Турмуш чорраҳаларида БОЛА АЗИЗ, ТАРБИЯСИ УНДАН ҲАМ АЗИЗ (Воқеий ҳикоя)

Аммо бир оилада ўғил фарзанд туғилиб хонадонга қувонч келтирган бўлсада, вақти келиб ана шу ўғил ўз ҳамқишлоқларига ғам-алам келтиришини ким ҳам билибди, дейсиз...
Одилжон болалигидан эрка, танти бўлиб ўсди. Ота-онанинг айтган сўзларини ерда қолдириб, ўз билганидан қолмайдиган ўзбилармон бола бўлиб, қилиқлари кундан-кунга ошиб бораверди. Ўсмирлик Одилжонни ғайир бўлиб ўсишини таъминлади. У дўстлари даврасида ўзини тута олмас, мактабдошларига ёқмайдиган қилиқлар қилиб, уларнинг ғашига тега бошлади. Бора-бора дўстлари-ю, синфдошлари ундан йироқ юрадиган бўлиб қолдилар. Одилжон эса улардан ўч олиш мақсадида синфдошининг ручкасини, сўнгра китобини, бора-бора велосипедини ўғирлашгача борди. Энг ёмони хонадонлардан аста-секин товуқ, сигир ўғирлайдиган бўлди. Қарабсизки, у энди ҳеч кимнинг ёрдамига таянмайдиган, қўлида жарақ-жарақ пул олиб юрадиган бўлиб қолди. Атрофига ўзига ўхшайдиган бекорчи болаларни тўплаб, кўчама-кўча санқийдиган одат чиқарди. Унга на отасининг, на онасининг гапи кор қилмади. Ўқитувчилари-ку гапиравериб чарчашди. Бола тарбияси устида ота-она қаттиқ жанжаллашадиган бўлиб қолишди. Натижада ота оилани ташлаб кетиб қолди. Фарзандининг бе-шафқатлиги, отанинг рўзғорни ташлаб кетиши онаизорни бетоб қилиб тўшакка михлади. Яхшиямки, қизлар бор экан. Улар турмушга чиқиб кетган бўлсаларда, онасидан тез-тез хабар олиб туришни канда қилмадилар. Аммо на касалманд онанинг оҳи, на опа-сингилларининг зорланиши Одилжоннинг кўнглини эрита олмасди. У иккита шеригини ёнига олиб одамларни чув туширадиган одат ҳам чиқарди. Бировнинг уст-бошини зўравонлик билан ечиб оладиган, машинасини ўғирлаб кетадиган, "қайтариб бераман", деб катта миқдорда пул олиб бермай қочадиган бўлиб қолди. Энг даҳшатлиси, Одилжон гиёҳвандликка муккасидан берилди. У бир чимдим дори учун бор будини чиқариб сота бошлади. Онасининг йиғлаб ёлворишлари ҳам уни бу йўлдан қайтара олмади. Дори олиш умидида қўшнисининг ҳовлисида турган қопдаги селитрани ҳам ўғирлаб сотиб юборди. Қишлоқ аҳолиси бировга ёмонликни раво кўрмайдиган халқ эмасми, Одилжоннинг қилмишларига жонларига теккунча чидадилар. Вақти келиб одам бўлиб қолар, қишлоғимизнинг боласи ахир, деб ички ишлар бўлимига хабар бермадилар. Аммо кўрнамак бола энг камбағал хонадоннинг таянчи бўлган сигирини ҳам ўғирлаб сотмоқчи бўлганида ноилож ички ишлар бўлимига хабар бердилар. Ўғри бола қўлга олинди.
Қилмиш-қидирмиш, деб шунга айтсалар керак-да. Лекин унинг панжара ортида туриб: "Одамлар, энди ҳеч кимга ёмонлик қилмайман, мени кечиринглар, онажонимни қаровсиз ташлаб қўйманглар, у кишига кўп азият етказдим", деб йиғлаши софдил қишлоқ одамларининг кўнглини юмшатди. Одилжоннинг онаси қаровсиз қолмади. Аммо, чекилган ранжу-аламлар онаизор бағрини зардобга айлантириб бўлган эди. Фарзанди дийдорини соғиниб йўлга тикилган кўзлар мангуга очиқ қолди. Соғинч сўзлари танглайда қотди. Онаизорни қишлоқ одамлари ҳурмат-эҳтиром билан сўнгги йўлга кузатишди. Ҳувиллаб қолган ҳовли эндиликда қилган қилмишидан пушаймон бўлиб, инсофга кирган Одилжонни кутмоқда...
Тўлғаной ГАДОЕВА.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00