ИЖОДИЙ ПАРВОЗЛАР ТИЛАЙМИЗ

Соҳибжон Аминов ёшлигидан мусиқа санъатига меҳр қўйди. 1993 йилда ўзи туғилиб ўсган Арпа қишлоғидаги 4-мактабга ўқишга бориб, 2004 йилда мазкур таълим муассасасини тугатди. У мактабда ўқиган кезлари мусиқа фанига жуда қизиқиб қолади. Соҳибжон яхши ўқиш билан бир қаторда санъатга бўлган қизиқиши туфайли буюк ҳофизлар томонидан ижро этилган қўшиқларни мароқ билан хиргойи қилиб юрди. 
Санъатга бўлган меҳру-муҳаббат Соҳибжон Аминовни Самарқанд давлат университетининг санъатшунослик факультети томон етаклайди. Ёш санъаткор олийгоҳда мусиқа сирларини янада чуқурроқ эгаллашга ҳаракат қилди. 2012 йилда бу олийгоҳни тамомлагач, ўзи таҳсил олган мактабда ўқувчиларга мусиқа фани бўйича сабоқ бера бошлайди. Мана ўн йилдан буён у шу таълим даргоҳида ёшларга мусиқа фани сир-асрорларидан пухта сабоқ бериб келмоқда. 
- Ҳақиқий маданиятли инсон қандай бўлиш керак, деб мендан сўрашса, ҳеч иккиланмасдан касбдошим, қолаверса, севимли шогирдларимдан бири ҳисобланган Соҳибжон Аминовнинг номини биринчилардан бўлиб тилга оламан, - дейди 4-мактаб психологи, халқ таълими аълочиси Эркиной Қаршиева. - У ўзининг  юриш туриши, кийиниш одоби, муомаласи, атрофдагиларга бўлган самимийлиги билан педагогик жамоамиз орасида алоҳида ҳурмат ва эътибор эга. Айниқса, маҳалламиздаги бирорта тўй ва тадбирларимиз Соҳибжон Аминовсиз ўтмайди. Чунки ўзининг чиройли ва ёқимли овози барчамизнинг меҳримизни қозонган.
- Ёмон одам бўлиш осон, лекин яхши одам бўлиш қийин,- деб доимо панд-насиҳат берган менга отам, - дейди Соҳибжон Аминов. - Ўқитувчилик фаолиятимдан ташқари эл хизматида юраман. Албатта санъаткор бўлиш учун энг аввало худо берган истеъдод, яхши тарбия ва ўз ишимизга масъулият билан қараш талаб этилади. Шунингдек, устозларим Самарқанд давлат университетининг профессори Тошпўлат Нарзиев ва Жаводбек Козимовларнинг таълим ва тарбияси санъат оламига кириб келишимда муҳим аҳамият касб этди. Қолаверса, отам Ҳаким Аминов ҳамда онам Рисолат Дўстоваларнинг менга берган намунали тарбияси учун ҳам уларга минг ташаккурлар изҳор этаман.
Соҳибжон Аминов туманимиздаги санъаткорлар орасида ўзининг юксак истеъдоди ҳамда туманда ўтказиладиган тадбирлардаги фаоллиги ва албатта элимизнинг яхши кунларида ўзининг булбулдек овози билан элнинг дуосини олиб келмоқда. У ҳали ёш. Унинг орзу мақсадлари эса бир олам. 
Ўз касбини янада мукаммал даражада ўрганиш ва шогирдларига ўргатиш, янги қўшиқлар яратиш, илк концерт дастурини  намойиш этиш каби бир олам орзу ва мақсадлар оғушида ижод қилаётган Соҳибжон Аминовнинг ижодий ишларига омад ёр бўлишини тилаймиз.
    Суннатилло ИБРАГИМОВ.