ЗИЁ ИСТАГАН ҚАЛБЛАР УЧУН УМР КИТОБИДАГИ ЯНГИ - ОППОҚ САҲИФА

(Эссе)
Умра сафарини бошлар экансиз, шу чоғ худди аввал сиз билмаган,
танимаган бир эшикдан бошқа бир оламга кириб келгандек бўласиз.
Ҳайбатли тоғларни босиб ўтасиз, қалбингизда ажиб бир илиқлик сезасиз.
Бу илиқ шабадани қаерда бўлса ҳам, машинадами, поезддами, кемадами,
самолётдами, меҳмонхона хоналари, ҳатто бозорларда ҳам ҳис этасиз. Мана, кўз ўнгимизда ҳажнинг фарз бўлиш
сабабчиси - Каъба… Унинг улуғлиги ва фазилати...
Каъба ерда жойлашган нур, ер куррасининг марказиданкўтарилган зиёдир.
Инсон атрофини тавоф қилишдан чарчамайдиган,
кўрган-кўрмаган киши унга талпинадиган меҳробдир. Унинг осмонлару ердаги
номи
"Аллоҳнинг уйи"! У Муҳаммадий нур бешиги, барча илоҳий динлар қибласи ва
тавҳид марказидир-ки, ҳеч қайси уй, ҳеч қайси иншоот у билан тенглаша олмайди.
Каъба бир тарафдан бизга, бир тарафдан бу моддий олам ортидаги абадият оламига
қараб тургандек. Унинг ташқи кўринишида вазминлик, виқор ва асрларни яшаган
тажриба намоён. Каъба ўз мавқейи билан худди уйнинг энг яхши жойида, тўрида
ўтирган онага ўхшайди. Каъбанинг атрофини тавоф қилаётган инсон эса онаси
қўлидан тутган болакайга ўхшайди... Инсон тавофни бошлашидан аввал издиҳомни
кўриб, қиёмат издиҳомини хаёл қилади. У юз мингларча инсонлар сели ичида экан, охират диёрини ўйлайди. Бу пайтда Аллоҳга йўналганидан бутун шавқи билан тўлиб-тошади, ақли шошади. Эгнига эҳром кийиб, ҳарвала ва рамл қилади, бир жиҳатдан қўрқув, бир жиҳатдан умид эгаллайди танини. Шу билан бирга, Ҳарамдаги илоҳий сукутни "эшитади". Ҳарамга юзланган ҳар он ўзининг Ҳарам олдида, Ҳарамнинг унинг кўз ўнгида турганига шукроналар айтиб, завққа тўлади.
Каъба ва у жойлашган йигирма беш квадрат метрли ҳудуд Аллоҳнинг Ҳарами, эҳтиромга сазовор ери, ҳар қандай ёмонлик, ҳаққа ҳар қандай тажовуз тақиқланган инсониятнинг маданият ва маърифат ўчоғидир. Унинг марказидаги Каъбаи муаззама инсонлар учун қурилган илк ибодат масканидир. Ҳазрати Одам алайҳиссалом Момо Ҳаввони шу ерда топдилар, йўқотган жаннатларига шу ерда етишдилар. Бобокалонимиз ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом, у зотнинг завжалари Ҳожар ва ўғиллари Исмоил алайҳиссалом шу ерда Аллоҳ таолонинг оғир синовидан шараф билан ўтдилар. Ҳазрати пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга қаратилган сўнгги илоҳий хитобни шу ерда қабул қилиб олиб, уни ер юзида тарқата бошладилар. Бу ер Аллоҳнинг Уйидир. Бу Уйнинг соҳиби - Аллоҳ таолонинг Ўзи, меҳмонлари эса Унинг мўмин бандаларидир. Бу ердан паноҳ топган ҳар бир инсон Аллоҳнинг меҳмонидир.
Ҳар йили бу улуғ маконга бутун дунё мусулмонлари Аллоҳ таоло олдидаги бандалик вазифаларини адо этиб, У Зотга қурбат ҳосил қилиш учун етиб келадилар. Ҳаж амалларини бажарадилар, бирин-кетин ва уларнинг чуқур маъноларига етгандек бўладилар гўё. Бундан ташқари, одатий ҳар кунлик ибодатлар ҳам ҳаж бўёғи билан янада маҳаббатлироқ, янада жилокорроқ тусга киради. Улар мана шу ибодатлар дарчасидан фикр ва ҳисларини нафас олиб, ичга ютадилар, иймоний аҳдларини янгилайдилар, гуноҳларининг ифлосликларидан покланиб, ўзлари ва ўзгалар олдидаги масъулиятларини эсга оладилар. Барча ижтимоий, иқтисодий, идоравий ишларини ҳам Аллоҳга йўналган ибодат ва бандалик ҳисси билан бажаришга ҳаракат қиладилар.
Қалблари юмшаб, кўнгиллари таассуротларга тўлган ҳожилар ватанларига янгидан азм, янги қувват ва ғайрат тўла шавқ билан қайтиб келадилар. Ҳаж сафарининг ҳар лаҳзасини қалби тўрида энг қимматли, энг лазиз хотиралар сифатида ёдда сақлайдилар. Руҳият эҳромида жавлон урган бу ҳислар фақат кучли иймон, соф ихлос билангина ҳосил бўлади. Зеро, қалбнинг бир ўзи бу ҳисларни кўтаришга заифлик қилади.
Аллоҳ Расули алайҳиссаломнинг ваъдаларига кўра, ҳаж ибодатини мукаммал адо этган кишининг мукофоти жаннатдир. Ёш тўла кўзларини, покланиб, топ тоза бўлиб қолган қалбини Аллоҳнинг Байтидан уза олмай, ўз уйига қайтаётган ҳожи энди мутлақо бошқа инсондир. Зеро, у Ҳарами шарифда буюк пайғамбарлар юрган йўллардан юрди, улар қилган саъй-ҳаракатларни қилди, улар бажарган ибодатларни адо этди ва гўё ўша улуғ зотларнинг зумрасига дохил бўлди. Ҳаж ибодати гуноҳларига тавба қилган, хатоларини англаган, ҳаётини Ислом мезони билан сарҳисоб қилган ва умр китобидан янги, оппоқ саҳифа очган ҳожи учун янги, покиза ҳаётга қўйилган илк қадамдир...
Гулсара НАМОЗОВА.
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00




