ИНТЕРНЕТ ВА ОДАМЛАР

Интернет тармоғига кириб, "Тезкор хабар"га кўзим тушди. Тезда ўқий бошладим ва мени анча йиллардан бери қийнаб келаётган дардимга даво топгандай қаттиқ қувониб кетдим. Негаки, мазкур хабарда қайд этилишича, грижа, яъни халқ тили билан айтилганда, чурра касаллигини даволаш учун ортиқча қийинчиликларсиз, уй шароитида даволаш мумкин эканлиги қайд этилган эди. Бунинг учун эса қайсидир номдор фирма томонидан тайёрланган ва айни пайтда сотувга чиқарилган ушбу маҳсулотга зудлик билан буюртма бериш керак экан. Акс ҳолда 21 ноябргача давом этаётган акцияга аъзо бўлолмайсиз, дейилади хабарда. 

Зудлик билан буюртма бериш учун "ушбу тугмани босинг" деган ёзувга қўлимни қўйдим. Дарҳол "33.000 сўмлик Акцияга муваффақиятли аъзо бўлдингиз", деган жавоб келди. Мен янада хурсанд бўлдим. Ахир, 2.000.000-2 млн.500 сўм турадиган қиммат дорини уйда ўтирган ҳолда акцияга аъзо бўлиб, 33.000 сўмга олсаму мен қувонмасдан ким қувонсин?! Қолаверса, мана мен деган шифокорлар ҳам грижанинг давосини тополмаётган бўлса, бор-йўғи битта мазь билан қирқ йиллик дарддан фориғ бўлишни ўзи катта ютуқ эмасми?  

Бир зумдан сўнг фирма ходимларидан бири менинг қўл телефонимга чиқиб, хушмуомалалик билан саломлашди ва мени нималар безовта қилаётганлиги ҳақида савол-жавоб ўтказди: "Ҳурматли мижоз сизга уч ойлик даволаниш курси учун фирмамиз томонидан ушбу маҳсулот тегишли манзилингизга етказиб берилади. Етказиб бериш хизмати мутлақо бепул. Қуйидаги рақамга ҳозирнинг ўзида 2.999 минг сўм тўловни киритишингиз сўралади. Акс ҳолда... ".

Ёзувнинг қолган қисмини ўқий олмадим. Телефонимнинг қуввати тугаб қолган эди... 

Мавзуга оид: