ДАМЛАРНИНГ ХАЙРЛИСИ Отабек ЖЎРАБОЕВ, филология фанлари номзоди.

Инсон руҳияти тиклана бораётган иморат кабидир. Иморат қурилишига нечоғлик мустаҳкам ва пишиқ ашёлар қўлланилса, у мустаҳкам бўлиши ва узоқ йиллар хизмат қилиши маълум. Худди шунингдек, инсон руҳиятининг шаклланиши ҳам тарбия билан амалга ошиб, бунинг учун мукаммалликка кафил бўладиган тарбия ашёлари даркор. Албатта бу борада аждодлар қолдирган меросдан ҳам улуғроқ ва бойроқ хазинани топиш мушкул. Адабиёт ва бадиий асарлар ана шу хазинанинг мунаввар дурларидандир. Шарқ адабиёти, хусусан, ўзбек мумтоз адабиёти Қуръони карим ва Расулуллоҳ (С.А.В.) ҳадисларидан файзу сурур ва илҳом олган. Ушбу адабиёт намуналари орасида панд-ахлоқ ва насиҳат мазмунидаги асарлар айнан инсон камолотини тарғиб этувчи ва унга сари йўл кўрсатувчи сара манбалардандир.
Ҳазрат Амири кабир Алишер Навоий (1441-1501) нафақат ўз адабий ва илмий мероси, балки ҳаёт йўли билан ҳам намуна бўлгулик шахс. Унинг панд-ахлоқ мазмунидаги юксак маърифий асарлари мазмунли умр ва бой ҳаётий тажриба маҳсулидир. Улуғ адиб умрининг сўнгги йилларида ёзган "Маҳбуб ул-қулуб" (Кўнгилларнинг севгани) асари шундай бадиий тафаккур намунасидир. Асарда жамиятда турли табақалар ва уларнинг ҳолати, инсон учун энг зарур ҳолатлар ва ниҳоят охирида кўпгина танбеҳлар берилади.
Биз асардаги 124-танбеҳ ва унга илова тарзида бир байтга бироз тўхталмоқчимиз. Айтиш мумкинки, мазкур байт ҳикматлардан бирини ўзига жо қилган. Мана у:
Мозию мустақбал аҳволин такаллум  
                                               айла кам,
Не учунким, дам бу дамдур, дам бу 
                            дамдур, дам бу дам.
Байтдаги шакл ва мазмун мутаносиблиги уни теранроқ англашда ёрдам беради. "Мозий" (ўтмиш) ва "мустақбал" (келажак) сўзлари  қаршилантирилмоқда, яъни тазод. (менимча адабий жанр). Иккинчи мисрада эса "дам" сўзи такрорланмоқда - такрир. Бу шеърнинг бадиий санъат жиҳатидан шакли.
Энди шоир айтмоқчики, ўтмиш ва келажак ҳолатларини камроқ гапириб ўйла; негаки сен яшаётган дам ҳозирги - бу дамдир.  Бир қарагандаги маъноси шу ва улуғ мутафаккир адиб қадимги туркий "Дам бу дамдур, ўзга дамни дам дема" нақлини ҳам кўзда тутган. Лекин байтда айтилмоқчи бўлган асл мақсад нима?
Фикримизча, ушбу қўшмисра инсон ҳаёти ва унинг турмуш муаммоларига сабр тоқат   билан чидай билиши ҳақидадир. Шоир буни   чуқур мазмун ва ҳикмат, шу билан бирга, киши шуурига кучли таъсир этадиган даражада акс эттирган. Бу билан ҳазрат Навоий инсон  психологиясини билиш бобида ҳам ўта нуктадон зот бўлганлиги аён бўлади. Эътибор қилинса, ҳаёти давомида инсон ўз хатоларидан аччиқ, аммо керакли сабоқни олади. Кўп ҳолларда ўтмиши: кечаги куни, бир ой олдинги, бир йил аввалги, ҳа ана ўн йиллар наридаги ҳаёти ва унда йўл қўйган хато-камчилик ёки, ютуқлари ҳақида  фикр юритади. Келажаги хусусида эса албатта   ширин ва улкан орзулар қилиб яшайди. Қалб-кўнгил истаклари эса янгиланиб, ҳою ҳаваслари кўпайиб бораверади. 
Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в) марҳамат қиладиларки: "Инсон қалби, чўл ўртасидаги дарахт шохига илиниб қолган пар кабидир". Шаббода қай томонга эсса, ўша томонга силкинади". Чиндан ҳам инсон  руҳиятини очиб берадиган гўзал ташбеҳ.
Юқоридаги Навоий ҳикмати ҳам қалбнинг ушбу ҳолатига уч ақлий ечим бермоқда.
Ушбуни шеърий сатрларга кўра:
1. Мозийда бўлиб ўтган неки бўлса, энди у тарих. Нимани қўлга киритдингу, недан қолдинг?!. Бари ўтди. Сени тушунган бор, англамаган бор. Ўз кечмишин ҳақидаги дарду ҳолни, Навоий таъбири билан айтганда, "золим ва бедардлар суҳбатида" сўзлама. Чунки, "нукта сурмак" (ҳикмат)ни бедард қайдан билсин. "Наммом" (иғвогар) ва "номард мулоямати" (мулозамати)га ишониб, кўнгил бермагилки, афсусланиб қолишинг мумкин. Неки сен билан ҳаётда - ёшликда содир бўлади, ҳаммаси ўтиб кетди. Ҳазрат айтадилар: "Доно иликдин борғондин сўз айтмас" (доно одам қўлдан кетганини гапирмайди). Негаки, "ўтган йигитлик орзу билан қайтмас" (ўтган ёшлик орзулаш билан қайтиб қолмайди). Сен фақат ундан сабоқ олгину, илгари боқ.
Бу биринчи ечим - биринчи "дамдур".
2. Мустақбал (келгуси)да содир бўлажак ишлар эса ғайбдир. Сен унда нимани қўлга  киритасану, недан қоласан, ёлғиз Ўзига аён. Бу ҳақда ҳам "бош қотириб", ўзингни турли ситаму синовларга уришга ва бу ҳақда "такаллум айла"шга шошилма. Ҳазрат айтадилар: "Ўтган рўзгор адамдур" (ўтиб кетган ҳаёт йўқликдир). Яъни у энди сен учун мавжуд эмас, ўтди. Танбеҳнинг давомида ҳикматнинг мағзи ўрин олган: "Келмагандин сўз айтқон аҳли надомдур..." (Ҳали келмаган, рўёбга чиқмаган воқеа ёки ишдан сўз айтувчи пушаймон аҳлидан бўлиб қолади). Демак, келажак ҳаёт ҳақида беҳуда хаёлларга берилмаслик ва турли етиб бўлмас орзулар уммонига шўнғимаслик оқил одамнинг ишидир. Бу эса иккинчи ечим - иккинчи "дамдур".
3. Энди ақл ва нафс соҳиби бўлмиш инсонга фақат биргина лавҳа қолди - "бу дам". Яна ҳазрат Навоий давом этадилар: "Ва ҳол муғтанамдур" (ва ушбу ҳол ғаниматдур). Алалхусус, ўтмиш ва келажак "дамини" эмас, ушбу - ҳозир сенга ғанимат бўлиб турган "дам"ни чин инсоний яшагин. Қилаётган амалингни, сўзлаётган сўзингни мулоҳаза қилгинки, улар тўғри бўлсин. Ана шунда сенинг "бу дам"инг, эртага хайрли мозий бўлади. Сен уни ўкинч ва алам билан эсламайсан. Чунки, сен уни хато қилиш учун яшамадинг. Ва келгуси "дам"ингни ҳам қалб ҳузури билан кутасан. Келажак "дам"инг ҳам насиб этса, армонга айланмайди. Бу энди учинчи ечим ва учинчи "дам".
Юқорида қайғуриб тилга олинган қалбнинг аҳволи қандай, уни қай тариқа ва недан асраш лозим?
Ҳазрат Навоий кейинги 125-танбеҳда бунга жавоб берадилар:
"Сувдин асрағуликдур туфроқ ва балчиғ уйин. Ва ўтдин асрағуликдур яғоч ва қамиш уйин. Ва елдин асрағуликдур бўз уйин. Ва  туфроғдин асрағуликдур кўз уйин. Жамиъи мосиваллоҳдан асрағуликдур кўнгил уйин".
Яъни туфроқ ва лойдан қурилган уйни сув уриб кетишидан асраш керак; ёғочдан ва қамишдан иморат қилинган уйни ўтдан асраш керак; бўздан тутилган уй (чодир)ни шамолдан асраш керак; кўз уйини (умуман кўзни) эса чангу туфроқдан асраш керак; Аллоҳдан ўзга, жами нарсалардан эса кўнгил уйи (қалб)ни асраш керак. Аввалги тўрт уйни қандай асрашни одам билади. Кейинги, бешинчи уйни қай тариқа сақлаш кераклиги ҳақида бир байт битадилар:
Нечукким, тўрт уйга тўрт зидди нуқсон
                                            шойеъдур,
Бешинчи уй дағи ағёрдин ул навъ 
                                             зойеъдур.
Яъни тўрт уйга зарар бўлган тўртта зидди нуқсон машҳурдир (ва улардан сақланиш ҳам маълум); "Нечукки бешинчи уйга (қалб уйига) ағёр (рақиблар)нинг зараридан юқоридагилар каби ҳимояланиш бекор кетади (бунинг ҳимояси ўзгачадир).
Бу борада Навоий ҳазратлари "Олам асбоби" (қалб душмани - дунё ҳаваси ва унинг ташвишлари) тугамаслигини, у қалб уйига фақат зарар бериши ва унинг бартараф қилиниши учун бу уйга дунёнинг ўзини киритмасликни ва кириб қолган тақдирда ҳам унинг ғалвалари ғолиб бўлмаслигини таъминлаш кераклигини таъкидлайдилар.
Энди шу масалада америкалик руҳшунос, шахслараро муносабатлар бўйича етук олим Дейл Карнегига мурожаат қиламиз:
"Филадельфия буллутин" журналининг муҳаррири Фред Фуллер Шедд коллежи битирувчилар олдида сўзга чиқиб, уларга шундай савол беради: "Орангизда ўтин арралаганлар бўлса, қўл кўтарсин". Кўпчилик талабалар қўл кўтаришади. "Яхши, - дейди у, энди ким қипиқ (аррадан чиққан тўпон) арралаган бўлса, қўл кўтарсин!".
Ҳеч ким қўл кўтармади. "Албатта қипиқни ҳеч ким арраламайди. Бунинг мутлақо иложи ҳам йўқ, - дейди мистер Шедд. - Ахир у бир марта арраланган! Сиз аллақачон бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисадан безовта бўла бошларкансиз, унутманг, қипиқни арралашга уринаётган бўласиз!".
Йўл қўйилган хатоларга оқилона, мардона қарашни ўрганинг. Ёдингизда тутинг: Бу дун-ёда адашмаган, хатога йўл қўймаган бирон инсон йўқ! Аммо уни мантиқан енгиш ўрнига, кўпинча ўчакишиб, бор вақтимизни беҳудага совураётганимизни, "жуда кеч англаб етамиз. Мана шу сўзларни ён дафтарингизга, иш столингизга, машинангизга ёзиб қўйиб, ҳар куни бир сидра ўқиб туринг:
Йўқотган нарсага ачинма, унутиб юбор!
Қипиқни қайта арралаб бўлмайди!
Буғдой сув билан янчилмайди.
Ўлган итга ҳеч ким кесак отмайди.
Ўтмишдаги хатолар учун кўз ёши тўкиб нажот топиб бўлмайди.
Эрамиздан беш юз йил муқаддам грек донишманди Гераклит: "Ҳаётда нафақат қонунлар - ҳамма нарса ўзгаради" деб ўз шогирдларига таълим берган. Шунингдек, "Бир бор шўнғиган дарёнгизга иккинчи бор шўнғий олмайсиз. Негаки, дарё оқими ҳар лаҳзада ўзгариб туради. Бинобарин, унга шўнғиган инсон ҳам бир маротаба улгуради, холос" деган.
Қадимги римликлардан қолган ҳикмат бор: "Бугунги кундан фойдалан!" ёки "Лаҳзани тут!" Ҳа, лаҳзани тутинг-да, ундан ўзингизга қониқиш топишга интилинг.
Шундай қилиб, ҳаётингизда беҳаловатликдан қутулмоқчи бўлсангиз, жаноб Уильям Ослер сингари ҳаракат қилинг: ўтмиш ва келажакни темир эшик билан ўзингиздан ажратиб қўйинг. Бугунги куннинг доирасида яшанг.
Хулоса: Йигирманчи аср бошларида кўп изланишлар орқали Дейл Карнегининг хулосасини ҳазрат Навоий беш юз йил олдин ёзиб қолдирган.
Манбалар асосида 
Собир АМИРОВ тайёрлади.