Инсон ва қонун ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУРИЛГАН УЙ

Судланувчи Олимов Ҳамид (исми-шарифи ўзгартирилган) Оқдарё туманида туғилган, вақтинча ишсиз, оилалик, 4 нафар фарзанди бор, тумандаги "Авазали МФЙ"га қарашли "Янгиравот" қишлоғида яшайди.

Судланувчи Олимов Ҳамид суғориладиган ер участкаларини, уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, келгусида ушбу ердан фойдаланиш мақсадида Оқдарё тумани "Самарқанд муқобил МТП" ҳудудидаги балла бонитетга эга бўлган хўжалик харитасининг 37-рақамли контуридаги суғориладиган 0,12 гектар ер майдонини бирор-бир ҳужжатларсиз эгаллаб олган. Ушбу ер майдонининг 160 кв.м. қисмига ўзбошимчалик билан уй-жой қурганлиги 2024 йил 17 январь куни Кадастрлар палатаси Оқдарё туман филиали ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида аниқланган. Натижада мазкур ер майдонининг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабабчи бўлиб, ер майдонига 13.469.720 сўм зарар етказганлиги аниқланган.

Суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи Олимов Ҳамид ўзининг кўрсатувида айбига иқрорлик билдириб, қуйидагича баёнот берди. У 1998 йилда "Авазали" маҳалласида яшаган "землямир" Зоҳид билан ўзаро гаплашиб, ундан ўзининг яшаш уйи орқа томон қисмида жойлашган тахминан 12 сотих ер майдонини ажратиб кетишини сўрайди. Зоҳид ажратиб кетган ер майдонини унинг марҳум отаси О.А. колхоз давридан олиб қолиб, фойдаланиб келган. Отаси вафот этгандан сўнг Зохид ушбу ер майдони фермер хўжалиги ер майдонидан чиқарилганлигини, ўзи фойдаланса бўлишини айтгандан сўнг 2020 йилдан бошлаб катта ўғлига уй қура бошлаган. Лекин, 2024 йилнинг январь ойида туман Кадастр бўлими ходимлари келиб, ушбу ер майдони фермер хўжалиги ер майдони ҳисобида турганлигини, ушбу уйни ноқонуний қурганлиги ҳақида далолатнома тузиб, унга огоҳлантириш хати бериб кетишади. Ҳозирда эса у ушбу уйни қуриш учун катта маблағ сарфлаганлиги учун буза олмаслигини, етказилган зарарни қоплашга имконияти йўқлигини, ўзбошимчалик билан қилган ишидан минг пушаймон эканлигини билдирди.

Суд ҳукмига кўра, Олимов Ҳамидга Ўзбекистон Республикаси ЖК 229-1-моддасининг 2-қисми билан 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 


Илҳом Ғуломов,

жиноят ишлари бўйича  

туман судининг судьяси.

Мавзуга оид: