Азиз НЕСИН, турк ёзувчиси ИШЧАН АЁЛНИНГ ЎРНИ

(Ҳажвия)

Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида ишбилармон аёл кишининг фаолияти ўз ечимини йиллаб кутаётган ижтимоий масаладир.

Ҳозирги шароитда аёл кишининг ҳаётнинг турли жаб-ҳаларида фаол иштирок этиши оилавий муҳитга салбий таъсир кўрсатади, деб айтишлари ўта беъманилик. Мен буни ўзимнинг    бахтли оилам мисолида исботлашим мумкин.

Давлатимизга ғарб демократиясининг импорти ва эркин демократ депутатларнинг сайловолди ваъдаларга тўла нутқларидан уларни сайлаш осонроқ, яшаш эса тобора қийин бўлганидан камина ишлаётган аёлга уйланишга мажбур бўлдим.

Менинг аёлим - интилувчан ходим, кофта ёки свитер тўқишдан бўш вақтларида, хизматдаги (ишдаги) ҳамкасблари билан вайсашни яхши кўради. Ўзим эса кечаси билан бир газетанинг бўлим бошлиғи сифатида муҳаррирлик қиламан.

Биз турмуш қуришга аҳдлашган кунимиз, булғуси рафиқам ишлаётган банкидан 1 кунга жавоб(отгул) олди. Мен эса кечаси билан ишлаганимга қарамасдан ўша куни кундузи ухламадим.

Биз ЗАГС (фуқаролик ҳолатларини қайд этиш бўлими)га бориб рўйхатдан ўтдик, яъни турмуш қурдик. Шу куниёқ кечда севимли рафиқамни ўзимизнинг бахтга тўла уйимизда қолдириб, мен редакция-га ишга жўнадим. Эрталаб ҳолдан тойиб уйга келиб, ётоғимиз эшигига хотиним томонидан қистирилган қоғозга кўзим тушди:

"Азизим!

Мен ишга - банкка кетдим. Кўзларингни ўпаман".

Соғинч ёшлари билан суюкли ёримнинг хатини ўқидим. Сўнгра ухлашга ётдим. Менинг азизам ҳали ишдан қайтмаган эди. Мен ҳам ишга кеч қолишимдан хавотирга тушиб, турмуш ўртоғим ёзув қолдирган жойга хат ёздим:

"Қалдирғочим!

Мен кетяпман. Ишга кеч қолишдан қўрқаман. Ёноқларингни ўпиб қолувчи ёринг!".

Келаси эрталаб биз яна кўриша олмадик. Лекин менинг сариқ вафодорим худди душман устига отланган ҳарбий қўмондон буйруғидай, қайноқ ҳиссиётларга тўла хабар қолдиришни унутмабди:

"Қалбим чечаги!

Мен кетяпман. Минг, минг, минг марта ўпиб қолувчи рафиқангиз!".

Дарҳол жавоб ёздим:

"Фариштам!

Хатингни олдим. Катта раҳмат. Тилингдан аканг.

Сенинг содиқ эринг Хасан Кафадан".

Бундан буён биз фақат хатлар орқали ўпишардик ва қучоқлашардик. Тўйимиз ўтганига уч ой тўлгандан сўнг рафиқам қўли билан ёзилган ва хабхонамиз эшигига қистирилган хатда қуйидаги сўзлар битилган эди:

"Қадрдоним!

Хатларинг учун минг раҳмат. Ўзимга келсак, жуда яхшиман, сенга ҳам шуни тилайман. Оиламиз учун хурсандчилик хабарини айтмоқчиман. Яқинда фарзандли бўламиз. Англашимча, мен ҳомиладорман, аммо сен хавотирланма. Врачнинг сўзларига қараганда ҳомила саккизинчи ойни юзини кўрибди. Туғилажак фарзандимиз ватан ва халқ учун етук ўғлон ёки қиз бўлиши учун икковлон қўлни қўлга бериб ғайрат ва шижоат билан болани тарбияламоғимиз даркор. Қара, унутма, сенинг ҳиссиётга тўла хатларингни кутиб қоламан.

Фақатгина сенинг Покиза Кафаданинг".

Ҳар қандай ёш отадай ушбу янгиликдан ниҳоятда шодландим. Дарҳол жавоб хатини ётоғимиз эшиги тепасига қўндирдим:

"Менинг фариштагинам!

Беҳад, хурсандман. Мен хур- сандлигимдан сенга тилла тақинчоқ олдим. Ёстиғинг тагидан топасан.

Суюкли эринг Хасан!".

Дарҳақиқат, вақт ўтиши билан эр ва хотин бир-бирига кўника бошлайдилар, қайноқ севги эса секин-секин совий бошлайди. Биз ҳам ҳаёт ташвишлари натижасида бир-биримизга олдингидай муносабатда бўла олмай, борган сари севги, муҳаббатга тўла хатлар адоғи камая бошлади. Баъзида хат ёзишни, баъзида ёзилган хатларни  хабхона эшиги тепасига илишни унутардик.

Бир неча йилдан сўнг бизнинг ёзишмамиз умуман тўхтади. Аммо аҳён-аҳёнда уйни тозалаётган вақтимда радиоприёмник қаршисидаги тушлик хонтахтамиз таглари ва атрофларида пала-партиш ҳолда сочилиб ётган чулкилар, ички куйлаклар ва бошқа аёлларга хос ки-йимларини кўрганимда хотинимнинг уйга доимо келиб туришига имоним комил бўларди.

Шундай қилиб бизнинг бахтли ҳаётимиз йиллаб давом этди...

Бир куни ишдан чарчаб кинога боришга қарор қилдим. Кинотеатр ҳовлисида мен учун тасодифий воқеа содир бўлди. Қандайдир бир бақувват аёл менинг бўйнимга осилиб деди: 

- Азизим, суюкли қадрдоним!

- Кечирасиз, хоним-афанди, зўрға тилим калимага келди, мен фарзандли, оилали эркакман, ўзингизни қўлга олинг! Мени ким биландир адаштиряпсиз!

У дарҳол тилга кирди:

- Сен мени танимадингми? Қандай шармсизлик! Ё қудратингдан худо! Мен сенинг суюкли хотининг Покиза Кафаданман-ку.

Мен ҳайратдан қотиб қолдим.

- Демак, сен - менинг суюкли хотиним Покизасан? Мени кечир, танимабман. Мен сени кўрмаган, аммо бирга турмуш кечирган йиллар сени анча ўзгартирибди.

У қўли билан ёнма-ён, бўйма-бўй турган бир қизча ва икки ўғил болани кўрсатиб деди:

- Булар эса бизнинг фарзанди аржумандларимиз.

Мен уларни қўлини оталарча ғамхўрлик билан қисдим:

- Танишганимдан бениҳоя хурсандман.

Кейин онасининг қулоғига шипшиётган севимли қизчамнинг сўзларини эшитмаганликка олдим:

- Онажон, умуман дидингиз йўқ экан, бизга бундан чиройлироқ ота танламаган экансиз-да.

Кейин ёнига бурилиб, бўйи икки метр арслондай эркакни кўрсатиб деди:

- Бу киши бизнинг тоғамиз бўладилар.

Орадан йиллар ўтди, бир-биримизни кўрмасакда, оилавий ҳаётимиздан кўнглимиз тўқ, мамнунмиз. Агар мен ишлаётган аёлга уйланмаганимда ҳаётимиз уруш-жанжал билан ўтарди. Ҳозир эса шунча йил яшасакда, ҳаётимизни хиралаштирувчи бирор кор-ҳол рўй бергани йўқ.

Чунки, биз бир-биримизни кўриш учун вақт топа олмаймиз. Шунинг учун уруш-жанжал йўқ,тинч, осуда, ҳар хил оилавий драмаларсиз бахтли ҳаёт кечирмоқдамиз.

Менинг оилавий бахтимдан шу нарса маълум ва равшан бўлдики, ижтимоий ҳаётда аёлнинг фаол ишлаши, ишбилармонлиги бахтли ҳаёт қуришга тўсиқ бўла олмайди.


Рус тилидан 

Собир АМИРОВ таржимаси. 

Мавзуга оид: