ТУҲМАТ ГИРДОБИДА (ҚИССА)

У Тошкентни доим соғинади. Талабалик йилларидаги воқеаларни кўп эслайди. Бу азим шаҳарда унинг қадрдонлари кўп. Кўп йиллик садоқатли дўсти Ботир Исмоилов ҳам бу шаҳарда нуфузли идораларнинг бирида нуфузли лавозимда ишлайди. У депутат Жасур Исмоиловнинг укаси, Йўлдош сайлов пайти унинг сўзини икки қилмай акасига ишончли вакил бўлишга рози бўлган эди. Йўлдош Ботир билан кўп яхши-ёмон кунларни бошларидан ўтказишди. Ўша саксонинчи йилларда улар бир гуруҳ дўстлари билан йиғилишганларида Ўзбекистоннинг мустақил давлат бўлишини орзу қилиб суҳбатлашишарди. У пайтларда бундай  фикрларни айтишнинг ўзи нақадар хатарли эди. Ҳокимият йиғилишлари рус тилида ўтказилганда, ўзбек тилида ўтказилишини талаб қилиб, раҳбарлар билан бошқа жуда кўп муаммолар бўйича ҳам   баҳслашиб қолардилар. Бир қанча муддат Ботир туман савдо базасини бошқариб эл ўртасида катта обрў топди. Айни мустақиллик йиллари арафасида туман аҳолисини керакли озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва бошқа турли қурилиш материаллари билан таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам бериш каби хайрли ишларга бош бўлди. Ўша пайтларда Йўлдошни ҳам моддий томондан қўллаб-қувватлар, журналистлик фаолияти ҳамда ижод қилишига шароит яратиб беришга ҳаракат қиларди. Мутахассислигига қизиққан дўсти  аспирантурани битиргач, иқтисод фанлари бўйича илмий иш қилиб, фан номзоди бўлди. Шу орада сиртдан университетнинг ҳуқуқшунослик факультетини битирди. Тиниб-тинчимас Ботир камгап, вазмин бўлиб, камдан-кам ҳолларда жаҳли чиқарди. Йўлдош дўстининг босиқлигига ҳаваси келарди, ўзи эса, тезда қизишиб кетар ва масалани тезроқ ечим топишини истаб, диққат бўлаверарди. Ботирнинг дўстидан ўрнак оладиган жиҳатлари кўп эди. Ҳозир ҳам автобусдан тушиб, тўғри Ботирнинг ишхонасига кириб борди. Дўсти хонасида экан, қучоқлашиб кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашдилар
- Кўринишингиз ёмон эмас, кўп ўйланманг, дўстим, - деди Ботир ҳозиргина дамланган чойдан пиёлага қуйиб узатар экан.
-Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ бўлади. Инсон бошида ҳар хил ёмон кунлар бўлиши мумкин. Энг муҳими, бу қийинчиликларни енгиб ўтишда.
- Айтган гапларингиз ҳаммаси тўғри, бошингга қанча мушкулот тушса, ана шунча бардош ҳам керак-да. Ҳаммасига чидаш мумкин, аммо менга нисбатан бўлаётган адолатсизликка чидаш қийин. Президентимиз кечагина айтдилар-ку, одамлар ҳамма қийинчиликка чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди. 
- Балли, шундай. Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди. Сиз ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун курашинг, курашганда ҳам шошмасдан, қонундан четга чиқмасдан иш кўринг. Сиз вилоят апелляция суди туман судининг ҳукмини тасдиқлаб берди, иш шу бўйича қолади деб ўйламанг. Ундан кейин вилоят судининг президиуми бор...
- Президиумнинг жавобини ҳам олдим. Бежизга Тошкентга келмадим, дўстим, вилоятдагилардан умид йўқ, уларнинг тили бир, Тошпўлатов ҳаммасини бир фикрга келтириб бўлган. Ҳокимларнинг топшириғи уларнинг ижросида, бошқа ўзгариш бўлмайди вилоятда. Шунга кўзим етди. Амнистияга илиндим, бунинг учун Президентимизга раҳмат! Уч йил раҳбарликда ишламайман, туман ҳокимига шу керак эди, бу ҳам майли, лекин мен "судланган" деган қора ном билан қандай яшайман, дўстим. Эртага болаларимга, набираларимга нима деб жавоб бераман. Ҳақиқатан ўғирлик қилганман, давлатга, халқ мулкига хиёнат қилганман деб қандай айтаман?!
- Яна асабийлашаяпсиз, тинчланинг! Вилоятда ҳал бўлмаса, Олий суд бор. Бу ердагилар масалага жиддий қарашади, холисона кўриб чиқишади, шундай экан, биродар, тушкунликка тушманг, ёнингизда ҳалол одамлар, дўстларингиз кўп.  Ботир шундай деб дўстининг елкасига қоқиб қўйди. Қарадики, дўсти ниҳоят чарчаб келган. Ишини йиғиштириб уни уйига таклиф қилди. 
Тошкентга асабий ҳолда кириб келган Йўлдошнинг Ботир билан учрашгандан ке-йин чиройи очилди. У ҳар доим безовта бўлиб, нимадандир кўнгли хит бўлса, ёки бирор масалани ечолмай қолса, дўсти билан мулоқот қилар, унинг йўриқларидан сўнг хотиржам бўларди. Шунинг учун Ботирни устозидек ҳурмат қилар, енгар ҳаққига "устоз" деб мурожаат қилиб, дўстини хижолатга қўярди. Йўлдош дўстининг уйида меҳмон бўлди. Икки дўст ярим тунгача суҳбат қуришиб, пухта режа тузишди. Эртаси кун Йўлдош ёзган арзномасини Президент девонига, Жасур Исмоилов номига ёзилган "депутатлик сўрови"ни Олий Мажлис қонунчилик палатасига топшириб уйига қайтди.
***
Қози Тошпўлатов Маҳкамовга нисбатан вилоят апелляция судининг, президиумининг чиқарган ҳукмидан хабардор бўлса ҳам, уни бир нарса ташвишга соларди. У ҳам бўлса, Маҳкамовни касалхонада пайтида ҳибсга олганлиги эди. Журналист ҳалқи энг мижғов, эзма, ҳақман деб ўзини ажалга уришини била туриб, бу луқма қатта қозонда қайнашини сезса ҳам нега шу ишга қўл урганига пушаймон торта бошлади у. Айниқса, Маҳкамов девонга арз қилибди деб эшитгандан буён  барча  хатоси учун бари-бир жазосини олишини кўнгли сеза бошлади. Қўшимчасига депутат ҳам бор. "Нега писанд қилмадим, нима учун  кўзга илмадим шу йигитни, ҳокимларга ишонибми, уларга яхши кўриниш учунми? Лекин, жазони мен оламан, улар сувдан қуруқ чиқишади. Пастдан келгани ҳам етарди, тепадагига ҳам осилдим" дея ич этини кавлай бошлаганди қози.
Холисона айтганда, қози ҳақиқатан ҳам муҳаррирга нисбатан ҳар томонлама адолатсизлик қилди. Унинг шифохонада даволанаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатни келтириб беришган эди. Аммо у бу маълумотни тан олмади, аниғи, қасддан йўқотди. Бетараф, холис бўлиш ўрнига Донаев тарафга ўтди. Жазо белгилашда қўшимча 45-моддани қўллаб, судланувчининг ишини янада оғирлаштирди. Қонун ҳам, Маҳкамов ҳам  бу қабиҳлигини асло кечирмайди. Президент аппаратидан ва Олий мажлисдан депутатлик сўрови билан келадиган бўлса, айниқса, комиссияда Исмоиловнинг ўзи  қатнашадиган бўлса "худо берди" деявер. Тошпўлатов шу қадар чуқур хаёлга ботдики, ўзини ўзи бу чоҳдан чиқариб олишга қурби етмай қолди.  Шу пайт эшик очилиб, Донаевнинг катта боши кўринди.
Ассалому алайкум,-деб Донаев кела солиб Тошпўлатов билан кучоқлашиб кўришди. - Табриклайман, апелляция суди ҳам ҳукмингизни тасдиқлабди. Президиум ҳам.  Сизга гап йўқ. Ваъда бердингизми, албатта, бажарасиз.
- Бу тасдиқлатиш қанчага тушганини биласизми? Шу ишни битиргунча она сутим оғзимга келди, - деди қози ўйчан ҳолда.
- Биламан, биламан, бундан хабарим бор. Ҳисобли дўст айрилмас деганларидек, мен ҳам ваъдамни бажаргани келдим. Атаганим машинада турибди.
Донаевнинг бу гапидан кейин қозининг юзи ёришди, бояги ўйчанлиги, дили ғашлиги бир зумда тарқаб кетди.
- Эшитдингизми, Маҳкамов Тош-кентга кетибди. Олий судга боради-ёв?
- Борса, бораверсин,- деди Донаев қози билан машинаси томон борар экан, - қарға қарғанинг кўзини чўқимайди деган мақол сизларга ҳам тегишлими, нимадан зиқ бўласиз.
- Ё, тўғри депутатига боради,  ё, президент девонига ... Бу иш ҳали-бери тугамайди-ёв.
Шикоят қилавермайдими, аризалари келиб яна сизнинг қўлингизга тушади-ку! Тошкентга бориб, иш битиришнинг ўзи бўладими? Маҳкамовда йўл пули ҳам йўғ-у,  бир боради, икки боради, охири чарчайди, деди Донаев Тошпўлатовнинг кўнглини кўтариб. Лекин, Донаевнинг кўнглида ҳам юқоридан келадиган текширувлар ҳақида ғулу борлигини қозига сездирмади.
Иккаласи изма-из машина турган жойга етиб келишди. Донаев машинасининг эшигини очди-ю, ичкаридан қора дипломатни олиб қозининг машинаси орқа ўриндиғига қўйди-да, яна кўришамиз деди-да, уловини юргизди.
Ҳеч кимнинг оёғи тоймасин экан, ҳар доим Йўлдошни йўқлаб келадиган, кетдик тўйга, туғилган  кунга, еб-ичарга деб қистайдиган жўралари ҳам қораларини кўрсатмай кетишди. Йўлошнинг ўзи ишга киритиб қўйган, кези келганда милицияга тушганда бир оғиз гап билан ҳимоя қилиб, қутқариб олган танишлари ҳам, доимо уйидан чиқмайдиган оғайнилари ҳам қадамларини узишган эди. Наҳотки одамзод шундай ўзгарувчан  яралган бўлса? Қачонки, оёғинг узангида бўлган пайтда чор атрофингда дўстларинг, биродарларинг ҳар бир имо-ишорангга мунтазир бўлиб турса-ю, оғизларини кўпиртириб мақташса, мансабдан кетиб, ишинг юришмай колганда сени танимай кетишса? Ахир, дўст бўлдингми, унинг яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам йўқлаб, кўнглини сўраб туриш керак-да.
Йўлдош шуларни ўйлар экан, яқин дўстим деб юрганларининг ҳаммаси ҳам содиқ эмаслигини, дўст оғир кунингда билинади деган ҳикматнинг нақадар тўғри эканлигини юракдан ҳис қилди. Нима бўлганда ҳам, қанча вақт кетганда ҳам ўзига қўйилган айбларнинг туҳмат эканлигини исботлаб, номард дўстлар ва душманлари олдида юзини ёруғ қилмоғи шарт.
Зарифа Хўжаеванинг ҳокимдан ҳам, унинг муовини Қаюм Ҳайдаровдан ҳам кўнгли қолди. Уларнинг қўлида қўғирчоқ бўлганлигини эслаб орияти қўзиди. "Вой, номардлар-ей, яна эркак эмиш, Маҳкамовнинг устидан шикоят ёзиб, ишдан бўшатсангиз ўрнига сизни қўямиз деб кимни алдадиларинг?" Ана шу саволлар  охирги кунларда Хўжаеванинг тинчини тобора бузмоқда эди. Дарҳақиқат, ишлари битиб, эшаклари сувдан ўтгач, раҳбарлар ваъдаларини унутиб, ўзларининг югурдакларини муҳаррир қилиб қўйишди. Зарифа бўлса, шунча заҳмат чекиб қолаверди. Гап-сўз бўлгани ортиқча, режалари амалга ошмагач, қози билан бўлган ошнолиги ҳам кўнглини буза бошлаганди. 
 Хўжаева шахд билан туриб ҳокимият томон шошилди. Ҳокимлик биноси шундоққина редакциянинг ёнгинасида жойлашган. Хўжаева кириб борганида ҳоким муовини Ҳайдаров хонасида икки киши билан ниманидир муҳокама қилишаётган эди. Хўжаеванинг важоҳатини кўриб "бўпти, шу гап" деб ёнидагиларга рухсат берди.
  - Келинг, опа.
  - Келдим... ўртоқ Ҳайдаров, бизга берган ваъдаларингиз бошқача эди-ку. Ёки, ишимиз битди деб, унутиб қўйдиларингизми? - деди жувон аччиқ киноя билан. 
 - Йўғ-е, опа, нималар деяпсиз, биз ваъда бердикми, албатта бажарамиз, - деди Ҳайдаров ясама табассум билан. 
- Бажарганларингиз шуми? 
- Биз Турсуновни вақтинча муҳаррир қилиб тайинладик. Бу тортишувлар тугасин, сизнинг ишингизни ҳал қиламиз. Ҳозир сизни қўйсак, келишиб олганимиз билиниб қолади, опа.
 - Бу режа ҳокимдан чиқдими, ўзлари хабардорми?
 - Албатта-да, ҳокимдан буйруқ бўлмаса, шудгорда қуйруқ бўлмайди, опа.
- Ундай бўлса, майлия,- юзига қон югурди Хўжаеванинг, -  кутаман, фақат, чўзилиб кетмасин-а! 
Хўжаеванинг яна кўнгли тоғдек кўтарилиб, муовиннинг хонасинидан чиқиб кетди. У кетгач, Ҳайдаров "хайрият-е, шаллақидан қутилдим, сенга муҳаррирликни ким қўйибди" деб енгил нафас олди.
 Кейинги кунларда вилоят ҳокими алмашиб,  туман ҳокими Расул Раҳимовнинг ҳам пайтавасига қурт тушиб қолганди. Туманда аксарият соҳалар бўйича режалар барбод бўлган, пилла, буғдой ҳосилларининг хирмони тўлмади, пахта ҳосилининг ҳам туби кўриниб қолди-ю, режага чўт бермади. Вилоятнинг янги ҳокимидан бир ой ичида бир неча бор дашном эшитди. Ишлар орқага кетаётганидан  кайфияти бўлмай бир неча кун касалман деб, уйида даволанди.
Давоми бор. 
Мавзуга оид: