Турмуш чорраҳаларида УСТОЗ ЎГИТИ

Автобусда кетяпман. Ўриндиқлар тўла, тик турганлар анчагина. Лекин, ўтирган ҳам, турган ҳам тинимсиз бир-бирлари билан мулоқотда. Ёнимда турган 40 ёшлар чамасидаги аёл шериги билан гаплашиб кетяпти. Дастлаб унинг сўзларига эътибор бермадим, лекин, аёлнинг ҳаяжон-ла сўзлаши диққатимни тортди.

-Кичигим 6-синфда ўқийди. Устози ниҳоятда билимли ва тажрибали. Қизим ҳам уни жуда яхши кўради. Кеча қизим устозининг бир тадбири ҳақида айтиб қолди...

Хуллас, аёлнинг сўзларидан англадимки, қизининг синф раҳбари дарсдан сўнг ўқувчилари билан суҳбат ўтказибди. Суҳбат Ватан, унга садоқат билан хизмат қилиш, юртни кўз қорачиғидай асраш мавзусида бўлибди. Аввал устознинг ўзи бу ҳақда гапирибди, ҳаётий мисоллар келтириб, ўқувчиларини суҳбатга жалб этибди.  Ўқувчилар ҳам мавзу бўйича шеърлар айтишибди, алломаларнинг Ватан ҳақидаги   ибратли сўзларини эслашибди.  Суҳбат роса қизиган пайтда устоз уларга шундай савол берибди. "Ватан поспонларини ким тарбиялаб, вояга етказган?". Болалар аввалига ўйланиб қолишибди, кейин бирлари олиб, бирлари қўйиб жавоб беришга тушишибди. Кимдир "она", кимдир "ота" дебди, яна кимдир "устоз" дея хитоб қилибди. Ўқитувчи шовқин тингач, кулимсираганча болаларга юзланибди.

Барчангизнинг жавобларингиз тўғри. Мен буларга битта қўшимча қилмоқчиман. Сизу бизни она замин, муқаддас тупроқ вояга етказмоқда. Шу тупроқдан баҳра олиб, майсаю гиёҳлар ўсяпти, гулу дарахтлар барқ уряпти, ҳайвонот ва набобат олами яшаяпти. Биз ана шу неъматлар ичра ўсиб-улғайяпмиз. Демак, она заминни асраб-авайламоқ, уни ҳимоя қилмоқ, Ватанни севмоқ, асрамоқ демакдир. Тупроғимиз мисли зар, у бизга мудом ҳаёт бахш этиб боради.   Сиз юртга муҳаббатни она заминдан бошланг уни тепкиламанг, қариялар айтганидек, "ер тепинма, қаҳри келади".

Оддий бир қишлоқ ўқитувчисининг  - бу сўзларида ҳикмат бор, ибрат бор. Бу ўгит уни тинглаган 28 нафар ёш авлод қалбига   мангу муҳрланди. Имон, эътиқод, ватанпарварлик шу эмасми аслида?!


Мавзуга оид: