ЭЛ МЕҲРИНИ ҚОЗОНГАН ШИФОКОР

Т.Каримова 1954 йил 5 июнда Бухоро вилояти, Пешку туманида оддий ишчи оиласида таваллуд топган. 1972 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан тугатиб, Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетига ўқишга киради. 1978 йили олийгоҳни тугатиб, Бухоро шаҳар болалар шифохонасида ишлай бошлайди. 1979 йили Пешку туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайди. 1980 йилнинг март ойида тақдир тақозоси билан Оқдарё туманига турмушга чиқади ва туман юқумли касалликлар шифохонасида болалар инфекционисти бўлиб ишлайди.
- Мени етук шифокор бўлиб етишишимда биринчи устозим Хайруллаева Гулсара Муродовнанинг хизматлари каттадир,- дейди Татьяна Каримова биз билан бўлган суҳбатда. - Раҳматли устозим менга ўз тажрибаларини ўргатар экан, бемор билан мулоқотни, аввало, беморни дардини эшитиш кераклигини алоҳида уқтирар эди. Эндиликда эса мен туман юқумли касалликлар бўлими мудири Жомурод Маматқуловни, қолаверса кўп йиллар давомида мен билан бирга ишлаб, яқиндан ёрдам бериб келаётган ҳамширалар Соҳиба Эгамбердиева, Гулноза Анорова, нафақадаги ҳамширам Насиба Аҳмедоваларни ҳам шогирд ҳамда ҳамкасб сифатида ҳурмат билан тилга оламан.
Т.Каримова 1980-1983 йилгача туман юқумли касалликлар шифохонасида фаолият юритди. 1983 йилдан ҳозирги кунга қадар эса кўп тармоқли марказий поликлиникада инфекционист шифокор сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда у турмуш ўртоғининг севимли рафиқаси, 4 нафар фарзанднинг меҳрибон онаси, ўнлаб набираларнинг суюкли бувижониси, асосийси, нафақа ёшида бўлсада, ҳамон халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашдек эзгу мақсад йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Шу боисдан, қарийб қирқ беш йилдирки, ўзининг бутун умрини, ҳаётини халқимизга бахт-саодат улашиш, соғлик-саломатлигини мустаҳкамлаш йўлига бахшида этди. Бу фидойи инсон ўз жамоасида, туманимизда ўз касбининг устаси, қўли эм шифокор сифатида юксак ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Зеро, халқ ҳурмати, халқ эътирофи энг катта мукофотдир. Халққа беминнат хизмат қилган инсон асло кам бўлмайди.
Биз ҳам эл суйган фидойи шифокор - Татьяна Каримованинг галдаги ишларига улкан ютуқлар тилаб, халқ хизмати йўлида асло ҳориманг, деймиз.
Гулзода АБДУЛЛАЕВА.
Мавзуга оид:

ТИББИЙ ХИЗМАТ СИФАТИНИ ОШИРИШ - БОШ МАҚСАДИМИЗ
- 16 июн, 15:39

Тиббиёт муассасаларида нима гап?
- 26 апр, 11:02

Онахонни хотирлаб
- 25 мар, 15:56

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22