Қиш илҳомлари ҚОРХАТ

Оппоқ қор билан қопланган олам яна бир хотирани эсимга солди. Мактабда ўқиб юрган йилларим Умида деган сирдош дугонам бўларди.У ўзининг чиройи, ақли билан кўпгина синфдошларимизнинг меҳрини қозонганди. Аммо у юқори синфда ўқийдиган мағрур ва келишган болани ёқтирарди. Лекин, ўша пайтларда қизларнинг йигитларга дил изҳор қилиши у ёқда турсин, севиб қолганини кимдир билиши ҳам уят ҳисобланарди.
Ишқ ўтида ўртанаётган дугонам нима қилишини билмас, бепарво йигитни ўз туйғуларидан хабардор этишнинг йўлини тополмай қийналарди.
Ўша кунлари қор ёғиб қолди. Хурсанд бўлиб кетдим. Дугонамга қорхат баҳонасида дил изҳорларини ёзишни маслаҳат бердим. Бу фикр унга ҳам ёқиб тушди. Иккаламиз хат ёзишга тушдик. Хат қисқа ва лўнда бўлди.
"Азизим, - деб бошладик хатни. Қорхат олган одам агар ютқазиб қўйса, ютганга нимадир совға қилиши керак. Мен сиздан бир нарсани, менинг бокира ҳисларимга жавоб беришингизни сўрайман. Агар мен андишасизлик қилаётган бўлсам, олдиндан узр сўрайман. Мени ақлимга бўйсунмаган туйғуларим шунчалик қийнаб ташладики, мен уларни ортиқ сиздан яшира олмайман. Юракка буйруқ бериб бўлмас экан. Бу ўйинда ютқазишингизни жуда-жуда истайман".
Синфимизнинг энг гўзал қизидан бундай хат олишини кутмаган йигит, уни қувламади, хатни ўқиб бўлгунча дугонам белгиланган манзилга аллақачон етган эди. Шу сабаб йигит ҳақиқатан ҳам ютқазди. Дугонам ғолиб келиб, унинг муҳаббатига сазовор бўлди. Ҳар замонда учрашиб қолсак, ўша воқеани эслаб кулишамиз. Мен эса уларнинг ширин ташвишларга бой турмушларига назар солганимда қалбимда бир нур пайдо бўлади. Энтикиб қўяман. Қорхатнинг эзгуликка хизмат қилгани дилимни севинчга тўлдиради. Қишнинг беғуборлиги, оламнинг оқлигини муҳаббатнинг поклигига қиёслагим келади.
***
Қиш... Ташқарида оппоқ қор ёғмоқда. Қорни соғиниб қолган болалар қий- чув қилишиб қорбўрон ўйнашмоқда. Уларни кузатиб ўтириб болалигим, қишлоғимиз қишлари, қиш билан боғлиқ хотираларим эсимга тушиб кетди.
Мен доим ўзимнинг қорбўрон ўйнаб юрган кезларимни эслар эканман, Эргаш бобо ёдимга тушади.
Биз қишлоқ болалари ҳам уззу-кун тугамайдиган юмушлардан вақт топдик дегунча тепаликка югурар, у ерда оталаримиз ясаб берган чанғиларда учар, қорбобо ясаб қорбўрон ўйнардик. Бизни у ерда ҳар доим Эргаш бобо кутарди. Эргаш бобо ёлғиз яшар, бизга ўзининг ҳовлисида етиштирган меваларидан улашарди. Бола эканмизда, ўшанда Эргаш бобонинг тез-тез Қорбобо бўлиб совға беришининг сабаби ҳақида ўйлаб кўрмасдик. Мана энди йиллар ўтиб тушундимки, ёлғизлигидан, қисмати сабаб бола кулгусига, бола меҳрига, оила бағрига ташна бўлган экан. Шунинг учун ҳам у биз билан ўйнар, овунар, бир дамгина бўлса ҳам ёлғизлигини унутар экан.
Ҳозир дераза олдида болаларнинг қор ўйинларини кузатиб ўтирар эканман, болалигимни, қадрдон Эргаш бобони соғинганлигимни ҳис қилдим. Бу соғинч туйғуларини менинг қалбимга қор, қиш олиб келди. Қор келди-ю, лекин болалигим, Эргаш Қорбобо қалбимнинг унутилмас бир хотирасига айланиб қолди...
Саодат Донабоева.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00