ЭЗГУЛИККА БАХШИДА УМР

Ҳар бир инсоннинг умри маълум бир тарихга эга. Уни бир китоб қилиб ёзсангиз бўлади. Лекин шундай инсонлар борки, улар ҳаёт сўқмоқларидан адашмай қийинчиликларни енгиб, ўз умрини фақат яхшиликка, илм-фанга бахшида этади. Улар ҳақда ёзмоқчи бўлсангиз, битта китоб ҳам камлик қилади. Бу гал мен устозларим, педагог зиёлилар оиласи бўлган Эркин Равшанов ва Шарват Бобоназаровалар ҳақида ёзмоқни истадим. Негаки, бу инсонлар ўзларининг бутун умрини мактабда болалар таълим-тарбиясига, ўқитувчилар жамоасини бирлаштириб, етук кадрлар тайёрлашга бахшида этган фидойи педагоглардир.
Эркин Равшанов 1939 йил 10 августда Зарафшон жамоа хўжалигининг Мўллажўжа қишлоғида туғилган. Эркин аканинг отаси 33 ёшида фожиали равишда ҳалок бўлган. Отасидан эрта етим қолган Эркин ва укаси Қаҳрамон онаси Марзия хола ва бувилари Моможон момолар қўлида тарбия топганлар. Икки набирани бировдан кам қилмасдан едириб-кийдириб вояга етказишда айниқса, Моможон момонинг ҳиссаси жуда каттадир.
Эркин Равшанов 1946 йил туманимиздаги 19-мактабнинг 1-синфига ўқишга боради ва 6-синфдан бошлаб туман марказидаги 20-мактабда ўқишни давом эттириб, 1957 йилда ўрта мактабни муваффақиятли тугатади. 1959 йил СамДУнинг ўзбек филологияси факультетига ўқишга киради. Университетда ўқиш мобайнида у ўзининг зукколиги, илм-фанга чанқоқлиги ва меҳнатсеварлиги билан ажралиб турар эди. 1995 йилда ўқишни муваффақиятли тугаллаган Эркин ака ўзининг жонажон қишлоғига қайтиб келади. Ўша йилнинг ўзидаёқ Самарқанд хотин-қизлар педагогика билим юртини битириб, 19-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишга кирган Шарват Бобоназарова билан турмуш қуриб, педагог-зиёлилар оиласига асос солинади.
1966-1969 йилларда Э.Равшанов 18-мактабда директор ўринбосари, мактаб директори сифатида фаолият кўрсатади. Эркин акадаги  ўз ишига бўлган масъулият ва шижоатни кўрган юқори ташкилот раҳбарияти уни 19-мактабга директор этиб тайинлади. Эркин Равшанов шу мактабда 31 йил директор лавозимида ишлаб, мактабни туманда, вилоятда, республикадаги намунали мактаблар қаторига қўшишга эришди. Ҳозирги кунда эса ушбу мактабни битирган қанчадан-қанча ёшлар республикамизнинг барча жойларида масъул лавозимларда ишлаб келишаётганлиги ҳам фикримизнинг исботидир.
Эркин ака билан Шарват опанинг биргаликда ўтказган умрларини тарих саҳифаларига муҳрласа арзийди. Шарват Бобоназарова 1947 йил 3 январда Зарафшон жамоа хўжалигининг Найман қишлоғида туғилган. Отаси Бобоназар Аҳмедов ўқимишли инсон бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси эди. Бобоназар Аҳмедов урушда қўлидан қаттиқ жароҳат олган бўлсада, ўша ерда даволаниб, яна жанг майдонига кириб, фашист босқинчиларига қарши мардонавор жанг қилган. 1945 йили ўзбекнинг мард фарзанди Бобоназар Аҳмедов кўкси тўла орден, медаллар билан ўз она қишлоғига ғалаба нашидаси билан кириб келган. Урушдан қайтган Бобоназар ака 1946 йили Мўллахўжа қишлоғида яшовчи Хадича опага уйланади. Бу аҳил оила 8 нафар фарзанднинг ота-онаси бўлишди. Ҳикоямиз қаҳрамони Шарват опа эса ушбу бахтиёт хонадоннинг тўнғич фарзанди эди. Жангоҳлардан эсон-омон қайтган Бобоназар ака колхоз жамоа хўжалигида ҳисобчи, бош ҳисобчи, кейинчалик эса то нафақага чиққунга қадар туман молия бўлимининг мудири вазифаларида ишлаган туманимизнинг жонкуяр инсонларидан бири бўлган. 
Ана шундай фидойи инсонларнинг фарзандлари бўлган Эркин ака ва Шарват опаларнинг ҳаёт йўлига ҳавас билан қараймиз. Чунки, бу қалби пок, саховатли инсонлар оилада ҳамжиҳат бўлиб, 7 нафар фарзандни вояга етказишди. Шарват опа ҳам илмга чанқоқ, ўзи танлаган ўқитувчилик касбини севадиган инсон эди. Шу боисдан ҳам зиммасидаги оила, рўзғор ташвиши, болалар парвариши ва тарбияси билан бир қаторда 1967 йил СамДунинг немис тили факультетининг сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Айни шу пайтда қўлида 1966 йилда туғилган тўнғич фарзанди Аъзамжон бор эди. Ўз касбини севувчи Шарват опа барча қийинчиликларни ўзининг меҳнатсеварлиги, фидо-йилиги билан енгиб ўтиб, 1977 йили ўқишни муваффақиятли тугаллаб, олий маълумотли ўқитувчи деган дипломни қўлига олди. Ўқиш ва иш билан бир қаторда оилани ҳам биргаликда олиб борган Шарват опа 7 нафар фарзанднинг онаси бўлди. Аъзамжон, Юлдуз, Нигора, Адҳам, Акмалжон, Нилуфар, Гулихонларни вояга етказди. Шарват опа иш билан оилани бирдек олиб борди. Чунки бу инсон ўқувчиларини ҳам ўз фарзандларидек севувчи жонкуяр устоз эди.
Бу зиёли оила фарзандлар тарбиясига ҳам бефарқ бўлмадилар. Барча фарзандларини ақлли, илмга чанқоқ, меҳнатсевар, муомалали инсон қилиб тарбиялаб вояга етказдилар. Катта ўғли Аъзамжон Равшанов СамҚХИни битириб, ўзининг билими, ишбилармонлиги сабабли кўп йиллардан буён Республика Вазирлар Маҳкамасида нуфузли лавозимларда ишлаб келмоқда. Катта қизи Юлдуз Равшанова ота-онаси изидан бориб, СамДПИни рус филологияси факультетини битириб, қатор йиллардан бери 19-мактаб директори сифатида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Нигора СамДунинг тил ва адабиёт факультетини битирган, 19-мактабда олий тоифали ўқитувчи сифатида ишлаб келмоқда. Адҳамжон Сам-ҚХИни битириб, вилоятимиздаги масъул вазифаларда фаолият юритмоқда. Акмалжон тадбиркор-фермер. Ҳозирда "Равшан бобо" номли фермер хўжалигини бошқариб келмоқда. Оиланинг яна бир қизи Нилуфар медицина ходими, кенжа қизи Гулихон эса тадбиркорлик билан шуғулланади.
Ҳар сафар Равшановлар хонадонига борар эканман, устозларим мени очиқ чеҳра билан кутиб олишади. Улар билан ишлаган даврларимизни, ўша йилларда фаолият кўрсатган устозларни биргаликда ёдга оламиз:
- 19-мактаб директори сифатида 31 йил фаолият кўрсатдим, - дейди устоз мураббий Эркин ака Равшанов. -  Раҳбарлик фаолиятимда энг аввало эски мактаб биносини қайтадан таъмирлаш,    синфхоналарини замонавий жиҳозлар билан жиҳозлаш ҳамда ўқитувчиларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш учун астойдил ҳаракат қилдим. Ўз касбини севувчи, билимли ва фидойи педагогларни мактабга жалб қилдим. Мактабимизда олий маълумотли, олий тоифали, методист ўқитувчилар кўпчиликни ташкил қилар эди. Шу туфайли мактабимиз илғор мактаблар қаторидан ўрин эгаллади. Мавлуда Умарова, Эргаш Абдуллаев, Саида Давронова, Зуҳра Туганова, Салима Абдуалимова, Гулсара Хўжақулова, Шарват Бобоназарова, Адолат Абдуллаева, Ҳанифа Файзуллаева, Ойшакар Исмоилова, Гуландом Арзиева, Ўктам Тоғаевлар ана шундай фидойи ўқитувчиларимиздан эди. Мактабимизнинг нуфузини оширишда уларнинг ҳар бирининг ўзига хос ўрни бор эди.
Туманимизда халқ таълими соҳасини ривожлантиришга қўшган муносиб хизматлари учун Эркин Равшанов 1983 йилда Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги томонидан "Халқ маорифи аълочиси"унвони билан мукофотланган. Нафақага чиққандан сўнг 2017 йили  Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан "Мустақилликнинг 25 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирланган. Шарват опа Бобоназарова эса  1981 йили Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги томонидан "Методист-ўқитувчи" унвони билан мукофотланган. 
Ҳа, бу пиру бадавлат отахон Эркин Равшанов ва меҳри дарё онахон Шарват Бобоназароваларнинг ҳаёт йўли ана шундай эзгуликларга йўғрилган. Улар ўзларининг бутун умрини келажагимиз ворислари бўлган ёш авлодларимизга таълим-тарбия беришдек эзгу мақсад сари бахшида этишди. Элу халқ, қариндош-уруғлари орасида эъзозу ҳурматга сазовор бўлган Эркин ака ва Шарват опалар бугунги кунда кексалик гаштини суришиб, 20 дан ортиқ набираларнинг севимли бобожони-ю, бувижонисидир. Уларнинг файзли хонадони  қариндош-уруғлари, яқин дўстлари, севимли шогирдлари, фарзандлари ва набиралари билан доимо гавжум. Инсон учун бундан ортиқ бахт-саодат йўқ бўлса керак. Аслида инсон умри ҳам унинг ҳаёти давомида қилган яхши амаллари, эзгу ишлари билан баҳоланади.
Шуни ҳам қувонч билан таъкидлаш лозимки, Эркин ака Равшанов шу кунларда ўзининг табаррук 83 ёшини кутиб олмоқда. Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб, ўз умрини халқ таълимини ривожлантиришга бахшида этган табаррук инсонни қутлуғ ёши билан самимий муборакбод этамиз. Доимо соғ-саломат бўлиб, юз ёшлар билан юзлашиб юришини тилаб қоламиз.
Адолат АБДУЛЛАЕВА,
           Халқ таълими фахрийси. 
Мавзуга оид: