Жаҳон адабиёти дурдоналари АДОЛАТ

- Бу дунёда адолат йўқ! - норози оҳангда чийиллабди мўъжиза туфайлигина латчанининг ўткир панжаларидан зўрға қутилиб қолган сичқонча.

- Ёлғонга чидамай кўр-чи! - жаҳл билан қичқириб юборибди мушукдан қўрқиб, кавагига яшириниб олган латча. 

- Бу тақдирдан қочиб бўлмайди! - миёвлади мушук ва баланд деворга чиқиб олди-да, хавотирли кўзлари билан ҳовлида айланиб юрган кўппакка қараб-қараб қўйди. 

- Дўстларим, тинчланинг! - деди донишманд бойқуш деҳқон ҳовлисининг тўрида ўтирган кўйи. - Наҳотки ҳаёт фақат нолишдан иборат бўлса? Бу ҳаётда ҳар кимнинг ўз улуши ва ҳиссаси бор. Адолат фақат бир кишига тааллуқли ва боғлиқ бўлмайди. 

Унинг сўзларини тинглаб, сичқонча уясидан бошини кўтариб, ташқарига қаради, латча ковагидан бурнини чиқарди, мушук деворга яхшилаб ўтириб олди, кўппак эса орқа оёқларига чўзилиб ётди. 

- Адолат, - давом этди бойқуш, - табиатнинг олий қонуни. У ерда яшаётган жамики жонзотлар ўртасида одилона келишув муҳитини яратади. Бу доно қонун бор эканки, ҳайвонлар, қушлар, балиқлар ва ҳатто ҳашаротлар бир-бири билан келишиб яшайдилар. Қаранглар, асаларилар қандай иноқ яшашади, биргаликда меҳнат қилишади. 

Бойқуш ҳақ эди. Асаларилар оиласида она асалари бошчилик қилади. У ишни ҳаммага бирдай бўлиб беради, уларни назорат қилади. Ҳар бир ари қўлидан келадиган ишни бажаради. Бир гуруҳ арилар гулдан-гулга шарбат терадилар, бошқалари - мумли асал йиғадилар, бирлари арихонани қўриқлайдилар, арихонага яқинлашган хира ва тукли ариларни қувадилар. Санитар арилар тозаликни сақлайдилар, она арининг шахсий қўриқчилари ундан бир зум айрилмайдилар. Она асалари қариб қолса, энг кучли асаларилар уни авайлабгина кўтариб, шифокор асаларилар олдига олиб боришади. Улар уни меҳр билан даволашади. Бирон-бир асалари ўзига юклатилган вазифани уддаламаса ё ундан бош тортса, уни муқаррар жазо кутади. 

Табиатда ҳамма нарса ақл билан жой-жойига қўйилган. Шунинг учун ҳам ҳар ким ўз иши билан шуғулланиши лозим. Ҳар ким қўлидан келган ишни қилсагина, ҳамма жойда адолат барқарор топади. Ҳаётнинг энг олий ҳақиқати шу доноликда мужассам. 


Рус тилидан 

Ойгул СУЮНДИКОВА   

таржимаси. 

Мавзуга оид: