Шифокор маслаҳати ҚАНДЛИ ДИАБЕТ КАСАЛЛИГИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Қандли диабет - инсон организмида сурункали кечувчи, моддалар алмашинувининг барча турлари, биринчи навбатда қанд алмашинувининг издан чиқиши билан кечувчи, инсон ҳаётига катта хавф туғдирувчи ва ҳаёт сифатини пасайтиришга олиб келувчи хасталикдир.
Инсон организмида қанд алмашинув жараё-нини меъда ости бези ишлаб чиқарадиган инсулин моддаси бошқариб тартибга солиб туради. Қандли диабет касаллигида инсулин кам ишлаб чиқарила бошлайди, натижада қонда қанд миқдори кўпайиб кетиб, касалликнинг турли нохуш белгилари пайдо бўлади.
Касаллик сабаблари. Биринчи омил бу - ирсий мойиллик бўлиб, ота-оналарнинг иккаласида ёки биттасида қандли диабетнинг бўлиши 40-70 % ҳолларда болаларда ҳам шу касалликни келтириб чиқариши мумкин.
Иккинчи омил эса тана вазнининг ортиши - семириб кетишдир, нотўғри овқатланиш ва камҳаракатлилик асосан катта ёшдаги кишиларда кўп учрайди. Ҳар бир инсон ўзининг 25 ёшидаги тана вазнини иложи борича умрининг охиригача сақлаб қололса, қандли диабетга чалиниш эҳтимоли шунча камаяди. Чунки шу меъёрий вазнга яраша организм инсулин ишлаб чиқиб, ортиқча қанд миқдорини бошқа моддаларга айлантиришга ва энергияга сарфлаш учун узата олади. Бундан ортиқ вазнда, яъни одам семириб кетганда бу ортиқча вазнни мувозанатлаш организм учун қи-йинлашади.
Учинчи омил - турли травмалар, йиқилишларнинг орқа ёки олд тарафдан ошқозон ости безига тўғридан тўғри қаттиқ урилиб таъсир этиши ва кучли стресс ҳолатларига берилишдир.
Касаллик белгилари ва асоратлари. Бемор тез очлик ҳиссини сезади, тез чанқайди ва кўп суюқлик ичиб, пешобга кўп чиқади. Сурункали, узоқ йиллар давом этадиган ушбу касаллик муҳим тана аъзоларини, тўқима ва томирларини зарарлайди, ўзининг турли асоратларини кўрсатади. Энг аввало, у асаб тизимини издан чиқариб, оёқ-қўллар қақшаб оғрийди, яхлайди ёки қизийди. Кейинчалик оғриқни сезиш ҳисси пасайиб, полинейропатия деб аталувчи касаллик асорати ривожланади. Иммунитет пасайиб, терида, айниқса оёқларда тез битмайдиган турли йирингли яралар пайдо бўлади, буйраклар фаолияти издан чиқиб, улар ўз вазифасини яхши бажаролмай қолади. Кўзлар кўриш қобилияти ҳам пасаяди, яна оғриқсиз кечувчи миокард инфаркти ҳамда бошқа ҳолатлар юз беради. Булар қандли диабет касаллиги асоратларидир.
Касалликнинг олдини олиш учун агарда беморда касалликнинг дастлабки белгилари: чанқоқлик, кўп суюқлик ичиб кўп пешобга чиқиш, кўп овқат ейиш ҳолатлари кузатилса, зудлик билан эндокринолог шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 14 ноябрь - Бутунжаҳон қандли диабет касаллига қарши курашиш куни деб белгиланган.
Кейинги пайтларда эндокринолог шифокор ҳузурига киришга навбат талашиб ўтирган беморлар сони кўпайиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Бунга сабаб нотўғри овқатланиш, ичкиликка рўжу қўйиш, тўю-маъракаларнинг ортиқча дабдаба билан ўтишидир. Киши овқатланиб бўлгач, ўтириб ёки ётиб олмасдан албатта 2 соат давомида юриши, биронта жисмоний фаол машғулот билан банд бўлиши лозим. Соғлом турмуш тарзига амал қилиш - тўғри овқатланиш, тиббий кўриклардан вақтида ўтиб, туриш, спорт билан дўст бўлиш, доимо ҳаракатда бўлиб тана вазнини меъёрда ушлаб туриш, қон босими ва қонда қанд миқдорини назорат қилиб туриш қандли диабет касаллигининг олини олади.
Д. РУСТАМОВА,
туман кўп тармоқли марказий
поликлиникаси эндокринологи.

ҚАНДЛИ ДИАБЕТ КАСАЛЛИГИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
- 10 ноя, 13:41

ҚАНДЛИ ДИАБЕТ - ХАВФЛИ КАСАЛЛИК
- 07 окт, 14:20

Саломатлик
- 21 янв, 14:51

Саломатлик
- 30 дек, 11:35