НАҲОР ОШИ ТЎЙИГА РАҚҚОСА КЕРАКМИ?

- Эрталаб соат еттиларда тўйхонага наҳор ошига бордик, - дейди танишларимиздан бири. - Тумонат одам йиғилган. Ҳофизлар бирданига рақсга чорловчи қўшиқни бошлаб юборишди. Наридан бери кийинган икки раққоса даврага тушиб, эндигина ош ейишни бошлаган меҳмонлар атрофида гирдикапалак бўлиб айлана бошлашди. Ёши кексалар тепасидаги раққосанинг безбетлигидан хижолат чекиб, очиқроғи атрофдагиларнинг диққатини жалб қилмаслик учун чўнтагидан пул чиқаришга мажбур бўлишди. Бундай манзара даврада меҳмон қолмагунча давом этди. Очиғини айтганда, юқоридаги сингари манзараларни истаймизми йўқми кўришга тўғри келмоқда. Эрталабки наҳор ошига меҳмонлар бор йўғи кўпи билан ярим соатгача ўтиришлари мумкин. Тўйда хизмат қилаётган санъаткорлар эса мумкин қадар шу вақтдан унумли фойдаланиб қолиш мақсадида бир эмас, икки нафар раққосани даврага тушириб, бор пул йиғиб ол, дегандек, ўзлари рақсбоп қўшиқларни куйлашади. Мана шу ҳолатларнинг ўзи ҳам даврада ўтирганларнинг асабига салбий таъсир этмоқда. Хўш, наҳор оши тўйига раққоса керакми? Биз ана шу савол билан туман маданият бўлимининг собиқ мудири Ойназар Олимовга мурожаат қилдик:

- Кўп йиллардан буён ўзим ҳам халқимизга касбим орқали хизмат қилиб келаяпман, - дейди у. - Кейинги пайтларда тумандошларимиз наҳор тўйлари қила бошлашди. Ҳар бир тўй санъаткорсиз ўтмайди, албатта. Санъаткор маънавиятли ва фаросатли бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Айрим тўйларда раққосаларнинг хурмача қилиқлари ғашимизга тегади. Бундай пайтда албатта тўйда хизмат қилаётган санъаткорларнинг етакчиси уларга танбеҳ бериши зарур. Наҳор оши тўйларига раққоса олиб келиш шарт эмас. Буни жамоамизда фаолият кўрсатаётган санъаткорларга ҳам айтаяпмиз. Тушунтиришларимиз самара беришига ишонаман.

Бу маввзуда гапирсак гап кўп. Хулоса қилиб айтганда, наҳор тўйларига раққоса шарт эмаслигини санъаткорларимиз ҳам англаб етишлари ва бунга амал қилишлари керак.


ЖЎШҚИН.

Мавзуга оид: