ЎЗБЕКОНА ИБО, АНДИША ҚАЕРДА ҚОЛДИ?

Бугун телеканалларимизнинг савияси ҳақида турли мулоҳазалар билдириляпти. Уларнинг аксарияти аччиқ бўлса-да, ҳақиқатдир... Яқинда бир меҳмондорчиликда мезбон отахон телевизорни ёқиб, турли каналларни айлантира бошлади. Қайси каналга олса, ер депсингандай бўлар, каналларнинг бирида шоу томошасидаги бақир-чақирлар, кейингисида бир тўда аёлларнинг бачкана қилиқлари билан "чақ-чақлашиш"лари, яна бирида ёқимсиз бошловчилар оғзидан боди кириб, шоди чиқиши, мантиқсиз ҳаракатлар... Яна бирида худди шундай савияси ҳаминқадар сериал, бошқасида "реклама" деган балои азим... Отахоннинг ҳар канални кўрганда телевидениедагиларни баралла сўкишларини келтириб ўтишга иймандим. Хуллас, бирор телеканал маъқул бўлмагач, охири шартта ўчириб ташлади. Отахон даврамизга қўшилиб, бугунги телевидениенинг айрим кўрсатувлари, журналистлар этикаси ҳақида куйиниб гапира кетдики, ўйлаб кўрсанг, унинг ҳар бир гапи ўринли эди. Телеканалларнинг кўрсатувларини, уларнинг бошловчила- рини бирма-бир, номма-ном санаб ўтмоқчи эмасман. Қайси телеканал, қайси дас-тур ва қайси ижодкор қандай савияда экани барчамизга яхши маълум. Бу борада интернет тармоқларида, ОАВ нашрларида такрор ва такрор ёзилди. Лекин бирор ўзгариш бўлгани йўқ. Телевидение ахборот ва тарғибот маркази саналади. Инсоннинг қорни оч қолса, овқат ейди, бироқ маънавий оч қолса-чи? Ўсиб келаётган авлодни маънавий қашшоқликка етакловчи бундай телеканалларнинг кимга кераги бор? Эртага бутун бошли миллатни мажруҳга айлантириб бўлгач, унинг бадали қандай қопланади? Болалигимизда телевизорни, ундаги ҳар бир кўрсатувни кўриб - ҳайратланиб, ҳавас қилардик. Экранда кўринган журналистнинг ҳар бир айтган сўзи, нутқи, эгнидаги кийими, ўзини тутиши катта дид, маданият билан юксак савияда оҳанрабодек томошабинни жалб қиларди. Насиба Қамбарова, Муслимбек Йўлдошев, Насиба Мақсудова, Қобилбек Каримбеков, Қуддус Аъзамов, Абдумўмин Ўтбосаров сингари телебошловчи, журналист ижодкорларнинг экрандаги қиёфалари ҳали-ҳануз кўз олдимдан кетмайди. Бугун нодавлат телеканаллар дастури ва журналистлари борасида фикр айтишга уяласан киши. Телеканалларда эфирга узатилаётган кўрсатувларнинг аксарияти томошабиннинг ғашига тегади, холос. Яқин-яқингача телевизион дастурлар барча учун ўрнак, маънавий озуқа оладиган восита эди. Афсуски, ҳозирги айрим дастурлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Айрим бошловчилик қилувчиларда миллатимизга хос ўзбекона ибо, андиша, истиҳола, одоб-ахлоқ йўқ деса ҳам бўлади. Бу ҳолат миллатимиз учун иснод эмасми? Наҳотки шу даражада маънавий қашшоқлашиб улгурган бўлсак? Бу каби ҳолатларга гувоҳ бўлиб ўсаётган авлоднинг келажаги нима бўлади? Улар келгусида шу шов-шувчиларга эргашадиларми?.. 
Бекмурод БАРДОШ.
Мавзуга оид: