Отасидан ранжиган қиз (ҳикоя)
Ҳозиргина эшикдан кириб келган Облоқул дастурхон ёнида эрини кутиб ўтирган хотини Робияга "қизингни чақир бу ёққа, ўзим бир гаплашиб қўяй", деб дўнғиллади.- Отаси келинг, шу қизимизни ҳам кўнглига қарайлик, аввал институтга кириб олсин, кейин турмушга чиқар, - деди эрини жаҳлидан туширишга умидвор бўлиб хотини.
Хотинининг бу гапидан эр тутоқиб кетди. Бор аламини унга сочди.
- Нималар бўлаяпти ўзи, сен мен томондамисан деб юрсам, ҳамма қилғилиқни ўзинг қилиб юрган бўлмагин тағин. Менинг гапим ҳеч иккита бўлмаган. Бор, қизингни чақир.
Ноилож қолган Робия нариги хонада китоб ўқиб ўтирган қизи Зулфизарни чақиришга кетди. Қизига отанг билан яхши муомалада бўлгин, деб уқтирди. Зулфизар хонага кириб келганида отаси ҳали жаҳлдан тушмаган, авзойи бузуқ эди. У оҳистагина салом берди-да, отасининг рўпарасига келиб ўтирди.
- Ҳа, келдингми? - деди ота дағал овоз билан. - Менинг айтганларимни ўйлаб кўрдингми?
Отасининг бу саволига қиз бирдан жавоб бермади. Орага жимлик чўкди. Ота қизидан жавоб кутарди. Сабри чидамай деди:
- Мен сенга айтаяпман, нима қулоғинг карми?
- Сиз айтган йигитга турмушга чиқмайман, ота, - ниҳоят қизи тилга кирди. - Сўраб-суриштирдим, ахлоқи бузуқ, қимор ўйнаркан.
Аввал ҳам бир қизга уйланиб, ҳайдаб юборган экан. Наҳотки шундай одамга мени раво кўрсангиз? Тўғри, бой-бадавлат, лекин бахтни сотиб олиб бўлмайди-ку.
Қизининг ақл ўргатиши отасига ёқмади. Шартта гапни бўлди.
- И-и, ҳали сен менга ақл ўргатмоқчи бўлаяпсанми? Мен у оилани яхши биламан. Мен ҳам сенинг бахтингни ўйлайман. Бой одамга эрга тегсанг, еганинг олдингда, емаганинг ортингда бўлади, дейманда. Тўғри, бир марта уйланган, бу айб эмас. Унга ҳам оламан деса, сон-мингта қизлар жон-жон деб тегади. Ҳозир тош отса қизларнинг бошига тушади. Тайёргарлигингни кўр, эртага совчилар келишади. Мен розилик бераман.
- Ота, илтимос, бу сўзингиздан қайтинг. Мен рози бўла олмайман, ўзимнинг севганим бор.., дея кўз ёш билан. Ниҳоят Зулфизар ичидаги сирини тилига чиқарди. Қиз бу гапларни қандай журъат билан айтганига ўзи ҳам билмай қолди. Агар қиз шу топда бу гапни айтмаса, худди уни қўш қўллаб ҳозирнинг ўзидаёқ ўзи ёқтирмайдиган кишига бериб юборишаётгандек эди. Отасига бирор марта ҳам гап қайтармаган қизининг бу гапи ҳаммасидан ошиб тушди. Шу топда отаси жаҳл устида жовдираб қараб турган қизининг юзига шапалоқ тортиб юбормоқчи бўлди-ю, ўзини босди.
- Хўш, билсак бўладими, ўша сен билан аҳду паймон қилган йигитни, мен ҳам танийманми? - киноя билан сўради ота.
Отасининг киноя аралаш берган бу саволига қиз жавоб бермасдан, индамайгина, кўзини бир нуқтага тикканча ўтираверди.
Қизининг жим ўтиравериши отасининг тоқатини тоқ қилиб юборди.
- Сенга айтаяпман, кимлигини айт, - деди.
- Ўзингиз ҳам яхши танийсиз, сиз билан бир мактабда ўқиган Фозил аканинг ўғли Асрор, - деди қиз оҳистагина.
- Қайси Фозил, тарихчи муаллимми, бир умр мактабда ишлаб, бири икки бўлмаган одам билан қуда бўлишим қолувди энди, - деди Облоқул юзини буриб. - Кимсан, мендек бир бойвачча Фозил муаллим билан қуда бўлсам, ёр-биродарларим кулишмайдими?
- Нега ундай дейсиз, ота, муаллимларни ҳамма ҳурмат қилади. Ҳалол, яшашади, - деди Зулфизар.
- Сен нимани ҳам билардинг, топган ойлиги рўзғорига учма-уч етади-ю, данғиллама тўй қилиб келин олармиди? Бўлди, бас. Бор, онангни чақир.
Отасини шаштидан қайтара олмаган қиз эшик олдига борди-да:
- Ота, мен сиз айтган йигитга тега олмайман, - дея ялинганнамо оҳангда эшикни ёпиб чиқиб кетди.
Хотини Робия хонага кирганда, Облоқулнинг қовоғидан қор ёғарди.
- Бу дейман, қизингга ҳали гап уқтирмабсанда, - деди Облоқул ёнбошлаб чой ҳўпларкан. - Севгани бор эмиш. Яна кимсан, Фозил муаллимнинг ўғли. Севги-муҳаббат китобларда, киноларда бўлади. Шуни қизингга айтиб қўй. Яна бир гап. Бу уйда мени айтганим-айтган, деганим-деган. Тушундингми?
Эрининг гапини икки қулоғи билан жимгина эшитиб ўтирган Робия:
- Хафа бўлманг-у, отаси, сиз ҳам бироз ошириб юборяпсиз.
Келиб-келиб гулдай қизимизни хотин қўйган бир қиморбозга берамизми, ҳали ҳам кеч эмас, фикрингиздан қайтинг.
- Хотинларнинг сочи узун бўлса ҳам, ақли калта деганлари рост экан-да. Ҳой, сен товуқмия, мен қизимни бой-бадавлат яшасин деб, шу ишни қилаяпман, - деди Облоқул яна ўз сўзида туриб.
- Агар отам шу йигитга турмушга берадиган бўлса, мени бошқа кўрмайсизлар, деяпти қизингиз, - деди йиғламсираб Робия.
- Айтаверади-да, қўрқитиш учун шундай деган. Ҳаммага ҳам жон ширин, парво қилма. Эртага совчилар келишади. Бориб тайёргарлигингни кўравер.
Эрининг олдидан дили хуфтон бўлиб чиққан аёл нима қилишини билмас, кўнгли хира тортиб, хаёлига ёмон ўйлар келаверди.
Эртаси куни совчилар келишиб, тўй кунини белгилашди.
Зулфизар хонасига қамалиб олиб овқатлангани ҳам чиқмас, онаизор бўлса унинг бу хатти-ҳаракатлари яхшиликка олиб келмаслигини ичидан сезар, аммо иложи йўқ эди. Шу сабаб куну-тун унинг ёнида бўлишга интиларди.
Тонг азонда чўчиб уйғонган Робия одатдагидек бирдан қизи ётган жойга қаради. Аммо қизи йўқ эди. Далага чиққан бўлса қайтиб келар, деб ўн-ўн беш дақиқа кутди. Лекин дарак бўлмади.
Юрагига ваҳима тушди. Энди тонг ота бошлаган, фақат Зуҳро юлдузигина нур сочиб турарди. Она ҳовлига чиқиб атрофларни қаради. Зулифизардан дарак йўқ. Унинг хаёлига келган шубҳаси янада ошиб, оғилхонага югургилади. У ерда ҳам йўқ. Шу зайлда Зулфизар изсиз йўқолди. Уни қишлоқ аҳли на бошқа биров қайтиб кўрмади.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид:
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00




