АЁЛ МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ, ҲАЁТ ДАВОМЧИСИ

Аёл – халқимизнинг тожи, борлиғимизнинг ойнаси, миллатимизнинг тарбиячисидир. Чунки биз аёллар келажагимиз ниҳоллари ўниб-ўсишига, тарбия топишига сабабчи бўламиз. Дарҳақиқат, динимизда ҳар инсоннинг хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин жамиятимизда ўзига яраша ўрни ва албатта ҳурмати бор. Муқаддас қуръони каримда 176-оятли бир суранинг номи “Нисо” яъни “Аёллар”, деб номланиши юзлаб оятларда аёлларга оид ҳукмларнинг баён этилиши, ҳадиси шарифларда аёлларга хос кўрсатмалар берилгани Ислом динида аёл кишининг нақадар юқори эътиборга олинганидан далолатдир. Аёллар исломда она, опа-сингил, жуфти-ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланади. Пайғамбаримиз с.а.в. аёлларни камситишга чек қўйиш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини англатиш учун умматларга етарлича кўрсатмалар берганлар: “Албатта аёллар эркакларнинг туғишганлари.(Имом Абу Довуд ривояти). Пайғамбаримиз с.а.в. видолашув ҳажларида, машҳур хутбасида аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. У зот алайҳиссалом бирорта аёлларига қўл кўтармадилар, уларга яхшилик қилишда умматга ибрат бўлдилар ва шу ишга тарғиб қилдилар.   “Сизларнинг яхшиларингиз - оиласига яхши бўлганидир. Мен - аҳли аёлига энг яхшингизман”, деб айтганлар. (Имом Термизий ривояти). Аёллар исломда она сифатида юксак эътиборга лойиқ топилгандир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломниннг жуфти ҳалоллари қуръони каримда қиёматгача келадиган мўминларнинг онаси деб эьлон қилинди. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигида дейилди. Ҳатто ҳадиси шарифларда яхшилик килишни онадан бошлаш тавсия этилган.

  Ислом дини аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўз ўрнига қўйиб, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиб жамиятимизда, динимизда етарли хизматларини адо этиши учун барча шароитларни яратиб берган. Ислом таълимотида ҳар бир аёл илмли маърифатли ва касб-корли бўлишга ҳақлидир. Аёл оилада тежамкор, меҳрибон умр йўлдош, оқила она бўлмоғи лозимдир. Албатта фарзандини тарбиясини гўзал қилиб тарбиялаган аёлни динимиз мақтаган. Шу ўринда момоларимиз кимлигини бир ёдга олсак: Абу Али ибн Синонинг онаси Ситоробону, Мирза Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг онаси Валий Орифахон - улар ўткир илм соҳибаси бўлганлар. 

    Аёл бир қўлида бешик бир қўлида дунёни тебратади, деб бежиз айтилмаган. Тарихда яшаб ўтган Хадижа Амудий бир улуғ китобни қоғозга кўчирганда, бу китоб 10-мужалладдан иборат бўлган, китобга шу сўзларни ёзган экан: “Агар бир сўз тушиб қолганини топсангиз мени маъзур тутинглар, чунки уни болам эмизикли пайтида ёзганман”, деб айтган. Яна бир аёл Марям Абдулқодир машҳур «Сиҳоҳул Жавҳарий китобини қоғозга кўчирган. У олти мужалладдан иборат. Унда: “Ким мен ёзган нусхадан хато топса маъзур тутишини сўрайман, чунки ўнг қўлимда ёзиб, чап қўлимда бешик тебратганман”, деб ёзилган. Албатта келажаги буюк, эртаси фаровон бўлишини истаган халқ, миллат давомчиларининг қайси соҳа вакили бўлмасин, кўнгли тинч ҳаёти фаровон бўлиши учун ҳаракат қилади ва муносиб турмуш кечириши учун шароит яратади. 

  Луқмони Ҳаким уғлига бундай деган: Солиҳа аёл худди подшоҳнинг бошидаги тож кабидир. Ёмон аёл худди қари чолнинг орқасига юкланган оғир юк кабидир. Аллоҳ таоло барча аёлларимизни солиҳа бўлишларини насиб этсин!

       Ш.ҲАКИМОВА, туман бош отинойиси.  

Мавзуга оид: