ЎЗ КАСБИНИНГ ФИДОЙИСИ Эл олқишини олиб

- Ҳамширалик касбини танлаб, эл соғлигини сақлашга ҳисса қўшаётганлигимдан ниҳоятда мамнунман, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимининг кундузги ҳамшираси Шарифа Холмўминова. - Ўттиз йилдан буён шу соҳада меҳнат қилиб, ҳамкасблар билан эл дардига дармон бўлаётганлигимиз туфайли халқимиз биздан мамнун бўлаяпти. 

Дарҳақиқат, Шарифа Холмўминова кўп йиллардан буён ўзининг ширинсуханлиги, муомаласи ва одоби билан жамоада ҳурматга эга бўлган ҳамширалардан бири ҳисобланади. Ўзининг самарали ва ҳалол меҳнати туфайли бир неча бор туман тиббиёт бирлашмасининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланган.

Эл дардига дармон бўлаётган қўли эм ҳамшира Шарифа Холмўминовани яқинлашиб келаётган янги йил байрами билан табриклаб, барча ишларига омад тилаймиз. 

Халқимиз соғлиги йўлида асло чарчаманг, шифокорлар!

Туман тиббиёт бирлашмасининг олий тоифали электрокардиография ҳамшираси Дилдора Ўралова ўз касбини жон дилидан севади. Шу боисдан ҳам шифокорлик касбига садоқат билан ёндошиб қатор йиллардан бери туманимиз халқининг саломатлигини муҳофаза қилишдек масъулиятли ва шарафли вазифани сидқидилдан адо этиб келмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, беморларга нафақат дори-дармон, балки ўзининг ширин сўзи, қайноқ меҳрини улашиб келаётган бу фидойи ҳамширанинг беминнат хизмати туманимиз халқига манзур бўлмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, ўз касбининг фидойи бўлган Дилдора Ўраловани, қолаверса, шарафли касб эгалари бўлган барча шифокорларимизни кириб келаётган Янги йил байрами билан самимий муборакбод этамиз! Уларга   мустаҳкам соғлик, оилаларига тинчлик, омонлик, эл-юртимиз соғлигини сақлашдек шарафли ишларида улкан зафарлар тилаб қоламиз!

ЮКСАК ФАЗИЛАТЛИ ҲАМШИРА  

- Бўш вақтим бўлди дегунча бадиий китоб ўқийман, - дейди ички касалликлар бўлимининг катта ҳамшираси Дилфуза Эгамқулова. - Отам ҳам филолог бўлганлиги сабаблими, уйда доимо бадиий китоблар кўп бўлар эди. Шу сабабданми китобга меҳрим ўзгачадир. Ҳар куни албатта бадиий китоб мутолаасига вақт ажратаман. Агар ҳамширалик касбини эгалламаганимда филолог ўқитувчи бўлардим. 

Дилфуза Эгамқулова меҳнат фаолиятини 1997 йилда "Болта" қишлоқ врачлик пунктида  бошлаган. 2017 йилдан буён ички касалликлар бўлимининг катта ҳамшираси вазифасида сидқидилдан ишлаб келмоқда. Ушбу бўлимда меҳнат қилаётган жамоанинг фикри ҳам шифокорда қанақа яхши фазилатлар бўлса, унинг барчаси Дилфуза опада мужассам эканлигини фахр билан таъкидлашади. Шунингдек, у туман тиббиёт бирлашмаси томонидан байрам ҳамда тантанали тадбирларда ташаккурномалар билан бир неча маротаба тақдирланган. 2022 йилда "Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 30 йил" эсдалик кўкрак нишони билан мукофотланганлиги эса унинг ўз касбини нақадар юксак даражада улуғлаб келаётган ҳамшира эканлигидан далолатдир. 

Ўз навбатида касбидан бахт топиб келаётган Дилфуза Эгамқуловани тобора яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан самимий қутлаб, унинг келгусидаги барча ишларига катта муваффақиятлар тилаб қоламиз.

С.ИБРАГИМОВ.



Мавзуга оид: