Психология СЕВГИ ЛОТЕРЕЯСИ "Нега шундай замонда ўзимизни ёлғиз ҳис қиламиз?"

Кўпчилик одамлар ўз севгисини топмаганлигидан, баъзилар оила қура олмаётганлигидан, аксарият кўпчилик, ёлғизликдан нолийдилар. Ҳар қадамда эса танишув соатлари, оила қуриш агентликлари, аноним танишув гуруҳлари ва ҳ.з.лар бор. Нега кунига минглаб одамларни кўчада учратасану, ўзингга мос келувчи жуфтлик учрата олмайсан? Ушбу ва шунга ўхшаш саволларга "Флиртаника" танишув клуби таъсисчиси, шахслараро коммуникациялар эксперти Валерий БО фикрларини баён этди.
 БАХТ ДЕГАН ҲИССИЁТ 
КАМАЙМОҚДА!
- Яқиндагина британиялик математик-олимнинг ҳисоб-китобларига кўра, унинг мамлакатида яшовчи 30 миллион аёлнинг атиги 26 таси унга мос келар экан. Демак, унинг ўзига жуфтлик топиш эҳтимоли 1 га 285 миллионга тўғри келар экан. Хулоса: одамлар ўзининг ёлғизлигига айбдор эмас экан. Сиз нима дейсиз?
- Агар ҳамма нарса шунчалик мураккаб бўлса, инсоният ўлиб битган бўлар эди. Дарвоқе, бир вақтлар ўша Буюк Британияда масалага илмий ёндошиб, янги "никоҳ агентлиги" очишга уриниб кўришган эдилар. Кўп инсонларнинг маълумотларини тўпладилар, махсус дастурлар воситасида таҳлил қилдилар. Кейинчалик учрашувлар ташкил қилиб, шундай хулосага келдиларки, бу дастур ва таҳлиллар ёрдамида бирорта "оила" деб аталувчи жуфтлик яратиб бўлмас экан! Ҳақиқий ҳаёт компьютер моделига нисбатан анча мураккаб экан. Ёлғизлик масаласига келсак, мен бу концепцияга қўшилмайман. Ажримлар статистикаси ғарб мамлкатларида ҳақиқатдан ҳам юқори. Қарийб эллик фоиз жуфтлик, оилалар ажрашмоқда (никоҳ бекор қилинмоқда).
Аммо бу кўрсаткичнинг ёлғизлик муаммосига алоқаси йўқ, деб ўйлайман. Одамларнинг оила қурмай ёлғиз яшаши ҳозирги кунда одатий ҳолга айланиб бормоқда. Замонавий дунёда ҳеч нарса оила институтини қўлламаяпти. Илгари одамлар, қанчалик қариндош-уруғлар, яқинлар кўп бўлса, кишилар ўзини шунча хавфсиз, бақувват ҳис қилади, деб тушунар эдилар. Оила аъзолар қанчалик кўп бўлса, одам ўзини иқтисодий жиҳатдан шунчалик яхши таъминланган, тинч ҳисоблар эдилар. Ундан ташқари маданият ва дин оила мустаҳкамлиги учун муҳим рол ўйнар эди.
Ҳозирги жамиятда эса сал қимирлаган одам, ёлғиз ўзи яшаши учун барча имкониятларни яратиши мумкин. Яшаш ҳам 300 йил илгаригига нисбатан хавфсизроқ. Ажрашиш учун подшоҳ ёки Рим Папасининг розилигини олиш керак эмас. Бундан келиб чиқадики, оила қуриш учун асоснинг ўзи йўқ. Оила қуриш ёки қурмаслик кишининг шахсий танловига айланиб қолди. Тўғри, ёлғизликдан қийналиб, шикоят қилаётганлар ҳам кам эмас.
- Аммо муаммо ҳеч жойга йўқ бўлган эмас. Қанчадан қанча гўзал ва навқирон ёллар ўзларига муносиб жуфт топа олмай, турмуш қура олмаяптилар?
- Гўзаллик ва чирой оила қуриш учун асосий кучли фактор эмас. Ҳар қандай одам тушунадики, ташқи кўриниш муносабатлардаги энг ишончсиз белгидир. Ҳозир қиз бола гўзал ва чиройли хилқат, 10 йилдан кейин у қандай ҳолда бўлади. 10 йилга уйланишдан мантиқ борми? Аёл киши бир нарсани тўла англаб етмоғи лозим: агар у фақат ташқи кўриниши билан бахтли бўламан деса, янглишади. Маълум муддатдан кейин у жуфтсиз қолиб, эрсизлар қаторига қўшилади. Ўша аёллар эркакка яна нима бера оладилар? Йўқ ҳеч нарса. Аммо улар эркакдан фақат нимадир олишни хоҳлайдилар. Ўрнигачи? Яна айтаман, ҳеч нарса. Шунинг учун кўпчиликлари ёлғиз, оиланинг гипотетик (фаразий маъносида) имкониятларидан кўра уларга мустақил яшаш тарзи маъқулроқдир. Мана масаланинг илдизи қаерда?
Айтганча, оила қуриш, аёлга нисбатан эркак учун муҳимроқдир. Жинслар ўртасидаги муносабатларда кучли ўзгаришлар содир бўлмоқда, буларнинг натижасига эса ўнлаб йиллардан кейин гувоҳи бўламиз.
Жамиятимизда кучлар баланси аёллар томон оғмоқда. Америка Қўшма Штатларида охирги йилларда давлат котиби лавозимида учта аёл фаолият кўрсатди. Штатлардаги 70 фоиз савдо уларнинг таъсири остида бўлмоқда. Ундан ташқари тарихда илк бор  Америкада ишловчи аёллар сони эркакларникидан кўп бўлди. Аёллар кўп ишлаб топмоқдалар. Эркакчасига фикрлайдилар, эркакчасига ҳазиллашадилар ва ниҳоят эркаклар минадиган машиналар сотиб оляптилар. Яна ўзларига аёлдай муносабатда бўлишларини хоҳлайдилар. Аммо, ўзлари аллақачон ўзгариб бўлганлар. Улар хаёл қилган ва ҳақиқатдаги кутилмалар ўртасидаги дарз каттариб бормоқда. Ҳатто камаяётган аёл бахти деган термин пайдо бўлди.
Тадқиқотчиларнинг изланишлари шундай хулосага олиб келди: Охирги 30 йилда аёлларда бахтиёрлик ҳиссиёти камаймоқда. Америкалик эркакларда эса ўзгармай турибди, Европа эркакларида эса бахтиёрлик ҳиссиёти ошмоқда.
- Унда биз аёллар нима қилишимиз керак?
- Аёл бўлиш учун қарор қабул қилиш керак.
Агар ёлғизлик муаммоси бўлмаса, нега танишув клублари ва сайтлари машҳурлашиб бормоқда?
- Бу турдаги сайтлар ва клубларнинг вазифаси танишлар сонини кенгайтиришдан иборат холос. Қолгани эса худди оддий ҳаётдагидай. Агар сенда ҳаётда керакли одамни излаш ва топиш иштаҳаси бўлмаса, ҳеч қандай сайт ёки клуб ёрдам бера олмайди. Лекин, қизиқ ва қизиқарли ҳодисалар ҳам бор, албатта: бизга бир маротабагина ташриф буюриб, ажойиб бахтли оила қурган инсонлар ҳам бор. Аммо, ўзига доимий, ҳаётий партнёр (жуфтлик) топиш учун бизнинг клубимизга номзод кўп марта келиши лозим бўлади.
Олимларнинг фикрича, 3 минутда одам ҳақида жуда кўп маълумот олиш мумкин экан. Ярим минутлик суҳбат асносида, суҳбатдош ҳақидаги дастлабки таассуротлар пайдо бўлади. Бир неча дақиқалик диалог орқали киши ҳақида кўп маълумотларга эга бўлиш мумкин экан. Шунинг учун анкетавий савол-жавобни маънисизлик, деб ҳисоблайман. Олинган жавоблар кишининг ички дунёсини очмайди, ҳеч қандай маънили маълумот бермайди. Савол-жавоб индивидуал, ўзига хос ва мос бўлиши керак. Масала шундаки, ҳар қандай жуфт бўлмоқчи бўлган шахс шуни чуқур ҳис қилмоғи керакки, бўлажак жуфтидан нималар кутяпти ва ўзи унга нима бера олади. Муаммо шундаки, учрашганлар бир нечта қарашнинг уйғунлигига шошиб қолишиб, тенгимни топдим, деб янглишадилар. Бу сиртқи ёндашув ҳисобланади. Бундай вазиятда одамлар ютуққа умид қилиб, лотерея ўйнаётгандай бўладилар. Демак, хато қилиб, адашиш ҳам осон. Менинг амалий маслаҳатим шулки, ким жуфтлик изласа, инсоний қадриятларни тушунмоғи ва қадрламоғи лозим. Шунда сен кераксиз одамлар учун вақт сарфламайсан.
Полина МОЛОТКОВА,
       "Аргументы и факты" газетаси (2010 йил, 37-сони).
        Русчадан Собир Амиров таржимаси.
Мавзуга оид: