О Т А Ҳ и к о я

Ота рози, худо рози.
Халқ мақоли.
Бехосдан жиринглаган телефон овозидан Мурод чўчиб уйғонди. Электр чироғини ёқиб, соатига қаради. Соат миллари тунги иккини кўрсатиб турарди. Шоша-пиша гўшакни кўтарди.
- Алло, - бу сизмисиз, ака, - телефондан ғамгин овоз эшитилди. - Отам оғирлашиб қолди. Тезроқ етиб келинг.
Мурод укаси Жаҳонгирнинг овозини дарров таниди. Демак, отаси оғир аҳволда. Қайси куни ҳам укаси телефон қилиб, ака, отам сизни кўришни истаяпти, деганида ҳам бораман, деганди. Аммо бугун бораман, эрта бораман деб вақт топа олмади. Очиғини айтганда, тижорат ишларидан ортиб бора олмади. Ҳатто хотини Робия хўжайин, укангиз бекорга телефон қилмайди, отангиз сизни кўриш учун илҳақ бўлиб тургани аниқ. Иш қочиб кетмайди. Кўзи очиқлигида кўриб келинг, деганида, "ҳа, майли бораман", деди-ю, бироқ ўз билганидан қолмади. Мана оқибати. Хотинига тезроқ ки-йинишини уқтириб, машинани ўт олдириб қўйди-да, ўзи ҳам тезда кийиниб, йўлга тушишди.
Пойтахтдан Муродларнинг қишлоғига қадар бўлган масофани енгил машинада 3-4 соатда босиб ўтиш мумкин. Ярим тун бўлганлиги боис, кўчаларда машина кам эди. Йўлда кетиб борар экан, ёшлигини, отаси билан боғлиқ воқеалар худди кино лентасидек бирма-бир кўз олдидан ўта бошлади...
Мактабни битирган йили онаси бир неча ой бетоб бўлиб, оламдан ўтди. Оиладаги олти болага бечора отаси ҳам ота, ҳам она бўлди. Ҳали эндигина эллик ёшдан ошган бўлишига қарамасдан, қариндош-уруғларнинг қисташларига қарамасдан, бошқа уйланмади. Қолган умрини болаларини ўқитишга, уларни уйли-жойли қилишга бағишлади. Катта ўғли Муродни қишлоқ хўжалик институтининг иқтисод факультетига ўқишга қўйди. Мурод мактабда яхши ўқиганлиги боис, институтни ҳам имтиёзли диплом билан тугатиб, аспирантурада ўқиди. Илмий иш қилди. Шу орада ўзи билан бирга ўқиган Робия исмли қизга уйланди. Уларнинг тўйлари катта шаҳарнинг энг обрўли ресторанида бўлиб ўтди. Ўшанда ҳам бечора ота ўғлимнинг тўйи камчиликсиз ўтсин деб, уч-тўрт ҳўкиз боқиб, деҳқончилик қилган, шу сабабли тўй дабдабали ўтди. Келин-куёв бор-йўғи бир ҳафтача отасининг уйида бўлишди. Кейин эса шаҳардан янги олинган кўп қаватли уйларнинг биридаги хонадонларига кўчиб кетишганди. Қишлоқдан уларни кузатиш чоғида отаси дуога қўл очиб: "Болаларим, доимо аҳил-иноқ бў-   линглар, тез-тез келиб туринглар", деб кўзига ёш олганди.
Шаҳарга келишганларидан сўнг Мурод ишга шўнғиб кетди. Бу орада тадбиркорликка қўл уриб, шаҳарнинг қоқ марказидан дўконлар очди. Чет давлатга бир неча бор бориб, зарур молларни олиб келгач, иши юришиб кетди. Аммо унинг йўлларига кўз тикиб ўтирган отасини кўришни эса эсига ҳам келтирмади. Охирги марта қачон борган эди-я. Ҳа, эслади. Бундан бир йилча илгари укаси келин олганида борганди. Отасини аҳволини кўриб, Мурод ачиниб кетганди. Отаси озиб кетган, илгари чақнаб турган кўзлари нурсиз, онда-сонда қаттиқ йўталиб қўярди. Ўшанда Мурод: "Ота юринг, сизни ўзим даволатай, деганида, қўявер ўғлим, ўтиб кетади, ўзим дори-пори ичиб оламан", деб унамаганди. Бундоқ Мурод ўйлаб қараса, отаси бутун умр болаларини деб яшаган экан. Уларни ўқитиш, уйли-жойли қилишни ўзи бўладими? Ёзин-қишин мол боқиб, деҳқончилик қилиб, болаларини бировдан кам бўлмасин, деб тиним билмади. Айрим оталар хотини ўлгандан кейин қабри совумасдан уйланиб олса, унинг отаси аксинча, ёш бўлса ҳам шу болаларини деб уйланмади. Йўлда шуларни ўйлар экан, Муроднинг хўрлиги келиб кетди. Беихтиёр кўзига ёш келди.   
Оқаришиб тонг отиш чоғида эр-хотин қишлоққа кириб келишди. Қишлоқда электр токи тез-тез ўчиб турганлиги боис, атрофда бирорта чироқ кўринмас, хўрозларнинг қичқирганлари сукунатни бузарди.
Қишлоқ четидаги отасининг уйига етиб боришганларида, укалари уларга пешвоз чиқишди. Ҳаммаларининг  юзларидаги ғамгинликни кўриб, отасининг аҳволи оғир эканлигини Мурод дарҳол пайқади. Ичкарига кириб, уйнинг тўрида ётган отасига яқинлашди. Бемор оғир-оғир нафас олиб ухларди. Ўғил унинг қўлларини ушлади. Томир уриши деярли сезилмасди. Бир пайтлар тоғни урса талқон қиладиган кенг елкали, бақувват отасининг худди ёш боланикидек бўлиб қолган гавдасини кўриб кўзлари намланди. Беихтиёр: 
- Ота, мен келдим, - дея олди.
Ўғилнинг овозини эшитиб, бемор ётган ота секин кўзларини очди. Ўғлига ним табассум қилиб, унинг қўлларини ушлади. Табассум қилишга уриниб:
- Яхши келдингми, ўғлим, - деди.
- Яхши бўлиб қолдингизми, ота?
Ўғлининг бу саволига ота жавоб бермади.
Муродни қўлларини қаттиқ қисди. Шу пайтда ўғил отасининг қўллари совиб бораётганлигини сезди. Шоша-пиша ота, отажон, деб хитоб қилди. Бироқ, бемордан жавоб бўлмади. Ўғлининг ушлаб турган қўлларини қўйиб юборди. Шу дақиқаларда отасидан бир умр ажралиб қолганлигини сезган Мурод бақириб юборди:
- Отажон!
Бироқ, отасининг кўзлари абадий юмилган эди. Ўғли унинг жонсиз танасини қучоқлаб йиғлар, бу кўз ёшлар пушаймонлик кўз ёшлари эди.
Йўлчи Муҳаммадиев.
Мавзуга оид: