Оқдарё ижодкорлари Чарос ҚУРБОНОВА

Чарос ҚУРБОНОВА - 1994 йил 28 январда Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасида туғилган. 2010 йилда тумандаги 47-умумий ўрта таълим мактабини тугатиб, Самарқанд шаҳар таянч тиббиёт коллежида таҳсил олган. Айни пайтда Тошкент Кимё Халқаро университети Самарқанд филиали бошланғич таълим факультетининг 2 курс талабаси.
Шеърлари туман, вилоят, республика матбуотида чоп этилган. "Умрим баҳори" шеърий тўплами нашрдан чиққан.
О Қ И Б А Т
Бобом экиб кетган дарахтлар,
Бўйимизга бўйлашиб ўсди.
Ҳовлимизга йўлатмай чангни,
ўуборлардан бизларни тўсди.
Катта бўлдик, ўсдик, улғайдик,
Соясида соялаб, яйраб.
Мевасидан баҳраманд бўлдик,
Қушчалардек чуғурлаб сайраб.
Анов, отам тенги балхи тут,
Соғинчимдек тўкилар ерга.
Ҳамма набиралар ҳар тараф,
Ёлғиз боғда дарахтлар бирга.
Анов, гилос пишса бизлармас,
Чумчуқларга бўлмоқда емак.
Бобом ташлаб кетгандек бизни,
Оқибат ҳам кетибди, демак.
Олмаларга қуртлар ин қурган,
Оқламайди бирор оқ кўнгил.
Боғимизнинг ўртасидаги,
Ҳалинчагинг тебранар, сингил.
Ука, сен бобом-ла ясаган,
Чириб қопди ёғоч қуш ини,
Нон оқизоқ қилган ариқ жим,
Ҳеч ким айтмас сирли тушини.
Ҳув, анови забардаст ёнғоқ,
Қарғаларга макон бўлибди.
Бувим эккан ариқ лабида,
Гулларимиз қувраб, сўлибди.
Ўтган йили амаким атай,
Ўтинликка кесибди дарахт.
Оҳ, шуларни эшитмай туриб,
Қулоқларим бўлсайди карахт.
Бобом яратган боғ ҳувиллар,
Шамолларга айтиб арзини.
Биз жигарлар бирлашиб қачон,
Узармиз-а меҳр қарзини?
Бобом фақат боғ яратганди,
Биз-чи фақат қурганмиз девор.
Қулфин бузиб кира олмайман,
Йўқлолмайман соғиниб бир бор.
Бобом ташлаб кетгандек бизни,
Оқибат ҳам кетибди, демак.
В А Т А Н
Д Е С А М...
Ватан, исминг эшитганда,
Жисмимда жон қимирлайди.
Аждодларим қўшиб кетган,
Бир мерос қон жимирлайди.
Бошим узра қора булут,
Мендан олис кўчиб борар,
Номинг айтсам тилимда сўз
Дилимда сўз чўчиб борар.
Сени десам, сен деб ёнсам,
Вужудимга бир руҳ кирар,
Номинг билан юрагимга,
Бир забардаст шукуҳ кирар.
Ватан десам тушларимга,
Мозийдан бир алам кирар.
Аламларинг юпатай деб,
Таскин бериб қалам кирар.
Барчин кирар қўшиқ айтиб,
Қўшиқлари қадим-қадим.
Тушларимнинг бир бурчида,
Йиғлаб турар Самарқандим.
Тўмариснинг томирлари,
Вужудимни қамраб борар,
Ватан десам Широқ бобом,
ўаним томон қараб борар.
Кўз олдимда жонлангайдир,
Қатағоннинг қурбонлари.
Мотамсаро момом қучар,
Шаҳид кетган ўғлонларни.
Юракда дард хуружсимон.
Кечмишингдан дилим оғрир,
Шу бир сўзни айтсам агар,
Тилим оғрир, тилим оғрир.
Ватан...
***
Ватан...
Сен отамга ўхшаб кетасан,
Хотиржамман бағрингда ҳар дам.
Икки дунё кам бўлмас ахир,
Отасига топинган одам.
Кенгликларинг отам елкаси,
Юпанчларинг қалбга дори-да.
Харитангни чизаман ҳатто,
Юзидаги ажинларида.
Ватан...
Сен онамга ўхшаб кетасан,
Қайғуйимга, дардимга шерик.
Сенинг сабаб ишқ бор, меҳр бор,
Сен туфайли туйғулар тирик.
Қучоқларинг аллалар мени,
Тупроқларинг бешикдир менга.
Суратинг энг чиройли тасвир,
Қутлуғ исминг қўшиқдир менга.
Ватан...
Сен боламга ўхшаб кетасан,
Умидларим елкангга ортдим.
Истиқболли ўйларим билан,
Ҳар кун ёруғ тонгдайин отдим.
Фарзандимдек суюк ва азиз,
Туташгандир сенга жон ва тан.
Бор вужудим, бор меҳрим билан,
Болам каби асрайман, Ватан!
***
Сенга яхши...
мендан фарқлироқ,
Ҳасратларни қилмассан писанд.
Сабрларинг тоғлардан катта,
Бардошларинг осмондан баланд.
Сенга яхши...
мендан фарқлироқ,
Ҳаёт сенга мисли ўйинчоқ.
Сен ўзингни овутмоқдасан,
Менинг эса ўзим овунчоқ.
Сенда бордир метин ирода,
Назарингга илмайсан ғамни.
Мен-чи меҳмон каби сийлайман,
Ҳар келганда қучиб аламни.
Сен чекасан. Тутар тамакинг
Мен ғам чекиб ичим лиқ тутун.
Менинг қалбим минг пора балки,
Сенинг қалбинг эҳтимол бутун.
Мен йиғларман тўлса паймонам,
Изтиробни қуварман йироқ.
Сен йиғлашни билмаган одам,
Менга яхши...
сендан фарқлироқ.
И Қ Р О Р
Жиринглади бевақт телефон,
Юрагимда ҳадик, хавотир.
Шу маҳалда тинчимни бузган,
Ким эди у юраги ботир.
Ким эди у ором ўғриси,
Қай мақсадда қилди қўнғироқ.
Ич-ичимни ёриштирмайди,
Хонадаги нур сочар чироқ.
Вақтни ютар сокин жимжитлик,
Ўтиб борар бир неча минут.
Мен томонда жим қотган ҳайрат
Сен томонда ғалати сукут.
Бир...икки...уч... нафас санайман,
Жуда таниш бу ритм, титроқ.
У жим санар юрак пулсимни,
Юрак ютиб сўзламас бироқ.
Хонадаги соат "чиқ чиқ"и,
Сокинликни бузмоқда фақат.
Юрак урар, нафас ютунар,
Тугаб битар толиққан тоқат.
Бас,- дейман ва қизил тугмани,
Босмоқликка қиларман қарор.
Сен сезгандек яшин каби тез,
Ва ўзингга бўларсан иқрор.
Орамизда узоқ пауза,
Сўнгра дейсан:- Кутгин, мени кут!
Мени эса жавобим тайёр,
-Унут мени, унутгин, унут!
Чарос Қурбонова.

МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 10 дек, 13:21

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22

Адабиёт
- 27 ноя, 14:01