ТУҲМАТ ГИРДОБИДА

(ҚИССА)
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
Депутат судхонага кириб борганида, қози Тошпўлатов ўз хонасида ёлғиз ўтирарди. У меҳмонни хушламайгина қарши олди. Исмоилов ўзини таништиргач, қози ҳушёр тортди. Депутат нима масалада келганлигини у дарҳол сезди. Чунки, Донаев куни кеча яна келиб кетган, бу ишга,  албатта,  депутат аралашиши мумкинлигини эслатиб кетган эди. Тўғриси, қози Донаевдан бу хабарни эшитгач, диққати ошиб, аввалроқ айтмагани учун терговчини бироз койиди. "жуда фидойи чиқибди-ю, бу депутатимиз, бошқаларининг иши битгач, ишончли вакили тугул, сайловчилариниям бир тийинга олмасдан беш йил кайфу сафо қилиб юроврарди" деб ўйлади қози ва Маҳкамов ишида қилган хатолари бирма-бир кўз олдидан ўтиб, депутатга жавобларини тайёрлаб қўйганди:
- Маҳкамов судга келмаганлиги учун   ҳибсга олиш тўғрисида ажрим чиқаришга мажбур бўлдим. Икки уч марта чақирув қоғози олиб бориб бердик. Аммо у келишдан бош тортди, - деди Тошпўлатов ўзини тамоман оқлаб.
- Маҳкамовнинг касалхонада эканлиги тўғрисидаги кўчирмани сизга етказишмаганми? У икки ҳафтадан буён касалхонада ётган экан. Чақирув қоғозини эса, олмаган.
- Чақирув қоғозини уйидагиларга олиб бориб берганмиз. Аммо, касалхонада эканлиги ҳақидаги кўчирмани кўрганим йўқ. Кўрганимда бундай қилмаган бўлардим.
Тошпўлатов шу ерда ёлғон гапирди. Маҳкамовнинг касалхонада ётганлиги ва даволанаётганлиги тўғрисидаги ҳужжат уч кун олдин суд маҳкамасига келиб тушган. Қонунга тамомила зид бўлишига қарамасдан, қози Маҳкамовни ҳибсга олиш тўғрисида ажрим чиқарган эди. Шу бир газетчининг ортидан ким сўраб ўтирибди, биргина хотини бўладиган бўлса, у саводсиз аёлни битта гап билан алдаб юборамиз, деб Донаевнинг гапига ишонибди. Тошкентдан  Олий Мажлис депутати келиб, айнан шу иш бўйича сўров қилади деб етти ухлаб тушига кирмаганди унинг.
- Қози бобо, - деди Исмоилов босиқлик билан, - ўша сиз ҳибсга олган Маҳкамов бир умр газетада ишлаб келаётган инсон. Туманда ўзига яраша ҳурмат, эътибори бор. Ҳозирги кунда соғлигининг мазаси йўқ. Имконингиз борича суд процессини тезлаштириб, ишини адолатли кўриб чиқишингизни истайман. Айбсиз одамни қамаш, унга адолатсизлик қилиб, жазо тайинлашга виждонингиз йўл бермайди, деб ўйлайман.
- Тўғри, тўғри, судни тезлаштириб, адолат юзасидан ҳукм чиқарамиз, албатта,-деди Тошпўлатов. Кўнглида эса "нима қилишни ўзим биламан, депутат бўлсанг, ўзингга, ишимизга аралашишга ҳаққинг йўқ. Маҳкамовингни ҳоҳласам оқ қиламан, ҳоҳламасам қора... Сен ҳам бир келасан, икки келасан, жа бўлмаса, телефон қиларсан, мирқуруқ, сўнг ўчиб кетасан..." деб ўз кўнглини чоғ қилди-да, Исмоилов билан қуюққина хайрлашиб қўя қолди.  
Қозининг хонасидан чиқаркан, Исмоиловнинг бу қозидан яхшилик чиқмаслигига кўзи етди. Одамнинг юзи унинг кимлигини билдириб туради. Тошпўлатовнинг бир жойга қадалиб турмайдиган ғилай кўзлари, нурсиз  юзи унинг кимлигидан дарак бериб турар, ноҳақ бўлса ҳам "мен ҳақман" деб турадиганлар тоифасидан эканлигини билдирар эди. 
Маҳкамовнинг қамоққа олиниши Исмоиловни ҳам ҳийла мутаассир қилган эди. Бу иш юқори мансабдаги кишилар томонидан уюштирилганлигига, журналистнинг, яъни,  ишончли вакилининг қамоққа олиниши орқали депутатга ҳам орқадан зарба беришга ҳаракат қилишаётганлигини англаб етганди. Башарти, у бундай кескин вазиятда сал ножўя ҳаракат қиладиган бўлса, ҳокимларга етарли баҳона бўлиб хизмат қилиши, "депутат ўз ваколат доирасидан чиқиб суд ишларига аралашиб, ҳалақит бермоқда, айрим жиноятчиларни ҳимоя қилмоқда" деб, парламентга, сенатга, президентга ҳам шикоят хати юборишлари аниқ. Расул Раҳимовичда бу режа ҳам бор эди. Туман ҳокимининг Исмоиловни кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ. Йиғилишларда расмиятчилик юзасидан салом-алик қилишади холос, "бу аҳволда беш йил қандай қилиб, биргаликда халққа хизмат қиламиз?", ўйлайди Исмоилов. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига вилоят ҳокими ўринбосарининг ҳамда Раҳи-мовнинг номзоди ўтмай қолишида ҳокимиятдагилар Жасур Исмоиловни асосий айбдор деб ҳисоблашар эдилар. Сайлов - сайлов-да. Бу халқнинг иродаси. 
Жасур Исмоилов сайловда ғолиб чиққач, Тошкентда, Олий Мажлис қонунчилик палатасида, халқ таълими доимий қўмитасида фаолиятини бошлади. Шанба, якшанба кунлари туман қишлоқларида бўлиб, сайловчиларининг ҳаёти, барча соҳалар бўйича муаммо ва ечимлар билан шуғулланади. Исмоилов қабул кунларини редакция биносида ўтказа бошлади. Аҳолининг ҳокимликдан кўра, депутат қабулига кўпроқ келаётгани, муаммоларнинг жойида, ўз вақтида ҳал этилаётганлиги Расул Раҳимовичнинг ғашига тегарди. "Бу кетишда менинг ўрнимни олиб қўйиши ҳеч гап эмас" деган шубҳа унга бир зум тинчлик бермасди. Шундай бўлгач, кун сайин обрўси баландлашиб бораётган депутатнинг қулоғидан тортиб  қўйиш учун ҳам ҳокимга қандайдир баҳона, рўкач керак эди.
- Исмоилов йўлда кетиб борар экан, бу курашнинг эндигини бошланганига ва ҳали бери тугамаслгига иқрор бўла бошлади. Буни у боягина қози билан  бўлган суҳбатидан сезган эди. 
ТОРТИШУВ    
Орадан тўрт кун ўтгач, Йўлдошни Каттақўрғон қамоқхонасидан қўшни туман ички ишлар бўлимининг ҳибсхонасига олиб келишди. Уни олиб келишган милиционерлар эртаси куни суд иши бошланишини маълум қилдилар. Хайрият, тезлашибди, деб ўйлади Йўлдош. Энди судда ҳаммаси ойдин бўлади. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини одил суд аниқлаб беради.  Суд кўпга чўзилмас, 2-3 куннинг ичида ҳал бўлиб қолар...
Йўлдошни кўргани икки акаси ва укалари келишди. Катта акаси билан учрашишга рухсат беришгач, қамалганлигини зинҳор онасига айтмасликни тайинлади. Энаси саксон ёшни қоралаяпти. Салга қон босими кўтарилиб кетади. Эшитиб қолса борми, ороми йўқолади, Йўлдошни ўз кўзи билан бир кўрмаса, ҳеч кимга тинчлик бермайди. Шундай экан, эшитмагани маъқул. Йўлдош куни бўйи эртасига суд мажлисида  бўладиган воқеаларни тасаввурига келтиришга, мабодо унга сўз бериб қолишса, нималар дейишини, ўзини қандай тутиш, ҳимоя қилишни кўнглидан бирма-бир ўтказа бошлади. У ўзига қўйилган барча айбловларни рад этишга етарли асослари борлигига ишонар, ўзидан кўнгли тўқ эди. Фақат, суд мажлиси тезроқ бошланса бўлгани, ҳаммаси равшанлашади. Эрталаб соат  10 ларда Йўлдошни махсус милиция машинасида суд маҳкамасига олиб келишди. Суд зали ҳали бўм-бўш эди. Уни темир панжара ортига ўтқазишиб, қўлларини боғлаб қўйган кишанни ечиб кўйишди. Бир зумда зал одамларга тўлиб кетди. Маҳкамовни турмага қаматдим деб, ўзини қаҳрамон чоғлаб юрган Зарифа Хўжаева ҳам шу ерда. У эгнига қоматини кўз-кўз қилиб турадиган, тор, европача кўйлак кийиб олган, қош-кўзлари ва яноқларига турли пардоз-андоз бўёқларини чаплаган эди. Ҳатто, ҳарир кўйлак остидаги нозик ич кийимлари кўриниб, кимнидир ғашига тегар, кимгадир томошаси ёқарди. У Йўлдошга "мана, устингдан ғолиб чиққанимни кўриб қўй, қўлингдан нима келди, вой, шўрлиг-а" дегандек унинг ёнидан солланиб ўта бошлади. Биринчи қаторда ўтириб, Хўжаеванинг келишини  кузатиб турган Барно сабри чидамай ўрнидан туриб, аёлнинг рўпарасига чиқди. - Ҳой, танноз, туҳматчи, олдимдан ўтма, орқага қайт, ҳув ана у ерда ўтир, кўзимга кўринма, ҳозир башарангни бир ёқли  қилиб ташлайман. Йўлдошнинг акаси Барнонинг қўлидан тортиб, жойига ўтқазди. Хўжаева бари-бир ортига  қайтмади-да, тўрдаги қора курсида ўтирган Йўлдош ва унга рўбару  биринчи қаторда ўтирган Барнонинг ораларидан ўтиб, шу қаторнинг чекка ўриндиғига ўтирди. - Ҳали қараб тур, шармандангни чиқараман, ифлос, мансабпараст!... Навбатчи милиционер келиб тартиб сақлансин, деб Барнони огоҳлантирди. 
- Турингизлар, суд келяпти!
Суд котибининг овози бирданига барчани  сергаклантирди. Залдагилар "гурр" этиб ўринларидан туришди. Залга қовоғини солиб олган алпозда Тошпўлатов ва унинг икки нафар маслаҳатчиси кириб келишди. Тош-пўлатов суд раиси ўтирадиган салобатли курси олдига келиб "ўтиринглар!" - деб йиғилганларни ўтиришга чорлади. Ўзи ҳам ўрнини эгаллаб, кўзойнагини қаншарига қўндириб, залдагиларга синчковлик билан назар ташлади. Сўнг қаппайиб кетган жиноят ишини очиб, баланд овоз билан ўқиди. 
- 2001 йил июнь ойининг 12-куни  Бошариқ туман жиноий ишлар бўйича судининг раиси Н.Тошпўлатов, халқ маслаҳатчилари И.Ёқубов ва Т.Носировлар ҳайъатида И.Ўсар-қуловнинг котиблигида, томонлардан туман прокурорининг ёрдамчиси Д.Қориев, ҳимоячилар Г.Амирова, А.Эсонов, А.Турдиев ва Ш.Яхшиевларнинг иштирокида:
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси, 3-қисми, "а", "б", "в" бандлари; 205-моддасининг 2-қисми "в" банди; 184-моддаси 2-қисми "а", "б" бандлари; 209-моддасининг 2-қисми "а" банди; 228-моддасининг 2-қисми "б" бандлари билан айбланиб, судга берилган Маҳкамов Йўлдош ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган № 53-сонли жиноий ишни кўриб чиқишни бошлаймиз.
Шундан сўнг қози йиғилганларни айбланувчи Маҳкамов Йўлдош, редакция бош ҳисобчиси Аслиев Шамси, босмахона директори Эсиргапов Асрор, босмахона ишчиси Қодиров Элбекларнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Кейин Йўлдош Маҳкамовга қўйилган айблов хулосасини  баланд овозда ўқий бошлади:
Айбланувчи Маҳкамов Йўлдош "Янги ҳаёт" газетасининг муҳаррири вазифасида ишлаб келиб, у масъул мансабдор шахс бўла туриб, ғаразли ва паст ниятларда жамоанинг ихтиёрига берилган, таҳририятга қарашли ёрдамчи хўжалик ер майдонидан олинган мулкни ўзлаштириш йўли билан уни талон-тарож қилиш мақсадида Аслиев Шамси, Эсиргапов Аҳрор, Қодиров Элбеклар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзига берилган мансаб ваколатини қасддан суистеъмол қилиб, ёрдамчи ҳўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни атайлаб қалбакилаштириб, жиноий ишга қўл урадилар. Жумладан, туман ҳокимининг 1995 йил 23 март кунидаги 43-К сонли қарорига асосан туманнинг "Гулбоғ" жамоа хўжалиги ҳудудидан "Янги ҳаёт" газетасига ёрдамчи хўжалик сифатида ер ажратиб берилган. Суғориладиган ер майдонини Маҳкамов Йўлдош 1996-2001 йиллар давомида ўзининг яқин қариндоши Холматов Бакирга ҳеч қандай шартнома тузмасдан, қонуний асосларсиз, ижарага бериб, фақат ўз шахсий мақсадлари йўлида фойдаланиб келган. Жумладан...
Шундан сўнг қози 1996 йилдан 2001 йилга қадар бўлган даврда ёрдамчи хўжалик фаолиятидан олиб келинган даромадларни, кирим-чиқим натижаларини батафсил ўқиб эшиттирди. Буларнинг ҳаммаси айбномада бичиб тўқиб ёзилган ғирт туҳматлар эди. 
Айбномани бошдан охиригача ўқиб эшиттиргач, Тошпўлатов залдагиларга қараб, "саволлар борми?" деб сўради. Ҳеч кимдан садо чиқмагач, у Йўлдошга мурожаат қилди:
- Судланувчи, Маҳкамов, айбномада келтирилган далиллар, фактларни тан оласизми?  Айбингизни эътироф этасизми? 
- Йўқ! Мутлақо! Барчасини рад этаман!"-деди  қози айбномани қачон ўқиб бўлишини сабрсизлик билан, тишини-тишига қўйиб, эшитиб турган Йўлдош ўрнидан даст туриб:
- Айбнома бошдан оёқ бўҳтон ва туҳматдан иборат. Уни инкор этишга тўлиқ ҳақлиман деб ўйлайман ўзимни.
- Бошариқ туман босмахонасига олти тонна буғдойни бермасдан ишонч қоғози ва фактурани сохталаштириб олгансиз...
- Ҳаммаси уйдирма гаплар. Мен бир йил мобайнида у ерда газета чиқарганман, эвазига эса, олти тонна буғдой берганман.
- Ахир улар олмадик дейишяпти-ку. Сиз, Эсиргапов, бунга нима дейсиз?
Қозининг бу гапига босмахона директори тайёрланиб турган экан чоғи, ўрнидан тура солиб гапира кетди:
- Мен Маҳкамовдан буғдой олмаганман. У билан кўп йиллардан буён танишлигимиз учун, илтимосини ерда қолдирмай, ишонч қоғози ва шартномасига имзо қўйиб берганман. У газетани ишчиларимга нақд пул бериб чиқарар эди.
- Шартнома тузганмисизлар?
- Шартномани йилнинг охирида тузганмиз.
- Газета қоғозларини, бўёқларни ким олиб келарди? 
- Маҳкамовнинг ўзи олиб келарди.
- Демак, сиз Маҳкамовдан буғдой ҳам, пул ҳам олмагансиз, шундайми?
- Шундай.
Тошпўлатов билан босмахона директори Эсиргаповнинг ўртасида кечган савол-жавобга Йўлдош таажжубланиб қараб қолди, чунки улар худди,олдиндан келишиб олгандек суҳбатлашарди. 
(Давоми бор)
Мавзуга оид: