Турмуш чорраҳаларида ОНА НОЛАСИ Воқеий ҳикоя)

Саида опа ёлғизгина ўғлининг бахтидан тинмаганини ўйлаб қаттиқ изтироб чекади. Тунлари уйқусида, кунлари эса юриш-туришида ҳаловати йўқ. Ўғли хотини билан сира чиқишолмади, орада фарзандли ҳам бўлишмади. Улар тенгиларнинг фарзандлари ҳедемай мактабга боришади. Саида опа ана шундай хаёллар оғушида нонушта тайёрлади. Лекин, унинг томоғидан бир парча нон ҳам ўтмади, бир пиёла чойни зўрға ҳўплаган эди, дарвоза тақиллаб қолди. Онахоннинг юраги безовта бўлиб, дарҳол дарвоза томонга югурди. Катта қизи Нозиманинг овозини эшитиб, ўзини босиб олди:
- Ассалому алайкум, онажон, нега хомушсиз? Мен сизга ҳозиргина тандирдан узилган бичак олиб келдим. Маза қилиб еволасиз.
- Вой қизим-ей, овора бўлиб нима қилардинг. Куёв, невараларим яхшими?
- Яхши-яхши ҳаммаси. Уларни қўя туринг, сизга ажойиб янгилигим бор. Саттор укамга бир қиз топдим. Эндигина мактабни тугаллаяпти. Қўшни маҳалладан.
Саида опанинг кўнгли ёришгандай бўлди. Қизи пишириб келган баҳор неъматини тановул қилди ва қизига шундай деди:
- Ахир уканг уйланган бўлса, мактабни энди битирган ёш қиз унга тегармиди?
- Онажон, у ёғи билан сизнинг ишингиз бўлмасин, ҳаммасини ўзим ҳал қиламан. Ахир, укам уйланган билан боласи бўлмаса, хотини кетиб қолган бўлса. Қизнинг оиласи ночорроқ, отаси ичкиликка рўжу қўйган, онаси эса четда ишлаб болаларини ўзи боқади. Бизга бермай кимга беради қизини. Ахир, укамга тегса бутун бойлик уники бўлади, егани олдида, емагани ортида бўлади. Мен шуларни қизнинг ойисига яхшилаб тушунтираман...
Дарҳақиқат, Нозима айтган сўзининг устидан чиқди. Қуда томонга қайта-қайта бориб, уларни кўндиришга эришди. Қизнинг орзусидаги қимматбаҳо совға-саломлар, қимматбаҳо сарполар, қиммат базмгоҳдаги тўй-томошалар бўлиб ўтди.
Орзулари гулдек нозик, эндигина ўн етти ёшни қарши олаётган қиз тўйдан сўнг ҳаётнинг турли хил зарбаларига дуч кела бошлади. Кўёв ўттиз тўрт ёшга тўлган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрган бўлса-да, ҳамон ўзининг эркалигини қўймас, бирор касб-ҳунари йўқ, куну тун уйда ётиб, кечаси маст ҳолатда қайтиб келиб жанжал кўтарар эди. Унинг бу қилиғидан онаизорнинг юраги куну тун қалтираб турар, нуқул унинг йўлига кўз тикиб ўтирарди.
Шундай кунларнинг бирида оилада фарзанд дунёга келди. Бир ўғил ва бир қиз эгизаклар оилага бир дунё қувонч олиб келгандай бўлди. Саттор энди бир йўла икки боланинг отаси бўлди. Қувонганидан ўртоқлари билан куну тун ичкилик қилиб, зиёфат устига зиёфат уюштирди.
Эгизаклар бир ёшдан ошар-ошмас Зарнигор яна ҳомиладор бўлди. Эгизакларни катта қилиш, учинчисига ҳомиладор бўлиш ёш келинни ҳолдан тойдирди. Эрининг ичкилик ичиб, кунда жанжал қилиши, унинг устига қайнопаси Зарнигорнинг кунора келиб, зуғум қилиши унга сира тинчлик бермас эди. Айниқса, қайнопаси унга кун бермай қўйди: "Сен укамни ҳурмат қилмайсан, рўзғорни бажаролмаяпсан. Телефонда бирор кишини топиб олганмисан, куну тун қулоғингдан телефон тушмайди. Мен уни кимлигини албатта топаман", дейди. Орада Зарнигор учинчи фарзандини дунёга келтирди. Яна ўғилли бўлишди. Энди қайнопаси унга туҳмат қила бошлади: "Сен бу болангни бошқа бировдан орттиргансан, ҳали кимлигини аниқлайман, шунда сени уч боланг билан бу уйдан ҳайдаб юбораман...", деди.
Охир-оқибатда Нозима айтганидек қилди. Зарнигорни зор-зор йиғлатиб, учта боласи билан онасининг уйига ташлаб келди. Ҳеч ким унга бас келолмади: на онанинг гапига қулоқ солди, на қудаларнинг... Тез орада улар укаси Сатторни учинчи марта яна уйлантиришди. Лекин у фарзанд кўра олмади.
Орадан йиллар ўтди. Зарнигор ўз онаси билан фарзандларини бир амаллаб, қийналиб бўлса-да, вояга етказди. Зарнигор онасининг кўмаги билан касб-ҳунар ўрганди ва ишлай бошлади. Тақдирни қарангки, бефарзанд бир оиладан унга совчи бўлиб келишди. Меҳр-оқибатли оила экан, уч нафар болани ҳам ўз қарамоғига олишди. Етимларга меҳр-мурувват кўрсатишгани учунми, балки тақдирнинг шафқатсизликларига бардош берган аёлга оллоҳнинг раҳми келдими, кўп вақт ўтар-ўтмас Зарнигор яна ўғил фарзанд кўрди. Оиласи билан тинч-тотув яшай бошлади.
Баҳорнинг илк кунлари эди. Эрта тонгдан Зарнигорнинг дарвозаси тақиллади. Эшикни очса, унинг қаршисида Саида опа турар эди: "Қизим, ҳаммаси учун бизни кечиринг, сизга ва болаларингизга кўп азоб бердик. Ўғлим ҳам ичкиликнинг дастидан оғир дардга чалинди. Қизимнинг эса турмуши бузилди...Кўзим очиқлигида набираларимни бир кўриб, дийдорига тўйсам дейман...".    
 Гулсара ТИНИБЕКОВА.
Мавзуга оид: