Турмуш чорраҳаларида ЁЛҒИЗЛИКНИНГ УЗУН ТУНЛАРИ

- Отажон, онамни «Тез ёрдам» олиб кетди, - деди қизи йиғлаб. – Акам ҳам у ерда. Тезроқ боринг.
Қандай ишхонадан отилиб чиққанини, қай ҳолатда касалхонага етиб келганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ўғли жонлантириш бўлимининг эшиги олдида кайфиятсиз ҳолда турар, афтидан аҳвол ёмон эди.
- Ҳа, ўғлим, онангни аҳволи қандай?
- Яхши эмас, ота, - ўғли ёш боладек ҳўнграб йиғлаб юборди.
Навбатчи шифокор беморнинг аҳволи оғир эканлигини очиқ айтишга мажбур бўлди. Ўша куни тун ярмида аёлининг жони узилди. Кутилмаган мусибат уни гангитиб қўйди. Катта ҳовли гўё уни ютиб юборгудек эди.
Тўғри, хотинининг маъракалари ўтгунча улар отасининг ёнида бўлишди. Яқинда туман марказидан янги уй олган ўғли ҳам 
кўчишга чоғланди. Бунга отанинг ўзи ҳам рози бўлди. Иш жойи у ерда бўлса, қатнаб ишлаш осонми? Дастлаб ўғли унамади,
ота, катта ҳовлида ёлғиз қолаяпсиз, сизга қарайдиган одам керак, мен қатнаб ишлайвераман, деганда ҳам, биламан, ҳали мен 
саломатман, овқатимни бемалол ўзим пишириб ея оламан, сен хижолат бўлма, деди. Ноилож қолган ўғил отанинг раъйига қарши 
бора олмади.
Ярим йилдирки аҳвол шу. Ит ётиш, мирза туриш. Айрим дўстлари ёлғизлик қийин эканлигини, ҳали бу ёшда уйланмаса 
бўлмаслигини кўп бор айтишди. Аммо у буни истамади. Севимли хотинига хиёнат қилишни асло истамас, унинг хаёли билан яшарди.
Хотинининг ўлимидан кейин шундай хулоса қилдики, ҳар бир эркак энг аввало биринчи навбатда умр йўлдошининг соғлигига эътиборли бўлиши керак экан. Аёл эри вафот этса ҳам оиладаги барча юмушларни бўйнига олиб, болаларини бошини қовуштириб, рўзғорини эплаши мумкин экану, аммо ҳар қандай эркак ҳам аёли оламдан ўтгач тинчи йўқолиб, калаванинг учини йўқотиб қўяркан. Шу боис бежизга шоир:
Тириклигида қилмасанг агар шод,
Ўлганда хоҳ қил, хоҳ қилма фарёд,
деб ёзмаган экан-да.
Ёши бир жойга бориб қолганда турмуш ўртоғидан айрилган отахонлар билан суҳбатлашганимизда, улар тириклик пайтида рафиқаларининг соғликларига жиддий эътибор бермаганликларини афсус билан таъкидлашади. Сўнгги пушаймон ўзингга душман, деганларидек, азиз эркакларимиз фарзандларининг онаси, миллатимиз давомчилари бўлган аёлларини доимо соғлом бўлишлари учун доимо уларга ғамхўрлик қилишлари зарур. Буни ҳар биримиз ёдимизда сақлашимиз ва амал қилишимиз керак.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: