизнинг илтимосимиз кейинга қолдирилганлиги маълум қилинарди. Мустақилликка эришилгандан сўнг, айнан ўша мактаб ўрнида барча талабларга жавоб берадиган замонавий мактаб ва ўша жойда касб-ҳунар коллежи қисқа муддатда барпо этилганлигини кўриб ҳамма ҳайрон қолди. Бундай қурилишлар бутун республикада жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Хоразм вилоятининг нафақат Хивасида балки барча туманларда ҳам жадал суръатларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, тарихий ёдгорликлар асл ҳолатида қайта таъмирланиб, инсон кўзини қувонтирадиган даражага етказилаётганлигини кўриб лол қоласан, киши. Бундай мисли кўрилмаган ўзгаришларни Қашқадарё вилоятининг маркази ва туманлари мисолида ҳам айтиш мумкин. Янгидан-янги гўзал иморатлар, таъмирланган ва қайта қурилган кенг равон йўл ва кўприкларни кўриб шундай ислоҳотларни қисқа муддатларда йўлга қўйган Юртбошимизга раҳматлар айта-   сан киши. Сурхондарё бўйлаб қилган саёҳатларимизда ҳам битмас-туганмас таассуротларга эга бўлдик. Буларни кўриб шундай юрт фуқароси эканлигимдан беиҳтиёр фахрланиб кетдим.
Собиқ иттифоқ даврида ун арзон эди, деб сафсата сотиб юрган "ватанпарварлар" юртимизни бир айланиб чиқсангиз, ўзингизни қанчалик ҳаётдан орқада қолиб кетганингизни, Ўзбекистон ўттиз йилдан сал кўпроқ вақтда бир асрдан кўп илгарилаб кетганини, ҳозир янада шиддат билан олға интилаётганлигини шоҳиди бўласиз.
Биз нуронийлар учта вилоятни айгангач, об-ҳаво, ичимлик сув ва таомлар жиҳатидан бизнинг вилоят, қолаверса Оқдарёнинг ўрнини ҳеч бир жой босолмаслигига гувоҳ бўлдик. Эҳтимол, шу ерда туғилиб ўсганлигимиз учун она тупроққа меҳр-муҳаббатимиз бошқачадир, аммо, менинг фикрларим муболаға эмас. Юқоридаги вилоятлардаги иқлим, Сурхон ва Қашқадарёдаги даштликлар, Афғон шамоли билан келаётган чанг-тўзон атрофни тумандек қоплаганини кўриб ҳамма жойда оқиб турган зилол сув, ям-яшил далаларимиз қанчалик қадрли ва бетакрор бўлиб кўринганини тасаввур қилиш қийин эмас. Азиз ватандошлар! Юртимиз бўйлаб сайрга чиқинг. Диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишиб, завқ-шавққа тўлинг. Дунёдаги азиз неъмат - ватанни янада қаттиқроқ севиб қолишингизга ҳеч бир шубҳа йўқ.
     Ризоқул УСАНОВ,
меҳнат фахрийси.
Мавзуга оид: