Буқоқ касаллиги йод танқислигининг олдини олиш

Йод - инсон саломатлиги учун   зарур элемент. У қалқонсимон без томонидан ишлаб чиқариладиган гормонларнинг асосини ташкил этади. Бу гормонлар организмнинг ўсиши, ривожланиши ҳамда танадаги барча аъзоларнинг фаолиятлари учун муҳимдир. Йод танада ҳосил бўлмайди. У асосан озиқ - овқат маҳсулотлари орқали қабул қилинади. Буқоқ касалликлари учрайдиган ҳудудларда кишилар озиқ-овқатлар билан суткалик 200-220 мкг йод ўрнига 20-80 мкг йод қабул қилади. Йод етишмаслиги натижасида буқоқ бези тиреоид гормонларни кам ишлаб чиқаради. Бу эса бош мияда жойлашган яна бир без-гипофиз бези томонидан тиреотроп гормонлар ишлаб чиқилишининг кучайи-шига сабаб бўлади. Бунинг таъсирида буқоқ бези тўқимаси катталашиб буқоқ касаллиги ривожланади.
Касаллик белгилари: Буқоқ бези катталашиши туфайли трахея-нафас йўли қисилишидан қуруқ йўтал ва нафас қисиши, ҳиқилдоқ нервининг қисилишидан эса овоз пасайиши ёки чиқмай қолиши мумкин. Эътиборсизлик натижасида буқоқ касаллиги бор ҳомиладор аёлдан туғилган болада кейинчалик ақли заифлик, жисмоний ўсишдан орқада қолиш ва бошқа туғма нуқсонлар пайдо бўлиши мумкин. Одатда енгил ва ўрта даражадаги буқоқ касаллиги бор болалар ва ўсмирларда тез-тез чарчаш, беҳоллик ва камқонлик, кўп терлаш, соч тўкилиши, жиззакилик, салга асабийлашиш, жаҳлдорлик, дарсларни ўзлаштиришда муаммолар, хотира пасайиши ва диққатни жамлашда қи-йинчиликлар кузатилади. 
Профилактикаси. Болаларнинг соғлом ривожланиши ва катталарнинг фаолияти учун олимлар томонидан йоднинг истеъмол қилиш меъёри қуйидагича:
120 мкг - 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган ўқувчилар учун;
150 мкг - 12 ёшдан катталар учун;
200 мкг - ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун.
1. Аҳолини сифатли йодланган ош тузи билан таъминлаш учун 1 тонна ош тузига 25 гр калий йодид қўшилган ҳолда сотувга чиқарилади. Бу билан унинг таъми, ҳиди ва ранги ўзгармайди. Рўзғор учун ош тузини 1 ойда 1-2 кг дан ортиқча сотиб олмаслик керак, акс ҳолда таркибидаги йод ҳавога учиб кетади. У оғзи берк идишда сақланиши лозим.
2. Таркибида йод миқдори кўп бўлган балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотлари, хурмо, ёнғоқ, олма ва шунга ўхшаш маҳсулотларни мавсум давомида меъёрида истеъмол қилиш лозим. 
Юқоридаги касаллик белгилари кузатилганда дарҳол эндокринолог шифокорга мурожаат қилиш керак.

Д. КАТТАЕВА,

 туман тиббиёт бирлашмасига 

қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника шифокори. 

Мавзуга оид: