12 ноябрь - Тиббиёт ходимлари куни ҳамиша халқимиз ардоғида бўлинг, азиз шифокорлар!

Дунёдаги энг бебаҳо бойлик, беқиёс неъмат - инсон саломатлигини асраб-авайлаш, беморда ишонч ва умид уйғотиш. Уни соғлом ҳаётга қайтариш учун шифокор нафақат чуқур билим ва тажрибага эга бўлиши, шу билан бирга юксак ақл-заковат ва олижаноб қалб эгаси бўлиши керак. Халқимиз саломатлигини асраш йўлида ўзларининг масъулиятли вазифасини сидқидилдан адо этаётган шифокорлар ҳақида гап кетганда, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлган "Физиотерапия бўлими"нинг фидойи жамоасини алоҳида тилга олиб ўтсак арзийди.
Бўлимда айни пайтда 1 нафар врач ва 9 нафар ишчи-ходимлар фаолият кўрсатаётган бўлсада, бир кунда 40-50 нафаргача беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилади: 
- Жорий йилда "Физиотерапия бўлими" янги бинога кўчиб ўтди,- дейди олий тоифали шифокор Шуҳрат Мавлонов.- Бугунги кунда бўлимда туманимиз аҳолисига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, 30 ўринга мўлжалланган шифохонамизда 30 дан ортиқ замонавий аппаратлар ёрдамида муолажа қилинади.
Бўлимга ташриф этган ҳар бир беморга беминнат тиббий хизмат кўрсатиш борасида ўзларига топширилган вазифаларини сидқидилдан адо этишга бел боғлаган олий тоифали ҳамширалардан Баҳора Давронова, Маҳбуба Абдуҳамидова, Дилфуза Худойбердиева, Моҳичеҳра Турамбоева, Марҳабо Тўраева, биринчи тоифали ҳамширалардан Гулноза Садриддинова, Гулшида Турсунова, тозалик бекаси Гулҳаё Раимоваларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз. Улар намунали тиббий хизмат кўрсатиш билан бир қаторда  ширинсўзлиги, хушмуомалалиги билан ҳам беморларнинг тезда дарддан фориғ бўлишларида ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. 
Бўлим бошлиғи Шуҳрат Мавлонов билан суҳбатлашар эканмиз, қарийб қирқ йилдан буён шифокорлик касбини эъзозлаб келаётган бу шарафли касб соҳиби ҳақида жамоа аъзолари ҳамда бўлимга даво излаб келган беморлар ўзларининг самимий миннатдорчиликларини билдирдилар. Дарҳақиқат, ўзининг шифокорлик касбини 1984 йилда бошлаган Ш.Мавлонов 1993 йилдан ҳозирга қадар "Физиотерапия бўлими"да фаолият кўрсатди. 2004-2010 йиллар давомида "Кўп тармоқли поликлиника бўлими" мудири лавозимида ишлаган вақтида ҳам мазкур бўлимдаги иш фаолиятини биргаликда олиб борди. Шу боисдан ҳам  ўз касбига бўлган  масъулияти ҳамда  халқимизга беминнат хизмат кўрсатишни ўзининг шарафли вазифаси деб ҳисоблаган бундай фидойи шифокорлар халқимизнинг ҳурмат ва эътиборига муносибдирлар.  
Дарҳақиқат, инсон саломатлигини асрашдек машаққатли ва самарали меҳнатлари билан шифокорлик касбини шарафлар пардасига буркаб келаётган бу аҳил жамоа ҳузуридан қайтар эканмиз, ушбу олижаноб ишга ўз ҳаётини бахшида этган сиз азизларни ва барча тиббиёт ходимларини биз ҳам касбий байрамларингиз билан чин дилдан табриклаймиз.
Ҳамиша халқимиз ардоғида бўлинг, азиз, тиббиёт ходимлари! Яна бир бор касб байрамингиз муборак бўлсин.
Гулзода АБДУЛЛАЕВА.