ЖУРНАЛИСТЛИК ШАРАФЛИ КАСБ

Таҳририятда қисқа муддат корректорлик вазифасида ишлаб, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига сиртдан ўқишга кирдим. Газетанинг бош муҳаррири, ўткир қалам соҳиби Ниёзхон Алиев мени ишга қабул қилган эди. Корректорлик вазифасида бир неча йил ишлаганимдан сўнг менга ишонч билдиришиб, газетанинг адабиёт ва санъат бўлимига мухбирлик вазифасига ўтказишди. Бўлим мудири, иқтидорли журналистлар Гулчеҳра Исмоилова, қишлоқ хўжалик бўлими мудири Йўлчи Муҳаммадиев, муҳаррир ўринбосари Ўктам Қурбонов сингари ўткир қаламли, юксак билим ва тажрибага эга бўлган устоз журналистлар билан бир сафда туриб ишлаш осон эмас эди, албатта. Негаки, ўша даврларда айниқса, устозларимиз ёзган танқидий мақола, фельетон ва ҳажвиялар ҳамда бошқа публицистик мақолалар жуда катта муҳокамаларга сабаб бўлар эди. Бу эса биз каби ёш журналистларга мактаб вазифасини ўтаган бўлса не ажаб.
Йиллар ўтиб, адабиёт ва санъат бўлимида мудир вазифасида ишлай бошладим. Ўша даврларда ҳам райком партия ва район ижроия қўмитасининг органи сифатида чоп этиладиган "Ленинизм йўлидан" газетаси туманимиз халқининг энг севимли газеталаридан бири эди. Мустақиллик йилларида туманимиз кўзгуси ҳисобланган газетамиз "Оқдарё овози" номи билан чоп этила бошланди. Газетага иқтидорли журналист Йўлчи Муҳаммадиев муҳаррир этиб тайинланди. Тақдир тақозаси билан 1998-2015 йиллар давомида туман халқ таълими бўлимида она тили ва адабиёт фанлари методисти сифатида фаолият юритдим. Халқ таълими соҳасида ишлаб нафақага чиққанимдан сўнг яна севимли газетамда ишлаш шарафига муяссар бўлдим.
Очиғини айтганда, сўнгги йилларда ёзма матбуот нашрларига бўлган эътибор бироз камайган. Айниқса, газета-журналларга обуна бўлиш борасида турли хил фикр ва қарашлар давом этмоқда. Шундай бўлсада, туманимиз кўзгуси ҳисобланган "Оқдарё овози" газетаси бугунги кунда ҳам ўз мавқеини, ўз муштарийларини йўқотгани йўқ десам, асло адашмаган бўламан. Негаки, газетамиз саҳифаларида ўзининг турли хил жанрдаги мақолалари, ҳикоя ва шеърларини, реклама ва эълонларини ёритиш мақсадида таҳририятимизга ташриф этаётган муштарийларимизнинг қадами кун сайин кўпайса кўпаймоқдаки, асло камайгани йўқ. Бизнинг ижодий гуруҳимиз ҳисобланган - бош муҳаррир Йўлчи Муҳаммадиев, мусаҳҳиҳ Мақсуда Мустафоева, саҳифаловчи Наиля Сафина, сураткаш Суннатилло Ибрагимов, веб-сайтчи Амина Хуррамовалар билан ҳамкорликда фаолият юритар эканмиз, газетамизнинг ҳар томонлама мукаммал, сифатли, ўқимишли бўлиб чоп этилишида ҳар бир жамоамиз аъзосининг ўз ўрни бор эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Шу ўринда "Оқдарё овози" газетасининг шонли йўлни босиб ўтишида ўзларининг самарали меҳнатлари билан муносиб ҳисса қўшган мар-ҳум устозларимиз Ниёзхон Алиев, Ўктам Қурбонов, Абдимурод Рўзиев, Тошназар Тўғизбоев, ҳозирги пайтда кексалик гаштини сураётган Гулчеҳра Исмоилова, фидойи ходимларимиздан Зулфия Пўлатова, Маърифат Мустафоеваларнинг номларини ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимизни, газетамизнинг барча муштарийларини ижодий гуруҳимиз номидан 27 июнь - матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий муборакбод этамиз.
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
газета маънавият ва маърифат бўлими мудири, Ўзбекистон
Журналистлари ижодий
уюшмаси аъзоси.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00