Р А Ш К Ҳ и к о я

- Нима бўлди, қизим, рангингда ранг қолмабди, - деди Сабоҳат эшикдан кириб келган қизи Наргизага қараб.

- Яна ўша гап. Сиз топиб берган куёвингиз рашк қилиб, ҳар икки гапнинг бирида сен мени севмагансан, никоҳгача ҳам бирор марта учрашмагансан, суратга тушмагансан, деб таҳқирлагани таҳқирлаган. Унга текканимдан бери шу аҳвол. Бу ҳаётдан рости, тўйиб кетдим, - дея Наргиза оғир уф тортди-да, хона чеккасидаги диванга ўтирди.

Сабоҳат қизининг аҳволига тушунади. Барчасига ўзи айбдор эканлигини билади. Қизи мактабни битиргач, СамДУга бориб тил ва адабиёт факультетига ўқишга топширмоқчи эди. Ўзидан уч-тўрт ёш катта бўлган қишлоқдоши Анварни севарди. Йигит университетнинг тил ва адабиёт факультетида ўқирди. Уларнинг баъзан пинҳона учрашиб туришларини она яхши биларди. Аммо қўшни қишлоқдаги аммаси кўп вақтдан бери Наргизани ўзим келин қиламан, бу ёдингда бўлсин, агар рози бўлмасанг, аммам йўқ деб ҳисобла деганди. Шу сабаб она икки ўт ўртасида қолганди. Қизини айтганини қиладиган бўлса, аммаси билан юз кўрмас бўлиб кетиши тайин. Агар аммасининг сўзига қулоқ соладиган бўлса, қизининг дилига озор беради. Бир неча кун давомида ана шу ҳақда ўйлади. Охири бир қарорга келди. Менинг ўзим ҳам эримни тўйдан кейин кўрганман-ку, қиз бола кўникиб кетади. Бошқа иложи ҳам йўқ. Бир йигитни деб, ота-онасидан воз кечмаса керак.

Эртаси кун қизини чақириб, аммасининг ўғлига турмушга чиқишини, агар шундай қилинмаса, ўртада оғайнигарчиликка дарз кетишини узоқ тушунтирди. Аммо қиз онасининг сўзларини эшитишни   ҳам истамади. Ўқишга киришни, агар турмушга чиқса фақат Анварга тегишини уялмасдан айтди.

Шундай бўлишини, қизининг қатъий қарорга келишини она олдиндан сезганди, шу туфайли охирги сўзини айтди.

- Агар мени онам десанг, рози бўласан, йўқ дейдиган бўлсанг, ана эшик очиқ, истаган йўлингга кетавер…

Онасининг бундай қатъий қарорга келишини кутмаган Наргиза бир зум карахт ҳолда тушимми, ўнгимми дегандай жойида ҳайкалдек қотди. Ҳамиша қизининг кўнглига қарайдиган, юмшоқ табиатли меҳрибон онаси наҳотки шу гапни   айтган бўлса. Наҳотки, онаси бир неча кун ичида бутунлай ўзгарган бўлса. Нима қилиши керак. Қиз боланинг ота-она юзига оёқ қўйиб уйдан бош олиб чиқиб кетишини ҳеч ким оқламайди. Ота-онасининг розилигисиз хоҳ қиз бўлсин, хоҳ йигит, бахтли бўлолмайди. Аммо кўнгли бошқада бўлса нима қилсин. Қалби, юраги ақлига бўйсунмаяпти-ку. Бироқ, илож қанча. Осмон йироқ, ер қаттиқ. Ўзи кўрмаган, севмаган кишига турмушга чиқишга мажбур.

Наргиза онасининг гапига аниқ бирор жавоб айтмасдан, хонасига ўтиб, аламини йиғидан олди. Энди севгани Анвар билан учраша олмаслигини ўйлаб баттар эзилди. Шу куни туз ҳам тотмади.

Она эса қизидаги бу ўзгаришни кўриб ўткинчи ҳолат деб ўйлади. Орадан бир неча кун ўтгач, уларнинг фотиҳа тўйлари бўлиб ўтди. Шундай бўлсада, қизнинг қовоғи очилмас, онаси билан деярли гаплашмасди. Кечки овқатдан сўнг телевизорни ҳам кўрмай хонасига чиқиб кетарди. То ярим тунгача юм-юм йиғлаб, бегона уйда ўзи кўрмаган одам билан яшашни тасаввур қила олмас, ич-ичидан эзиларди. Бўлажак турмуш ўртоғининг учрашувга чорловчи хатларини бурда-бурда қилиб йиртиб, онасининг кўз олдида ҳавога сочарди.

Ниҳоят никоҳ тўй ҳам белгиланди. Қиз ҳамон совуққон, биров билан сўзлашмас, турмушга чиқаётганлигидан норози эканлигини ошкора намойиш этарди. Шундай бўлсада, қизидаги бу норозиликларни она табиий ҳол деб ҳисоблар, бир-икки кун хафа бўлиб юриб, кейин тақдирга тан беради деб ўйларди.

Бироқ бундай бўлмади. Никоҳдан кейин ҳам Наргиза эрига кўнгли исимади. Ҳатто ўз уйига қайтиб келмоқчи ҳам бўлди. Шунда янгаси ва дугоналарининг насиҳатлари сабаб бу ишни қилмади. Бора-бора кўникди. Аммо юрагида ҳамон севгилиси Анвар яшар, уни унута олмас, ҳаётдан совиган бўлсада, фақат йигитнинг ишқи туфайли ҳаётда яшаётганлигини ҳис қиларди. Гоҳо туман марказига борганда Анварни узоқдан кўриб қолса ҳам хўрсинар, муҳаббатларининг саробга айланганини эслаб, яна хаёлларга бериларди. Бир куни туман ҳокимлигида Анвар билан тўқнаш келди. Кўзлари учрашди. Улар бир-бирларига бир зум тикилиб қолишди. Ниҳоят Анвар Наргиза билан илиқ сўрашди. Қандай хизмат бўлса доим тайёр эканлигини билдириб, хайрлашди. Шу топда Наргизанинг юрагида аллақандай илиқлик пайдо бўлди. Орадан шунча йил ўтса ҳамки, уни унутмабди. Очиғи бундан у хурсанд бўлди.

Баъзи ҳолларда Наргиза эри билан Анварни таққосларди. Ана шунда улар ўртасидаги фарқ ер билан осмонча эканлигини сезарди. Анвар вазмин, хушчақчақ ва самимий бўлса, эри бунинг тескариси эди. Бирор марта хотинига яхши гапирмас, қовоғидан қор ёғар, бор алами бўлса ичида эди. Ўз хотинининг кўнглида бошқа инсон яшаётганлигини сезарди, шу боис тирноқ орасидан кир қидирар, баҳона топиб дўппослаб, ҳақорат қиларди. Ўша кунги жанжал ҳам оддий нарсадан бошланди. Дугонаси Ҳалима тўйига таклифнома юборган экан. Одатдагидек синфдошлар йиғилишиб, гилам олиб боришарди. Аксига олиб тўй куни эри уйдан чиқмади. Хотинига тўйга бормайсан, дея оёқ тираб олди. Наргиза эрининг атайлаб жанжал чиқаришини яхши биларди. Яхши гапириб кўрди, ёмон гапириб кўрди, охири бўлмади. Энди қайтиб келмайман дея эрининг юзига айтиб, йўлга тушди…

Она қизидан эри билан ўрталаридаги жанжалдан хабардор бўлгач, майли бир-икки кун дам ол, кейин кўрамиз, деди. Наргиза шунга ҳам рози эди. Аммо кечга бориб фикри ўзгарди. Уйдаги болалари, набиралари кўз олдига келаверди. Айниқса катта набираси Комилбекнинг бувим қани, деб хоналарни излаб юришини кўз олдига келтирди. Сабри чидамади. Кийимларини йиғиштириб ота ҳовлидан чиқди-да, тез-тез юриб кетди.

Қизининг бу ҳолатини кўриб ошхона олдида турган онаси: - ҳой, қизим, қаёққа,- дея чақириб қолди.

Аммо Наргиза онасининг саволига жавоб бермай, қўли билан ўзи яшаётган қишлоқ томонни кўрсатди. Йўлда кетиб бораркан, оиласи, болалари, набираларисиз бир зум ҳам яшай олмаслигини ҳис қилди…


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.


Мавзуга оид: