Турмуш чорраҳаларида АСРОР БОБО ФАРЗАНДЛАРИДАН НЕГА РАНЖИДИ?

Асрор бобо туман марказидан уйига қайтгач, ҳовлисида тўпланиб отасини кутаётган қизларини кўриб ҳайрон бўлди. Тинчликмикан, туғилган кунимга ҳали вақт бор эдику, деган хаёл ўтди.
- Ҳа, болаларим, тинчликми?
- Тинчлик бўлганда бу ерга йиғилиб келармидик, ота?, - деди тўнғич қизи Зубайда саломни ҳам унутиб. - Эшитишимизча, ҳар куни туман марказига бориб хотин излаб юрган эмишсиз. Шу ёшда уят эмасми?
Қизининг салом йўқ, алик йўқ, бу танбеҳ бериши очиғи, отага оғир ботди. Жаҳли чиқиб, ғазаби қайнасада, дардини ичига ютди. Қизини ҳам тушунгандай бўлди. Бечора онасини жуда яхши кўрарди-да. Вафот этган бўлса-да, отасини қизғанади.
- Бу ёлғон гапни ким айтди, қизим?, - деди.
- Бу гапни ким айтганини аҳамияти йўқ, ота. Биз шуни билгани келдик.
- Очиғини айтаман, - деди ота унинг оғзига термулиб, нима дейишини кутаётган икки қизи ва бир ўғлига қараб. - Эналаринг ўлганига неча йил бўлди?
- Уч йил бўлди, - деди иккинчи қизи Барно ерга қараб.
- Хўш, шунча йилдан бери сен ўзинг мендан неча марта хабар олдинг, ростини айт.
- Мен, мен… Қизининг тили айланмади.
- Айта олмасанг, мана мен айтай. Бор-йўғи уч марта келдинг, тўғрими? У ҳам бўлса фақат туғилган кунларимда келдинг. Сен-чи, Зубайда, отам қандай ўтирган экан, нима еб, нима ичаётган экан, деб келдингми? Тўғри, яқинда келгандинг, унда ҳам ота, пенсиянгизни бериб туринг, қайнотамнинг туғилган кунига совға олишим керак, дегандинг. Тўғрими?
Зубайда бошини қуйи солди.
- Мен туман марказига бориб сенлар ўйлагандек хотин излаганим йўқ. Кутубхонадан китоб оламан, ўқиб бўлсам, яна қайтариб топшираман. Ҳе йўқ, бе йўқ, мени айблашга тушиб кетдиларинг, уят эмасми? Беш кунлигим борми, йўқми, бор топганимни сенларга қолдираман. Уйланишни хаёлимга ҳам келтирганим йўқ. Буни билиб қўйинглар.
- Ростданми, отажон, - қизлари бирваракайига шундай дейишди.
- Ҳа, рост, болаларим.
- Ундай бўлса, бизни кечиринг, отажон, - дея қизлари ўзларини отасининг бағрига отишди…
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00