СУД ҲОКИМИЯТИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ АСОСЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мамлакатимиз тараққиёти, жамиятимизнинг ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги аҳамияти беқиёсдир. Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда, жамиятда қонунийлик ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 112-моддасида судьялар мустақил эканлиги, фақат қонунга бўйсунишлари, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби муҳим нормалар мустаҳкамлаб қўйилган.
Таъкидлаш жоизки, судьяларнинг мустақил ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда иш юритишларининг конституция даражасида кафолатланишини асосий сабабларидан бири - суд ҳокимиятига бошқа ҳеч қайси орган ваколатига тааллуқли бўлмаган ҳуқуқ - одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи берилганлиги билан изоҳланади. Зеро, мамлакатимиз ҳаётида, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишига эришишда одил судловнинг аҳамияти беқиёсдир. Одил судлов жамият ҳаётида, жамият аъзоларини ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришда, инсонларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда одил судлов ҳар қайси даврларда ҳам улуғланганлигини, қадрланганлигини ҳамда инсонлар унга интилиб яшаганликларини таъкидлаш ўринли бўлади. Хусусан, рим файласуфлари "Pereat mundus et fiat justicia", яъни "майли дунё барбод бўлсин, лекин одил судлов қарор топсин" деб таъкидлаганликлари бежиз эмас. Рим файласуфларининг мазкур мумтоз шиорлари бир қарашда муболағадан иборат бўлса-да, лекин улар одил судловга шу қадар юқори баҳо берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2016 йилнинг 21 октябрида эълон қилинган ПФ-4850-сонли "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишига доир конституциявий нормани амалда тўла-тўкис рўёбга чиқишига замин яратди. Шунингдек, "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Фармон ҳамда ушбу Фармон билан тасдиқланган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури"да судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга оид қатор чора-тадбирлар назарда тутилди. Хусусан, судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддатини ва шундан сўнг муддатсиз даврини белгилаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси негизида суд ҳокимияти органи сифатида Судьялар олий кенгашини ташкил қилиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш механизмини, шу жумладан, унинг асосларини аниқлаштириш орқали такомиллаштириш ва суд раисларининг судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатишга оид ваколатини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий судига адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш соҳасидаги вазифа ва ваколатларини ўтказиш кабилар назарда тутилди.
Судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини, яъни туман ва вилоят судлари судья лавозимларини 65 ёшгача, Конституциявий ва Олий суд судьялари лавозимларини - 70 ёшгача белгилаш судьяларнинг мустақиллигини кафолатлаш билан бир қаторда мамлакатимизда профессионал    судьялар корпусини шакллантиришга, суд тизимини етук, юқори малакали, одил судлов соҳасида катта тажрибага эга бўлган, мустақил фикрлайдиган, ҳалол ва бенуқсон обрў-эътиборли судьялар билан тўлдиришга, уларнинг бой тажрибаларидан кенг фойдаланишга ҳамда барқарор судьялар мактабининг яратилишига замин яратади. Қолаверса, суд ҳокимиятининг бошқа ҳокимият органлари таъсиридан ҳоли бўлишига хизмат қилади.
"Ҳаракатлар стратегияси"даги суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган навбатдаги муҳим тадбирлардан бири - судьялар ҳамжамиятининг органи сифатида Судьялар олий кенгашини ташкил қилиш, кенгаш таркибининг камида ярмини судьялар ҳисобидан шакллантириш ва унга суд ҳокимиятиннг мустақиллигини таъминлашга доир бир қатор ваколатлар берилиши назарда тутилганидир. 2017 йил 6 апрелида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида"ги қонунда ушбу тузилманинг фаолиятига оид масалалар тўлиқ ўз ифодасини топди. Мазкур Кенгаш конституциявий мақомга эга бўлди. Конституциянинг 111-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши ўз ифодасини топди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, жамиятда суд органларининг нуфузини ошириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини ва фақат қонунларга асосланиб иш юритишини таъминлаш мамлакатимиз Конституцияси ва шу асосда қабул қилинаётган қонунлар муҳим аҳамият касб этади. Зеро, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.
Маъруфжон Рузиев,
 жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар 
судининг судьяси.
Мавзуга оид:
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:18
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:10
Адлия ва суд

Адлия ва суд

  • 05 фев, 11:52
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 21 дек, 14:47