Мактаблардан хабарлар

СПОРТ МУСОБАҚАСИ ЎТКАЗИЛДИ

Ватан ҳимоячилари деганда, юрганида қадамидан ўт чақнайдиган, суянганингда тоғдек туриб таянч бўла оладиган ва албатта, она Ватан тинчлигини ҳимоя  қилишни ўзининг фахри деб биладиган Темурбекнинг авлодлари кўз олдимизга келади.

14-январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мустақил Ўзбекистонимизнинг барча гўшаларида, ҳарбий қисмларда, олий ўқув юртларида, мактабларда байрам тадбирлари ўтказилади. Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси  кенгашининг бошланғич ташкилотларида ҳам байрам тадбирлари тантанали нишонланди. Туман  бўлинмаси кенгаши томонидан туман халқ таьлими тасарруфидаги умумтаълим мактаблари  ўқитувчилари  ўртасида Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб спортнинг волейбол  тури бўйича туман биринчилиги мусобақаси ўтказилди. 

Жорий йилнинг 7-9 январь кунлари ҳудудий мусобақалар белгиланган мактабларда, мусобақанинг  финал  қисми 13 январь  куни 45-умумтаълим мактабининг спорт залида ўтказилди. Мусобақада 1-ўринни  21-мактаб жамоаси, 2-ўринни 45-мактаб, 3-ўринни 28-мактаб жамолари эгаллашди. 

Мусобақа ғолибларига туман бўлинмаси кенгаши томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.


Ж.ХУДОЙҚУЛОВ,

таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси

кенгаши раиси,

туман кенгаши депутати.  

ҒОЛИБЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

Барча жойда бўлгани сингари  31-умумий ўрта таълим мактабида ҳам 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан "Мардлар қўриқлайди Ватанни!" шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда мактабнинг 9-синф ўқувчиларининг "Темурбеклар" ҳамда 10-синф ўқувчиларининг "Ёш гвардиячилар" жамоалари ўртасида ўзаро мусобақа ташкил қилинди. Ҳар иккала гуруҳ аъзолари "Ўзини таништириш", "Ватанга таъриф", "Мантиқий саволлар", "Эркин мавзу", "Спорт мусобақалари" шартлари бўйича беллашувда ўзаро куч синашдилар.  

Қизиқарли баҳс-мунозаралар билан ўтказилган ушбу беллашув ғолиблари  мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ ва совғалар билан тақдирланди.

Нафиса ЭГАМБЕРДИЕВА,

   31-мактаб директорининг маънавий-маърифий 

ишлар бўйича ўринбосари.