АБДУМАЖИД ТУРСУНОВ

Шафқатсиз ўлим бутун умрини туман иқтисодини ривожлантиришга бағишлаган фидойи инсон, ташаббускор раҳбар, меҳрибон ота Абдумажид Турсуновни орамиздан олиб кетди.
Абдумажид Турсунов 1949 йилнинг 16 апрелида собиқ Самарқанд жамоа хўжалигининг Қоратери қишлоғида таваллуд топди. Ўрта маълумотни Лойишдаги 20-мактабда олди. Мактабни битиргач, Самарқанд шаҳридаги Мичурин номли техникумда ўқиди. Бу техникумни қизил диплом билан битаргач, кўп йиллар хўжаликда бригада бошлиғи, тафтиш комиссияси раиси вазифаларида самарали фаолият кўрсатди. Ўзининг ташкилотчилиги туфайли эл ўртасида катта ҳурмат қозонди. Қатор йиллар фермер хўжаликнинг раиси сифатида ҳам давлатга пахта-ғалла топшириш режаларини ошириб бажариб, бир қанча иш ўринларини яратди. Хўжаликка табиий газ олиб келиш борасида ҳам амалга оширган ишларини алоҳида таъкидлаш керак. Айни пайтда қурилиши амалга оширилаётган Оқдарё билан Пастдарғом туманини боғловчи Қорадарё устидаги кўприкни қурилишида Абдумажид Турсуновнинг муносиб ҳиссаси бор. Чунки бир неча ўн йиллардан буён Оқдарёликларнинг орзуси бўлган бу кўприкнинг қурилиши учун у кўп бор пойтахтдаги нуфузли ташкилотларга мурожаат қилгандан сўнггина узунлиги 150 метр бўлган бу иншоот қурилиши амалга оширилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
У ташкилотчи раҳбар бўлиши билан бирга меҳрибон ота ҳам эди. Турмуш ўртоғи Тўхташ Абдураимова билан уч ўғил, беш қизни тарбиялаб вояга етказишди. Айни пайтда фарзандлари халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилиб халққа хизмат қилишаяпти. Улар ўз оталари билан ҳақли равишда фахрланишади.
Ташаббускор раҳбар, фидойи инсон, садоқатли дўст ва меҳрибон ота Абдумажид Турсуновнинг хотираси тумандошларимиз қалбида абадий яшайди.

"Оқдарё овози" газетаси таҳририяти

 ва туман "Нуронийлар" кенгаши.