Болаларни мусиқа санъатига ўргатиш долзарб масала

Болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўқувчи ёшларни мусиқий эстетик тарбиялаш уларнинг муайян чолғу ижрочилиги, қўшиқ куйлаш ёки мусиқий-назарий билим асосларини эгаллашлари мақсадига йўналтирилган бўлади. Мусиқа санъатига қизиқиш ва эҳтиёж қанчалик эрта бошланса, унинг самараси ҳам шунчалик эрта намоён бўлади ва болаларнинг келажакдаги ҳаётига ижобий таъсир қилади.
Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларнинг мусиқий онги ва тафаккури шаклланиш даври ҳисобланади. Мусиқа ўқитувчиси машғулотлар жараёнида болаларнинг онги, психологик, физиологик хусусиятлари, қизиқиши, мусиқий иқтидорига мос, уларга тушунарли мазмунда асарлар танлаши ёки назарий маълумотларни қизиқарли, ўйинбоп, кўргазмали-техник воситалардан, дидактик ўйинлардан фойдаланган ҳолда ташкил этиши лозим.
Ўқитувчи ўз мутахассислигидан қатъий назар ўқув машғулотлари жараёнида умумпедагогик, психологик, мусиқа ўқитиш методикаси ва педагогик технологиялардан ўз ўрнида ва мақсадли фойдаланиш маҳоратига эга бўлиши шарт. Мусиқа ўқитувчиси маълум синфларда машғулот олиб бориши керак бўлган ҳолда замонавий ахборот технологиялари, қизиқарли дидактик ўйинлар, тренингларни таълим жараёнига моҳирлик билан тадбиқ эта олишга, таълимнинг янги усул ва йўлларини излаш, уларни қўллашга ижодий ёндаша билиши таълимни самарали кечишини таъминлайди. 
Инновацион таълим технологиялари таълим жараёни унумдорлигини оширади, ўқувчининг мустақил ишлаш, фикрлаш қобилиятини шаклланишига ижобий таъсир этади. Мусиқа машғулотларида самарали деб топилган дидактик ўйинлар ва педагогик тренингларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
Ўқувчиларда мусиқага нисбатан мотив ҳосил қилишда дидактик ўйинлар ва тренингларнинг ўрни алоҳида аҳамиятлидир.
"Топағон" дидактик ўйини. Ўйин мавзуси, асар номи, ўлчови, тоналлиги, характерини айтиш.
Ўйин мақсади: ўқувчининг асарни ўрганиши давомида унинг мазмуни, моҳияти ҳақида мантиқий билиш қобилияти ривожланади; мусиқани идрок этиш. (Тушунган ҳолда ижро этиш малакаси шаклланади).  Бу ўйинда ўқувчининг назарий маълумотларни ўзлаштириш, асар ижросига масъулият билан ёндашиш каби сифатлар ривожланади. 
Таълимнинг гуруҳли шаклда ўтадиган "мусиқа назарияси", "хор бўлиб қўшиқ куйлаш","солфеджио" каби интерфаол таълим методларидан "Баҳс-мунозара", "Муаммоли вазият", "Ўйла, изла, топ!", "Давом эттир", "Бу ким, бу нима?", "Бу қандай белги?", "Эслаб қол", "Нота номи ва чўзимларини аниқлаймиз" каби тренинглар интерфаол методларнинг мазмунини ташкил этади. 
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, "ўқитувчи-ўқувчи-ўқувчилар" гуруҳининг дарс материалини муваффақиятли ўзлаштириш юзасидан ҳамкорлиги асосида ташкил этадиган бундай машғулотлар таълим самарадоригини таъминлашда муҳим омил бўлиб ҳизмат қилади.
Дилфуза Маматова,
14-сон Болалар мусиқа ва 
санъат мактаби ўқитувчиси.