ШУКРОНАЛИК НЕЪМАТЛАРНИНГ УЛУҒИДИР

"Шукр" сўзи аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Барча неъматлар Аллоҳ таоло томонидан берилиши ва уни саноғини бандалар ҳисоблай олмаслигини марҳамат қилган. "…Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмайсизлар…" (иброҳим -34 оят). 
Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳнинг биз бандаларига берган неъматларини ҳисобига етиш мушкул ва оғир иш. Бу неъматлар ичида биз ҳис қилган ва қилмаган, билган ва билмаган беҳисоб неъматлар бор. Қуръонни яхши билган бизни ота-боболаримиз ҳар бир ўринда, мисол тариқасида дуо қилганларида ҳам "Аллоҳим берган барча неъматларингга беҳисоб, беадад шукроналар бўлсин", деб дуо қилганлар. Шукрона келтирганларида неъматларни ҳисобини, ададини билмаганлиги учун "беҳисоб", "беадад" деб Аллоҳ таолога ҳамду санолар йўллаганлар. Шукроналикда яшаганлар ва шу неъматларга розилиги бадалига неъматларни янада зиёда бўлишини Аллоҳ ваъда берганлигини билганлар. 
Бир ривоятда олдинги замонларнинг бирида Аллоҳ таоло бир пайғамбарга ваҳий юбориб дебди: "Фалончи икки умматингга бориб айт (улар иккаласа эр-хотин экан) бундан кейин улар 60 йил яшайдилар. Шу қолган ярми умрини фароғатда, ярмини машаққатда ўтказишади. Улар танласинлар; аввал машаққатни танлашадими ёки фароғатними?". Шунда пайғамбар алайҳис- салом бориб ўша эру-хотинга илоҳий ҳукмни айтиб берибди ва танлашлик ихтиёрларини ҳам тушунтирибди. Эри хотинига маслаҳат солибди: "Хотин, аввал машаққатни танлайлик, чунки ҳозир бизлар ёш ҳар қандай машаққатни кўтара оламиз, эрта қариганимизда мазза қилиб кейин фароғатда яшаймиз" дебди. Хотини: "Йўқ, аввал енгилликда яшайлик, чунки хайрли ишлар қилиб қоламиз, кейин қолган умримизда қариндошлар, қўни-қўшнилар ёрдам бериб қолар" дебди. Хуллас эр хотинининг гапига рози бўлибди. Улар аввал осон ҳаётни танлашибди. Шундай қилиб уларга Аллоҳ таоло аввал енгил ҳаётни насиб қилибди. Ҳар куни хотини эрига: "Дадаси туринг, энди қолган умримизнинг 30 йили фароғат эканлигини биламиз, шунинг шукронасини адо этайлик, кейин машаққатда адо этолмаймиз", деб улар иккаласи ҳар куни Аллоҳ таоло берган неъматларнинг шукронасини адо қилиб келибдилар. Ўттизинчи йилнинг охирги куни яқинлашганида эр хотинига: "Хотин, энди бундан буёғи фақат машаққат бўлади, бунга тайёр бўлайлик ва қолган умримиз бир-биримизга суянчиқ бўлайлик", деб насиҳат қилди. Эртаси куни, яъни машаққатли умрнинг аввалги куни ҳам аввалгидай ўтди. Шундай қилиб, ойлар ўтибди, йиллар ўтибди-ки худди олдинги умрдек фароғатда ҳаёт кечираверибди. Шунда эр-хотин бориб пайғамбардан сўрашибди: "Ахир бизлар қолган ярми умримизни Аллоҳ таоло машаққатли қилган бўлиши керак эди-ку, нима учун қолган умримиз ҳам аввалгидек ўтаяпти ёки бизлар санада адашдикми?", дебди. Пайғамбар алайҳис салом икки ракаат намоз ўқиб Парвардигордан илтижо қилиб сўрабди, шунда Аллоҳ таоло пайғамбарига ваҳий юбориб: "Улар фароғатдаги умрида менга ҳар куни шукр қилишди, шунинг учун Мен уларнинг қолган умрини ҳам фароғатли қилиб қўйдим. Кимки Менга шукр қилса неъматимни зиёда қиламан", деб марҳамат қилибди. 
Инсон ўзига берилган неъматларга шукрона келтиришининг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг бир неъмати экан. Айримлар орамизда борки, доимо куфрона неъматдан ўзга нарсани билмайдилар, яъни ношукрлик ва нонкўрлик қиладилар. Кейинги йилларда юртимизда барча соҳаларда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнларни халқимиз кўриб, билиб қалбан ҳис қилиб турибди. Биргина диний соҳада қанча ўзгаришлар бўлди.
Шукр неъматнинг борига хурсанд бўлиш, қолаверса, неъматнинг зиёда бўлишига сабабчи омилдир. Ҳар қандай неъмат шукр билан зиёда, шикоят билан нуқсонли бўлади.
Аллоҳ бизга берганига шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Банда икки қоидани билиб олиши керак, яъни бир инсонга икки қанот керак, биласизми у нима? Бири шукр, иккинчиси сабрдир. Масалан: машаққат устида сабр қилиб, борига шукр қилсак, Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ила енгилликни ато қилади. Енгилликда ҳам шукр қилсак, Аллоҳ янада зиёда қилади. Бизнинг ҳамёнимиз сабр ва шукр бўлсин.
 Хадича ҚОБИЛОВА,
Янгиобод МФЙ отинойиси.