ҒАНИМЛАР

(Ҳикоя)
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
…Ҳидоят уйга хандон отиб келди, болаларини кўриб қаттиқ йиғлаб юборди. Бир зум ўтмай рақсга тушиб кетди. Унаштирилган қизининг қайғусини чеккан бу онага қўшнилар аввал   тушунмади:
- Келинглар, ўйнанглар, қизимнинг тўйи бўлаяпти, - деб қўшниларини чақиргандагина улар Ҳидоятнинг ақлдан озганлигини сезишди. Кечаси билан эрининг ўн йилга қамалганлигини айтиб-айтиб йиғлади. Сочини ёйиб, нуқул қўшиқ айтар ва телбаларча рақсга тушарди. Эртаси куни Ҳамидулла Ҳамроевнинг уйига бориб бир нафас тинмасдан сўзлади.
- Укангизни мелиса қамаб қўйди. Буғдойларингизни мелисалар олиб кетди. "Кимники" деб сўради. Лекин, укангиз сизни сотмади. "Меники" деб айтди. Кейин қаматиб юборди. Ўн йилга қамалди, ўн йилга... Шунда ҳам сизни сотмади. Ҳамроев бошини чангаллаганча ўтириб қолди.
- Нима қилиб қўйдим? Қош қўяман, деб кўз чиқариб қўйдим-ку! Наҳотки укамни қаматиб юборган бўлсам. Аслида уни эмас мени қамаш керак! Мени... Нега уни ҳолидан хабар олмадим? Нега? Наҳотки икки тонна буғдой, деб укам бечоранинг ўн йил умри қамокда ўтса. Ўн йил ҳам ўтиб кетар, эрта бир кун у қамокдан қайтиб келса, унинг кўзига қандай қарайман?! Менинг икки тонна (ярим тоннаси эса укасиники) буғдойим деб укам унда сарсон, хотини эса бундай аҳволда келиб ўтирибди.
Ҳамроевнинг кўзларида ёш қалқиб кетди. Юзларига думалаб тушаётган ёшларни секингина артиб қўйди.
Ҳамроев радиони ўчириб, шофёрини чақирди. Ҳидоятни кўрсатиб деди:
- Буни тезда жиннихонага топшир. Оғзидан нима кириб, нима чиққанлигини билмаяпти. Вақт-бевақт бировга буғдой ҳақида оғзидан гуллаб қўйса иш тамом.
Ҳидоятни машинага олиб чиқмоқчи эди, у ҳовли айланиб қочаверди. "Бор-май-ман! Ҳеч жойга бормайман. Эримни топиб беринглар. У сизларни деб қамалиб кетди. Мен энди болаларимни қандай қилиб боқаман?", деб ҳўнграб йиғлар эди. Ҳидоятнинг сўзларини эшитиш Ҳамроев учун ниҳоятда оғир эди. Айниқса, Ҳидоятнинг тўзиган сочлари, униққан йиртиқ кўйлаги-ю афтодаҳол юзлари ҳаддан ташқари даҳшатли эди!
Ҳидоятни зўрға тутиб олдилар. Оёқ-қўлларини боғлаб машинага ортганда у хохолаб куларди...
Ҳамроев оғир ўйга чўмиб қолди. Кечаси билан киприк қоқмай хаёл дарёсида сузиб юрди. Келинни-ку ими-жимида тинчитдик. Лекин бола-чақасидан хабардор бўлиб туриш керак. Укам мени деб қамалиб кетди. Мен ака бўлиб унинг ҳолидан бирор марта ҳам хабар олмадим. Имконим бор эди, аммо илож йўқ эди. Чунки буғдой масаласи жуда оғир. Бу соҳада президентнинг алоҳида чиқарган фармони бор. Бу масаланинг биринчи томони. Иккинчи томони эса юртбошимиз: "Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!", деб турган пайти, мен давлатнинг оз эмас, икки тонна буғдойини укамникига бекитиб кўйдим. Яхшиям, укам айбни бўйнига олибди. Агар олмаганда менинг ҳолим нима кечарди. Кимсан, вилоят акционерлик жамиятига қарашли ғалла қабул қилиш муассасасиининг мудири! Айбдор мен эканлигимни билишса... Мен бу муассасага мудир бўлиш учун қанча "олишдим".
Расулов мард бўлиб майдонга чиқди-ю, курашда енгилди. Йиқилган курашга тўймайди. Менинг устимга от ҳайдаган ҳойнаҳой Расулов бўлса керак.
Ҳамроев ётиб ётолмади, хаёлига ҳар хил ўй-фикрлар келаверди. Ўрнидан турди, сигарет тутатиб ҳовлига чиқди.
Ярим кеча. Ҳамма ширин уйқуга кетган. Осмон тўла юлдузлар. Тўлин ой сутдек ёғдусини бутун борлиққа тўкиб турибди. Ойдин кечада кенг кўчаларни кўриб, буғдой ортилган машинани кўз олдига келтирди. Унинг кўнглига қил сиғмасди. Юраги ғам-алам, ташвишга, қайғу ва ҳасратларга тўлиб кегган. Ер юзида неки ёвузлик қилган бўлса, осмондаги юлдузларнинг барчаси бунга гувоҳ эди..
Қўчқор Расулов билимдон ва ҳушёр инсон. Амалдорлик ва мансаб йўлида ҳар қандай иш бўлса, қайтмайди. Ҳамидулла Ҳамроев иккаласининг ўртасига низо солиб қўйган нарса ҳам ўша мансаб. Мансаб унга отадан қолган мерос. Гоҳида Расулов: "Оққан дарё оқади", деб отаси ва ўзининг ютуқлари ҳақида мағрурланиб сўзлайди. У қаерда, қандай муомала қилиш бўйича "тарбия"ни Қўзи Усмоновдан олган. Колхозда раис бўлиб ишлаган пайтдаги воқеани одамлар ҳалигача эслаб кулишади. Ўша куни пахта режаси бажарилган эди. Оғзи қулоғига етган Қўчқор ака тезда  райком секретари Қўзи Усмоновга сим қокди:
- Эшитаман. Ким бу?
- Мен Қўчқорман! Қўчқор!
"Қўчқорман", деган сўз Қўзи Усмоновнинг нафсониятига қаттиқ тегди. "Қўчқорман" деган сўзни ҳақорат деб тушунди. Шунинг учун ҳам у "Қўзи Усмоновман", дейишга ор қилиб "Усмоновман" деб қўя қолди. Қўчқор ака яна ўша гапни такрорлади.
- Қўзивой ака, ўзингизмисиз? Бу мен Қўчқорвойман.
Қўзи Усмоновнинг пешанаси бўртиб кетди. Секингина гўшакни жойига қўйди. Телефон қўнғироғи жиринглади.
- Эшитаман.
Яна ўша "Қўзи ака, Қўчқорвой" деган гап. Усмоновнинг тепа сочи тикка бўлиб, деди:
- Ҳозироқ ёнимга етиб кел!
Қўчқор Расулов хурсанд ҳолда етиб келди. Қўзи Усмоновнииг эса қовоғидан қор ёғарди.
- Мен-ку, - деди Усмонов. - Қўзи эканман, лекин сен Қўчқор эмас, шохи йўқ ҳўкиз экансан!
Қўчқор Расулов билса ҳазил, билмаса чин қабилида айтган гапи учун кечирим сўради. Режани бажаргани учун раҳмат эмас, лаънат эшитди. Шунинт учун анча вақт хафа ҳам бўлиб юрди...
Мажбурият ҳам ортиғи билан бажарилди. Ҳосил байрами бўлиб ўтди. Туманда йиллик ҳисобот йиғилиши бўлаётган эди. Сўз навбати Қўзи Усмоновга етганда, Усмонов маърузада дастлаб она Ватанимизнинг улкан хирмонига ўзи раҳбарлик қилаётган туман 60 минг тонна оқ олтин топширгани ҳақида тўлқинланиб гапирди. Ва ниҳоят, маърузанинг мавзуси колхоз ва совхозлардаги фермерларга кўчди: "Фермадаги молларнинг ривожланиши жуда яхши. Бу соҳада "зоотехник"ни "уч юз техник" деб маърузани давом эттирди. Маърузага ҳеч ким қулоқ солмадими ёки эшитиб эшитмасликка олдими, ҳарқалай ҳеч ким ҳеч нарса демади. Фақатгина Қўчқор Расулов тушликка чиққанда Қўзи Усмоновнинг ёнига бориб, секингина деди:
- Қўзи ака, фермангизда неча юз техник бор?
Усмоновнинг хаёлига бирдан "зоотехник" деган сўз келди. Ён-атрофга бир қараб олдида, бармоғини лабига қўйиб деди:
- Жим! "неччи юз" техник борлигини фақат мендан сўра! Бошқадан сўрай кўрма.
Улар бир-бирига қараб маъноли кулишди.
Қўчқор Расуловга бахт-омад кулиб боқди. Негаки, у пахта тозалаш заводига қарашли пахта қабул қилиш пунктига мудир этиб тайинланди. Ҳамма унинг "соясига" салом берарди. Ана шундай қувончли кунларнинг бирида унинг бошига ташвиш тушди. У мудирлик қилаётган пахта қабул қилиш пункти, ғалла қабул қилиш пунктига айлантирилди. Айни пайтда пахта қабул қилишдан кўра, давлатга дон топшириш зарур эди. Расулов бу "ташаббусга" қарши чиқмади. Уни ўйлантириб қўйган нарса: мудирлик мансаби. ўалла қабул қилиш пунктига мудир бўламан, деб у ёққа чопди, бу ёққа чопди, бўлмади. Ўзини ўтга, сувга уриши бекор кетди. Пунктга шу соҳа бўйича мутахассис бўлган Ҳамидулла Ҳамроев мудир этиб тайинланди. Чиқмаган жондан умид деб Расулов қўл остида ишлайдиган одамларни ушлаб тураверди. Бироқ пунктда пахта тугаганлиги сабабли бажарадиган иш йўқ, лекин ишчилар ҳар куни келади. Улар ҳеч бекор ўтирмайди.
Аёллар соя-салқин жойга қўйилган чорпояда ўтириб тикиш қилади. Бири жияк тикса, иккинчиси тўқима (жемпер, пайпоқ) тўқийди. Эркаклар ҳам шу ерда. Эрталабдан кечгача шахмат-шашка ўйнаб, уйига қайтади. 
ўалла қабул қилиш пунктига мудир этиб тайинланган Ҳамидулла Ҳамроев ҳам ҳар куни шу ерга ишга келади...
Кунлардан бир кун у ишдан қайтаётиб, пул санаб кетаётган икки кишини кўриб қолди. Ҳамроев ажабланиб сўради:
- Ҳа ука, намунча хурсандсиз?
- Ойлик олдим, ойлик, - деди йигит қувончини яширолмай.
- Ойлик? - ҳайрон бўлди Ҳамроев.
- Сизлар бу ерда нима иш қилдиларингиз? Нуқул ўйнаганларингиз шахмат-шашка бўлди-ку. Сизларга ойлик берган давлат ҳам аҳмоқ.
- Эй ака, бизга ойликни давлат эмас, Қўчқор ака беради.
- Қўчқор акангиз қаердан беради?
- Чўнтагидан, - деди йигит ҳамёнини кўрсатиб.
Ҳамроев ёқасини ушлаб қолди.
- Тавба! Санаса саксонтадан ҳам кўп чиқадиган одамга ойлик тўлашнинг ўзи бўладими? Унинг ҳамёниям халта эканда...
Мансаб учун шунча пул сарфлаган Кўчқор Расуловга қойил қолди.
Ёз фаслининг июнь ойи "ўйин" билан ўтган бўлса, июль ойи мутлақо бошқача тарзда ўтди. Барча майдонларга экилган буғдойлар пишди. Комбайнлар ўримга тушди. Буғдой ортилган трактор ва машиналар турна қатор бўлиб, буғдой қабул қилиш пунктига келаверди. Қўчқор Расулов уларга кенг йўл очиб берди. Отдан тушса ҳам эгардан тушмай Ҳамроевнинг қабулига Расулов навбатсиз кириб борди.
- Сен, - деди у кўзларидан ўт чақнаб. - "Бу пунктга мудир бўлдим", - деб кўп керилма. Жўжани кузда санаймиз. Сенга ўхшаганларнинг кўпини кўрганман. Лекин сен менинг совунимга кир ювиб кўрмагансан-да,- деди ва мудирликни Ҳамидулла Ҳамроевга ташлади-да, бу пунктдан чиқиб кетди. Ҳамроев эса ҳеч бир гапни англай олмади.
- Нима? Жўжа дедими? Совун дедими? Ҳамроев ҳайрон бўлиб эгнини қисди. Расулов ҳақида эшитган "ахборот"лардан бирини эслади: "Мен ҳам Расуловнинг ўғли, отам каби раис бўламан", деган мақсадда қишлоқ хўжалик институтига кирибди. Нимадир сабаб бўлиб, ўғил ҳисобчилик куллиётига ўтиб қолибди. Шунда Расулов дебди:
- Ўқишни ташла!
- Нега?
- Савдо институтига ўқитаман. Сельхозда ўқиб, сабзи-пиёзни ҳисоб-китобини қилганча, савдо институтида ўқиб, пулнинг ҳисоб-китобини қилганинг минг марта маъқул.
Ўғил ҳам "ота рози, худо рози", деб савдо институтига ўтиб кетди.
Ҳамроев ушбу "ахборот"ни эслаб, яна бир бор Расуловни кўз олдига келтирди.
- Бало бу Расулов. Мен унинг бойваччалигини ўшанда билган эдим. Ҳозирчи? Ҳозир? Туманда биринчи бўлиб "Нексия" машинасини миниш бойваччаликнинг белгиси эмасми?
Расулов сўзининг устидан чиқди. Жўжани ёзда эмас, айнан кузда санади. Ёзи билан эса Ҳамроевнинг ҳар бир қадамини санаб юрди. Пунктга қанча буғдой келди, қанчаси қаерга кетди, ҳаммасини текширмади. Текширтирди. Унинг совунига кир ювиб кўрмаган Ҳамроевни эса ипсиз боғлаб қўйди.
Расулов прокурорнинг қабулига кирганда Шербеков газета ўқиб ўтирарди. Расуловни кўриши билан курсидан сакраб турди ва дўстона саломлашди. Салом-аликдан сўнг Расулов муддаосини айтди.
- Мени кечирасиз, Шербеков. Мен бир бечоранинг ноҳақ ўн йилга қамалиб кетганлиги ҳақида арз қилиб келдим.
- Ким экан у бечора?
- У Раимқул Ниёзов.
- Ҳа, - дея эслади прокурор.
- Ниёзов нима иш қилганлигини биласизми?
- Жуда яхши биламан. У емаган сомсаси учун пул тўлаб, ўн йилга қамалиб кетди. Ўн йил-ку кўз очиб юмгунча ўтар-кетар, лекин унинг хотини соғайиб кетармикан?
- Хотинига нима бўлган?
- Шуни деб жинни бўлиб қолди. Ҳозир уни касалхонага элтиб ташлаган. У ҳам майли, саккизта бола сағир қолган.
- Хўш, - деди прокурор. - Сизнингча, сомсани ким еган?
- Сомсани унинг акаси ғалла қабул қилиш пунктининг мудири Ҳамидулла Ҳамроев еган.
- Ростданми? - иккиланиб сўради прокурор, - Сиз буни қандай исботлайсиз?
- Фактларим бор? Бу ҳақда органга ҳам хабар берганман. Уларга саллани олиб келинглар деса, каллани келтиришган.
- Далилларингиз борми? - Албатта бор. Ҳатто менда икки тонна буғдойни суратга олган видео кассета бор.
- Буғдой икки тонна эмас, икки ярим тонна бўлган-ку?
- Беш юз килоси Раимқулнинг ўзиники бўлган.
- Ўзи қаердан олган?
- Томорқасига эккан.
Прокурор сукут сақлаб қолди.
- Агар, - деди Расулов, - менинг сўзларимга ишонмасангиз, видео кассетани қўйиб кўрсатишим мумкин.
- Сиз уларни қандай қилиб суратга олдингиз? Наҳотки, сиз уларни суратга оласизу улар сезишмайди?
- Ҳақиқатан ҳам сезмади. Сезмади эмас, сездирмадик.
- Қандай қилиб?
- Бу ҳозирча сир. Бироқ қаловини топсангиз қор ҳам ёнади.
- Яхши, - деди Шербеков. - Ҳозирча видео кассетани кўрсатишингизга ҳожат йўқ. Лекин ўша кассетани қолдириб кетишингиз шарт ва зарур. Сабаби Ҳамроев ҳақиқатан ҳам шундай иш қилганми-йўқми, текшириб кўрамиз. Агар Ҳамроев айбига иқрор бўлмаса, шундагина суратга туширган кассетани кўрсатамиз. Иқрор бўлса ўзига тегишли жазони олади.
- Келишдикми?
- Келишдик, - деди Расулов прокурорнинг узатган қўлини қаттиқ қисиб. Расулов прокуратурадан хурсанд ҳолда чиқди. Сутдек оппоқ "Нексия" автомашинасига ўтирди. Бўйинбоғини суғуриб ташлади. Кўйлагининг биринчи тугмасими ечиб, енгил нафас олди.
- Хайрият, ҳақиқат бор экан-ку, - деди ўзига-ўзи.
Лекин, бу ҳақиқат хамирдан қил суғургандек осонгина ҳал бўлмас эди.
Донохол АСРОРОВА.
Мавзуга оид: