"Умрим баҳори"

Чарос Қурбонова - 1994 йил Янгикент қишлоғида туғилган. Шеърлари туман, вилоят, республика газеталарида чоп этилган. "Умрим баҳори" шеърий тўплами чоп этилган. "Оқдарё баёзи" китобида шеърлари чиққан. Ҳозирда тумандаги 45, 47-макабларнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси вазифасида фаолият юритиб, ёш авлодни адабиёт, санъат, шеърият йўналиши сари етаклаб, ижодий парвоз этишида яқиндан кўмак бермоқда.
                                                                               СОҒИНЧ
Ҳузур қиммат, андуҳлар текин,
Улкан шаҳар, тугамас ўйлар.
Умримизни ўғирлар, бегим,
Баланд бино, кўпқават уйлар.
Бунда шошар одамлар бари,
Бунда вақт ҳам шошгандек гўё.
Ҳеч ҳаловат топа олмаймиз,
Гир айланар серташвиш дунё.
Вақт топмаймиз баъзан дийдорга,
Эшитмаймиз дилрозимизни.
Тингламаймиз оҳанги содда,
Самимий қалб овозимизни.
Зув қатнайди автобус учиб,
Таксилардан кўчалар тирбанд.
Ухласайдик қишлоқни қучиб,
Соғинчларим кўклардан баланд.
Орзулардан улкан шаҳарга,
Митти юрак сиғмайди нега?
Бунда шаҳар кўмилар зарга,
Унда қишлоқ чўмилар нурга.
Иккимиз ҳам қишлоққалб асли,
Шеърюракмиз, шоирбилакмиз.
Даласида тер тўкмасак-да,
Оқдарёга биз ҳам керакмиз.
Окдарёга кетайлик, бегим...
БОЛАЛИК
Сен мен учун ҳар куни атай, 
Териб келар эдинг қулупнай. 
Мен-чи лабга босиб барини, 
Еяр эдим мазасин мақтай. 
Эсимдадир ҳовучинг тўлиб, 
Жилмайганча менга тутганинг. 
Ҳар тонг ёғоч отингга миниб, 
Бедазорда мени кутганинг. 
Йиллар оша ўсди бўйимиз, 
Ўйинлар ҳам секин тин олди. 
Минг ўзгарди орзу ўйимиз, 
Хотирада болалик қолди. 
Қирда қўмсар қирмиз қизғалдоқ, 
Боғда пишиб кутар қулупнай. 
Қайда қолдинг қувноқ қизалоқ, 
Қайлардасан, эй шўх болакай. 
Чарос Қурбонова,
 45-ИДУМнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.