ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОР - КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев: "Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу - илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ", дея таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, бугунги замонавий ҳаётимизни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жаҳоннинг етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, қаерда илм-фан қадрланса, билимга, илмий тафаккурга йўл очиб берилса, мамлакат юксак тараққиётга эришади, халқ яхши ҳаёт кечиради, юрт обод бўлади.
Маълумки, илм-фанни ривожлантириш борасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизимига асосланган. Айни пайтда ўтган 6-7 йил ичида мамлакатимизда таълим, илм-фан соҳаларини ривожлантириш учун бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар - қонунлар, қарорлар, фармонлар, дастурлар қабул қилинди. Асосий қонунимиз - янгиланган Конуституцияда таълим тизимини, илм-фан соҳасини янада ривожлантириш учун, ўқитувчилар мақомини, нуфузини ошириш учун алоҳида моддалар    киритилган.
Ушбу ўқув йилидан бошлаб умумий таълим тизимида бир қатор янгиликлар жорий қилинади. Жумладан, бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш, бошланғич синфларда компьютер саводхонлиги дарслари ўтилиши, юқори синф ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш ҳамда мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида ислоҳ қилиш кўзда тутилган.
Мустақил юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Мустақиллик бу - тенгликдир, одамлар ўртасида тенглик, халқлар ўртасида тенглик, давлатлар ўртасида тенглик.  Зеро, тенглик бор жойда одамларнинг муносабатида бир-биридан устунлик бўлмайди, давлатларнинг бир-бирига муносабатида устунлик бўлмайди. Бугун Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида муносиб нуфуз қозона олган мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида кўзга кўринадиган натижаларга эришгани ҳолда, изчил тараққиёт йўлидан ишонч билан бормоқда. 
Ҳар бир нарсанинг аҳамияти қиёслаш ва солиштириш билан кўзга яққол ташланади. Истиқлолгача қай ҳолатда эдигу, ҳозир нималарга эришдик, собиқ иттифоқ даврида яшаганда ким эдигу, ҳозир қай мақомда турибмиз, мана шуларни бир-бирига таққослаш орқали истиқлолимизнинг чин, асл моҳиятини англаб етамиз. Ўзбекистон ҳукуматининг аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, ўзгалар ёрдамига муҳтож ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимининг ҳаммабоплигини таъминлаш борасида амалга ошираётган чора-тадбирлари ҳам эътиборга моликдир. 
Бугун барчамиз юртимиз ҳаётида оламшумул воқеа саналган Мустақилликнинг 32 йиллиги  байрами арафасида турибмиз.  Ҳаммангизга ушбу қутлуғ байрам муборак бўлсин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин, юртимиз тинч ва фаровон, халқимиз хотиржам ва бахтиёр бўлсин! 
 Мўътабар НУРИДДИНОВА,
46-умумий ўрта таълим мактаби директори.
Мавзуга оид: