Оила - муқаддас қўрғон "ОТАМ МЕНИ МАЖБУРЛАБ УЙЛАНТИРГАН"...

Яқинда Тошкентга боришимга тўғри келди. Таксида ёши ўттизларга борган йигит билан танишиб қолдим. Анча жиддий, камгап бўлган бу йигит ниманидир ўйлаб борар, қовоғи сира очилмасди. 

- Тинчликми, кайфиятингиз йўқ, бирор муаммо борми?, - сўрадим.

- Тинчлик, - деди у кайфиятсиз ҳолда истар-истамас жавоб бераркан. Очиғини айтсам, отам мени мажбурлаб уйлантирган. Сабаби бирга ўқиган синфдоши бой-бадавлат бўлганлиги учун унинг қизига уйланишимга мажбур қилди. Аммо мен бош-қа қизни севардим. Қизнинг айби унинг ота-онаси камбағал эди. 

- Дилингиздагини отангизга айтмадингизми? Сизни тушунган бўлармиди?

- Бир неча бор айтдим. Бироқ, фойдаси бўлмади. Ё бизни дейсан, ё ўша қизни деб туриб олди. Ҳатто менинг розилигимсиз фотиҳа тўйини ўтказишди. Кўп ўтмай никоҳ тўйи бўлди. Ўзимни мажбурлаб уч йилдан бери яшаб юрибман. Битта ўғлимиз бор. Аммо номигагина яшаб юрганлигимни отам ҳам яхши билади. Ҳозир хотиним қишлоқда ота-онам билан бирга яшайди. Мен Тошкентда ишлайман. Топар-тутарим яхши. Катта бир ташкилотнинг бош ҳисобчисиман. Хуллас, ҳамма нарсам етарли. Пойтахтда яшаш уйим бор. 

- Хотинингизни олиб келиб яшасангиз бўлмайдими?

- Юқорида айтдимку, мен уни умуман севмайман. Шундай бўлгач, қандай қилиб бирга яшашим мумкин. Бу ҳақда отамга ҳам онамга ҳам кўп бор айтганман. Онам мени тушунсада, отам афсуски тушунишни истамайди. Севган қизим ҳам мен уйлангандан сўнг турмушга чиқиб кетди. Аммо фарзанд кўрмагандан сўнг ажралишга мажбур бўлди. Ҳамон уни севаман. Агар рози бўлса унга уйланмоқчиман.

Мен йўл-йўлакай оила муқаддас эканлигини, ўртадаги фарзанд етим қолмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Бироқ у менинг сўзларимни тинглашни истамас, ўз хаёллари билан банд эди...

Афсуски, орамизда фарзандларининг қалбига қулоқ солмайдиган бой-бадавлат келин-куёв излайдиган ота-оналаримиз ҳам йўқ эмас. Натижада мажбурлаб уйлантирилган йигит ёки турмушга узатилган қиз никоҳ ўқилгандан сўнг ҳам бир-бирини тушунмасдан ажралиб кетишаяпти. Маълумотларга қараганда, ёш оила ўртасидаги ажралишлар борган сари ошиб бормоқда. Бу эса бизнинг миллатимизга хос бўлмаган кўринишлардан бири эканлигини наҳотки ота-оналаримиз англаб етишмаяпти. Эр ва хотиннинг ажралиши натижасида қанчадан-қанча болалар етим бўлиб қолмоқда. Тўғри, ажралгандан сўнг эркаклар алимент тўлаб бошқа аёлга уйланиб кетишлари мумкин. Бироқ унинг фарзанди-чи. Бошқа отага кўникармикин? Кўниккан тақдирда ҳам ўгай ота уни ўз фарзанди сингари қабул қилармикин? Масаланинг мана шу томонига кўпроқ аҳамият берилиши лозим. Шундай экан, ҳурматли ота-оналаримиз фарзандларини уйлантиришаётганда ёки қизларини чиқаришаётганда уларнинг қалбига ҳам қулоқ солишларини истардик. Ана шунда юртимизда оилалар ўртасида ажримлар бўлмасмиди...

Шундай эмасми, азизлар?


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.

Мавзуга оид: