Намоз ботир ҳаракатининг 120 йиллигига Газетхонларнинг илтимосига кўра НАМОЗ ҲАҚИДА АФСОНАЛАР

1977 йилнинг август ойи охирлари эди, шекилли. Мамадиёр тоғамнинг катта ўғли Муртоза меникига келиб, тоғамнинг уйига Тошкентдан ёзувчилар келишгани, уларнинг Намоз Ботир бобомиз ҳақида сўраб суриштираётганликлари ўша пайтда қишлоқ оқсоқоли бўлган отамнинг ҳам  уларникида эканлигини айтиб, мени ҳам уйига тезроқ боришга чорлади. Ўша пайтда мен Самарқанд Давлат университетининг тарих факультети 3-босқич талабаси эдим. 
Бу мавзуга ёшликдан қизиқишим катта бўлганлиги сабабли қичаб юриб, уйимиздан 200 қадамча наридаги тоғамнинг уйига етиб бордик. Меҳмонлар билан саломлашиб чорпоя ёнига қўйилган бўш ўриндиққа ўтирдим. Меҳмонлардан бири Худойберди Тўхтабоевни илгари ҳам телевизорда бир неча марта кўрганлигим сабабли дарҳол  танидим. Даврадаги иккинчи меҳмоннинг Ўзбекистон ёзувчилар Уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими мудири Самариддин Сирожиддинов эканликларини эшитиб, хурсанд бўлдим. Чунки у кишининг 1972 йил май  ойида вилоят "Ленин йўли" газетасида манбашунос олим Наим Норқулов билан биргаликда эълон қилинган "Намоз ким эди?" сарлавҳали туркум мақолаларини катта қизиқиш билан ўқиб чиққан эдим. Қолган суҳбатдошлар қишлоқ оқсоқоли отам Худойберди Неъматов ва уй эгаси Мамадиёр тоғам Баратов эди. Мамадиёр тоғам Намознинг онаси Улуғой катта онамизнинг иккинчи ўғли бўлмиш Баратнинг иккинчи ўғли эди. Биринчи ўғли Юсуф иккинчи жаҳон урушига кетиб қайтиб келмаган.
Суҳбат фақат Намоз Ботир ҳақида бўлиб, даврага мен келиб қўшилганимдан кейин ҳам салкам тўрт соатча давом этди. Катталарнинг суҳбатига деярли аралашмадим. Уларни тингладим, холос. Фақат Самариддин Сирожиддиновдан "Ёзган мақолаларингизда Намозни Петербургга ўқишга бориб, ҳарбий билим юртига ўқишга киради. Ўқишни битиргач, Туркистон генерал-губернаторлиги ихтиёрига таржимон-адъютант этиб ишга тайинланади" - деб ёзилган. Бу маълумотлар архив ҳужжатларида ҳам   борми? - дея сўрадим. Саволимга у киши қисқача қилиб, "ҳа, бор" деб қўйдилар.
Суҳбат чоғида Намознинг ўта қамбағалпарвар ва мард киши бўлганлиги, шунингдек, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган жасур инсон эканлиги қайта-қайта тилга олинди. Суҳбат давомида Худойберди Тўхтабоевнинг қаердандир ёзиб олган ва  даврадагиларга ўқиб берган бир ҳикояси сира ёдимдан чиқмайди.
Шу жойда бир оз чекиниш қилишга, яъни ўша давр тарихий вазиятини эслатиб ўтишга тўғри келади.
1907 йил 25 майга келиб уч йилдан буён тутқич бермай келаётган Намоз ва унинг ҳаракатини тугатиш учун кенг қамровли ҳарбий операциялар бошланади. Бунинг учун  Бухоро амирлиги ҳудудида 12 та кузатув-назорат ўчоғи (пост) Самарқанд губернаси ҳудудида 10 та кузатув ўчоғи ташкил этилади. Бундан ташқари Бухоро амирлигининг Хатирчи, Зиёвуддин, Китоб, Шаҳрисабз ва Ғузор бекликлари навкарлари: шунингдек, Самарқанд губернаси ҳудудидаги барча ҳарбий қисмлар оёққа турғазилади. Шу-  нингдек, марказдан ўқчи батальонлар, ўқчи-овчилар командалари, маҳаллий полиция, суд маҳкамалари ва волостнойлар ихтиёридаги қуроллантирилган йигитлар бу ишга сафарбар қилинган эди. 
Яна бир чекиниш - чор ҳукумати томонидан босиб олинган ва забт этилиши режалаштирилган ўлкаларга ХIX-XX асрларда вақти-вақти билан илмий экспедициялар юбориб турилган. Бу эспедициялардан маълум бир ҳарбий мақсадлар кўзда тутилган бўлиб, уларга малакали ҳарбий мутахассислар раҳбарлик қилган. Уларга иш кўламининг катта-кичиклигига қараб ўндан қирқ-элликтагача ҳарбий кучлар ажратиб берилган. Ўз-ўзидан маълумки, ажратилган бу кучлар ҳарбий мутахассислар ва уларнинг амалга ошираётган ишларини муҳофаза қилиш билан шуғулланганлар. Асосий  мақсад эса маҳаллий ўлкаларнинг ер ости ва устки бойликларини аниқлаш ҳамда ернинг геологик ҳолатини картага тушириш орқали бу жойларни осонроқ босиб олиш йўлларини белгилаш бўлган.
Ана шундай тиғиз кунларнинг бирида Бухоро амирлигига қарашли Хатирчи беклигининг Зарафшон дарёси яқинига  юқорида айтилган илмий экспедициялардан бири дам олиш учун келиб тўхтайди. Кўп ўтмай айтиб ўтилган кузатув постларидаги айғоқчилардан бири от қўйиб келиб уларга Намоз йигитларининг дарё бўйидаги чангалзорда келиб тушганлиги ҳақидаги хабарни етказади. Хабарни етказган бу маҳаллий киши ҳарбий кийимдаги экспедиция аъзоларини Намоз ва унинг йигитларини излаб юрган жазо отрядининг аскарлари, деб ўйлаган эди. Узоқ  Россиядан ўз вазифаларини бемалол бажариб келаётган экспедиция аъзоларининг эса Намоз ҳаракатидан ҳеч қандай хабарлари йўқ эди. Шунинг учун экспедиция бошлиғи бу маҳаллий кишига "Намозинг ким, уни бизга нима дахли бор?, дея пинагини ҳам бузмайди. Шунда хабарчи: "Эҳ-ҳе, Номозни наҳотки билмайсизлар, унинг боши учун қанчалар олтин-у, пуллар қўйилган-ку", - дейди ҳаяжон билан.
Олтин-у, пул ҳақидаги гапларни эшитган экспедиция бошлиғи бўлган полковник ўз аскарларини шу заҳотиёқ отланишга буюради ва хабарчи кузатувида тўқайзорга етиб борадилар. Ўртада дарҳол отишма бошланади. Полковникнинг ўзи ҳам бир четда қараб турмай отишмага киришиб кетади. Намознинг йигитлари тўқайзор ичкарисига чекиниб, отишмани давом эттирадилар. Бироздан кейин полковник билан отишаётган йигитнинг тўппончасидаги ўқи тугайди. Полковник ўқи тугаган рақибининг икки қўлини юқорига кўтартириб, чангалзор оралаб кетган ўз аскарларини ортга қайтишини кутиб туради. У лоақал бир кишини асир олиб турганлигидан мамнун бўлиб, қуролсиз қолган рақибининг олдига  бемалол яқинлашиб боради.
Полковник ўзи билан бўлган бу воқеа тафсилотини  шундай деб ёзиб қолдирган экан: "Бир маҳал не кўз билан кўрайки, қўлини қўтариб турган рақибим менинг  кекирдагимга ханжар тираб турарди. Вужудим музлаб кетди. Унинг қўлида кекирдагимга санчишга шай турган  ханжар, менинг қўлимда эса тепкини босишга маҳтал бўлган тўппонча. Бироқ рақибимнинг важоҳати шу даражада кучли эдики, мен тепкини босишдан ожиз эдим. У менга қатъий оҳангда "қуролни ташла" деди.  Тўппончани ерга ташладим. У яна "Уч қадам орқага кет"- деди. Уч қадам   ортга чекиндим ва ниҳоят, у "орқага ўгирил"- деди.  Мен орқага   ўгирилдим ва у аллақачон тўппончамни қўлига олган эди, назаримда. Энди у мени отса керак, деб секин кўз қирим билан у томонга қарадим. Не кўз билан кўрайки, рақибим жойида йўқ эди. Ҳозиргача ҳам унинг қаерга ғойиб бўлганлигига ақлим етмайди. Кейинчалик билсам бу одам  Намоз экан. 
Шунда отам Худойберди Неъматов оҳиста "ҳа, у киши хислатли одам бўлган" деб қўйдилар.
Аслида бу ҳикояни афсона дейишга ҳам тил бормайди. Чунки бундай воқеалар Намоз Ботир ҳаётида кўплаб содир бўлган. Муҳими, ҳикоянинг деталлари сира ҳам афсонага  ўхшамайди. Бундан ташқари Намоз билан бўлган воқеаларнинг ҳаммаси ҳам архив фондига келиб тушган деб бўлмайди. Масаланинг иккинчи томони ҳам борки, у ҳам бўлса, полковник билан бўлган воқеанинг рус ҳарбийлари учун иснод эканлиги, шунинг учун бундай ҳужжатларни архив фондига киритишни мутахассислар лозим топмаганликлари билан ҳам изоҳлаш мумкин. Чунки у пайтларда маҳаллий  ўлка аҳолиси орасида бу соҳадаги мутахассислар деярли йўқ эди. Нима бўлганда ҳам бу ҳикояга доир архив ҳужжатларига дуч келмаганлигим сабабли уни афсоналар қаторига қўшишга қарор қилдим. 
Ёзувчи Худойберди Тўхтабоев билан кейинчалик ҳам алоқамиз тўхтамаган эди. Мен бир сафар полковник билан  бўлган ўша воқеани кимдан ва қаердан ёзиб олганликлари ҳақида сўраган эдим. У киши ўзининг "Қасоскорнинг олтин боши" китобини ёзиш учун материал тўплаб юрган кезларида рўй берган бир воқеани шундай бир ўкинч билан эслаган эди: "Бир сафар Самарқанд темир йўл вокзалидан чипта олиб поезднинг купе хонасига жойлашдим. Бир паст ўтиб хонага бир ёш йигит кириб келди ва мен билан эски қадрдонлардай кўришиб, қуюқ сўрашди. Йигит менга амаки сиз билан битта хонага тушганим яхши бўлди, чақчақлашиб кетамиз" - деди. Бир зум ўтириб, мен ҳозир қайтаман", дея чиқиб кетди ва тезда бир шиша вино кўтариб қайтиб кирди. Йигит жуда гапдон экан, бир оздан сўнг виносини очиб унамасам ҳам, бу ароқ эмас вино-ку, суҳбатни қиздиради, дея қўярда қўймай ярим пиёладан икки марта ичкизди. Ўзи ҳам ичди. Бир соатча чамаси ҳангома қилиб ўтирдик. Шундан сўнг, чарчоқларим сезилиб мени уйқу элита бошлади. Йигитга чарчаганлигим ва дам олишим кераклигини айтиб узр сўрадим ва тўплаган материалларим солинган сўмкамни бошимга қўйиб секин ўриндиққа чўзилдим. Шундан кўзим илиниб қанча вақт ухлаганимни билмайман, бир пайт этим жунжикиб уйғониб кетдим. Қарасам у йигит жойида йўқ, шошиб сумкамни изладим, сумкам ҳам жойида йўқ эди. Наҳотки, бошим остидаги сумкани олса-ю, билмасам... Аввало, виносини ичганимга афсусландим, сўнгра омон қолган жонимга шукр қилиб келавердим, ўзимни бир нарса қилиб кетса нима бўларди", - дея кўзига ёш олдилар. Билмадим, дедилар яна "сумкадаги қоғозларни пул деб уйлаганми, ёки атайлаб изимга тушган одам бўлганми, билмадим, сиз сўраётган қоғозлар ҳам ўшанда кетган", - дедилар маъюс оҳангда.  Мен қайтиб бу қоғоз ҳақида сўрамадим.     
Икром махсум қизи Хурсандой энам     ҳикояси:
Намоз ўз уйига ҳеч қачон бемалол келиб кетолмаган. Унинг уйи атрофида доим айғоқчи, сотқинлар изғиб юришган. Намоз сафдошларини ўз уйларига тарқатиб, тунаш учун атрофидаги ишончли қабристонлардан бирига кетган. Халқимизда: "Бемаҳалда қолсанг, қабристонга бор, сени қўриқлайди" - деган нақл бор. Шундай кунларнинг бирида Намоз отини етаклаб, секин қабристонга кириб боради. Отини қўйиб юбориб атрофни кузатиш имконияти бўлган жойга бориб жойлашади. Бироздан сўнг Намоз қараса ўзидан 5-6 қадам нарида бошдан-оёқ малларанг матога ўралган бир авлиёсифат одамнинг тик  ҳолда турганлигини кўради. Намоз ўрнидан туриб секин ул зотга яқинлашади ва салом беради. Шунда ул зот Номоздан: "Эҳ одам, нега бемаҳалда ёлғиз юрибсан?" - деб   сўрайди.
- Мени юришим шу, - дейди Намоз.
Шундан сўнг уларнинг ўртасида қандай савол-жавоблар бўлгани номаълум. Фақат иккаласи хайрлашаётиб ул зот Намозга тумор беради ва Намозга буни ҳеч қачон ёнингдан қўйма, сенга тиғ ҳам тегмайди" - деган гапни айтади.  Намоз кейинчалик бу воқеани катта онамга (Намознинг опаси Улуғойга сўзлаб берган, - деб энам ўз ҳикоясини тугатган эди).
 Икром махсум қизи Холбиби холам  ҳикояси:
Намоз учун нотинч кунлардан бирида ўз сафдошларини уйларига жўнатиб ўзи ҳам тунаш учун яқин атрофдаги  қабристонлардан бирига йўл олади. Отдан тушиб секин қабристонга кириб боради. Намоз қараса ёниб тугайдиган бир гулхан ёнида жунлари ўсиб ҳамма жойини қоплаб олган бир баҳайбат махлуқ ўтирар эди. Намоз секин бориб унинг қаршисига чўкади. Махлуқ эса ўрнидан қимирламайди ҳам. У чўққа тобланиб исинаётган эди. Унинг тепадан ўсиб тушган сочлари бутун башарасини тўсиб турарди. Намоз ҳам бир оз исиниб олгач, унинг юзини кўришга қизиқа бошлайди ва чўқ уюми ёнида 3-4 қаричли бир чўпчани олиб унинг юзига осилиб турган сочларини  бир четга кўтаради-да, махлуқнинг кўзларига қарайди. Унинг кўзлари бир-бирига шунчалик яқин эдики, бир қарашда унинг кўзлари битта экан, деб тасаввур қилиш ҳам мумкин эди. Махлуқ эса қимирламасдан жим турар эди. Шунда Намоз чўпчани бир учини  чўққа тиқиб қўяди. Чўп чўғ ичида қизиб аланга олгач, Намоз ёнган томонини секин махлуқнинг қалин жунларига текизади. Шунда махлуқнинг танасини қоплаб турган ўсик жунлари бехосдан важиллаб ёниб кетади. Шу пайт махлуқ ўрнидан сапчиб туриб шундай қаттиқ наъра тортадики, унинг овози гўё оламни тутиб кетгандек бўлади. Бундай пайтда бирор бир кўнгилсизлик бўлишини билган Намоз сакраб отига минади-да,   юз қадамча нарида бўлган тепалик устига айланиб чиқади ва воқеа жойини кузата бошлайди. Қараса, бир зумда бояги махлуққа ўхшаган махлуқлар кўпайиб кетади ва гир айланиб Намозни ахтараётганлигини кўради. Вазият чатоқлигини билган Намоз бу ердан жуфтакни ростлаб қолади. Худди шундай қабристон ва тепалик Жар қишлоқ ва Қўшқўрғон қишлоқлари ўрталигида ҳозир ҳам мавжуд.
Ҳурматли газетхон, Намознинг маҳаллий бой ва амалдорлар ҳамда чор мустамлакачиларга қарши олиб борган афсонавий қаҳрамонликлари ҳақидаги ҳикояларимизни газетанинг кейинги сонларида ҳам бериб боришга ҳаракат қиламиз. 
Ўктам ИКРОМОВ,
тадқиқотчи тарихчи.