ЎҚИТУВЧИ КЎЧАДА НАВБАТЧИЛИККА ТУРИШИ МУМКИНМИ?!

Касблар ичида энг улуғи ва шарафлиси ўқитувчиликдир, дея бежизга айтилмайди. Негаки, ҳали оқу қорани танимаган болалар қўлига қалам тутқазиб, унга илк бор ўқишни, ёзишни ўргатган, ўқувчисига ўз фарзандидек бор меҳрини берган устозларимизнинг меҳнати игна билан қудуқ қазишдек машаққатлидир. Мактабда пайти ўз ўқувчиси билан дарсда ва дарсдан ташқари машғулотларда шуғулланган ўқитувчи ишдан сўнг уй-рўзғор, бола-чақа ташвишидан ортиб, яна эртанги кун дарс машғулоти учун тайёргарлик кўради, ўз устида ишлайди. Кечалари эса ширин уйқусидан кечиб, ҳамма дам олган  вақтда у дафтар текширади. Эрта   тонгдан туриб эса яна ишга отланади.
Хуллас, ўқитувчилик касби шарафли бўлиш билан бир қаторда машаққатли ҳамдир. Яхшиямки, Президентимиз томонидан ўқитувчиларни бош-қа ишларга жалб қилмаслик, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳақидаги қарорлар чиқарилиб, устозларимизнинг кўп йиллик қийинчиликлари ортда қолди. Минг афсуски, бу борада ҳамон айрим ечимини кутаётган муаммолар борки, бу ҳақда газетамиз саҳифаларида бир неча бор ёритилган бўлсада, тумандаги тегишли ташкилотлар томонидан эътибор берилмаётганлиги бизни ташвишга солади.
Яқинда таҳририятимизга туман халқ таълими бўлимига қарашли мактабларнинг бирида фаолият кўрсатаётган бир ўқитувчи кириб келди ва қуйидагиларни баён қилди:
- Мен туман халқ таълими бўлимига қарашли бўлган мактаб (исми-шарифи ва мактабини ёзмаслигимизни илтимос қилди)да ўқитувчи бўлиб ишлайман. Тўғрисини айтсам, катта йўл ёқасида жойлашган   ушбу мактабда яқиндан бошлаб ишлай бошладим. Мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, мактаб ўқитувчилари ҳар куни эрталаб ва дарсдан сўнг кўчага чиқиб навбатчилик қилишар, дарсга келган ўқувчиларни кутиб олиб, дарсдан кейин йўлдан ўтказиб қўяр экан. 
Тўғри, катта трасса йўл ёқасида жойлашган мактабларда ўқувчиларнинг йўлдан-йўлга ўтиши автотранспорт ҳаракати туфайли анча хатарли ҳисобланади. Лекин, катта трассада турган навбатчи ўқитувчининг ҳаёти-чи? Бу ҳақда ким қайғуради? Айниқса, аёл ўқитувчиларнинг йўлда байроқча кўтариб  навбатчиликка туриши анча хатарли. Об-ҳавонинг ноқулай ёмғирли-қорли кунларида эса инсон ҳаёти учун янада хавф туғдиради. Мен бу муаммони фақат ўзимни ўйлаб айтаётганим йўқ, албатта. Бизга ўхшаб йўлда навбатчиликка тураётган туманимизнинг бошқа мактабларидаги ҳамкасбларимизни ҳам зиммасидаги бу масъулиятли вазифадан озод қилиш вақти келмадимикан?! Айниқса, аёл ўқитувчиларни бу топшириқдан озод қилиш зарур. Бу ҳақда наҳотки, раҳбарлар ўйлаб кўришмайди?
Дарҳақиқат, эрталабдан Лойишдан Самарқандга қараб йўл олсангиз, туман халқ таълими бўлимига қарашли бўлган 29, 51, 33, 32, 39, 38, 25-мактабларнинг ўқитувчилари катта трассада навбатчилик қилаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Йиллар давомида ушбу масъулиятни ўзларининг зиммаларига олган мазкур мактабларнинг фидойи ўқитувчилари ўқув йилининг бошидан охирига қадар йўлда навбатчиликка туришади. Ўз ўқувчисига таълим-тарбия беришдек улкан вазифани бажараётган ўқитувчилар бугунги кунга қадар бу масъулиятни ҳам сидқидилдан, виждонан беминнат бажараётгани рост. Негаки, ўқитувчи ўз фарзандидек кўрадиган ўқувчилари, шогирдларининг ҳаётига бефарқ қарай олмайди. Минг афсуски, айни шу масалага алоқадор ташкилот раҳбарлари ҳам ўқитувчиларнинг ўз ҳаётларини хавф остига қолдириб бўлсада, катта трассада қишин-ёзин навбатчиликка туришининг гувоҳи бўлишгани ҳам айни ҳақиқат. Лекин, улар буни кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олишади. Ёки, юқоридан бирор бир буйруқ, топшириқ берилишини кутишади. 
Бугунги кунда мамлакатимизда ўқитувчиларга барча шарт-шароит ва қулайликлар, имтиёзлар яратилиб берилмоқда. Шундай экан, бизнинг тегишли ташкилот мутасаддилари, қолаверса, халқимизнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларимизга бериладиган саволимиз битта: Мактаб ўқитувчиси йўлда нав-батчиликка туришга масъулми?
Кўплаб ўқитувчиларимизни қийнаб келаётган ушбу ҳақли саволимизга туманимизнинг масъул раҳбарлари, депутатларимиз томонидан бериладиган оқилона жавобни кутиб қоламиз.
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
                  журналист. 
Мавзуга оид: