Таклиф ва танқид
БЕМОРЛАР НЕГА НОРОЗИ?
Туман бирлашган касалхонасига соғлигимни тиклаш учун борган эдим. Врач қабулига кириш учун навбат кутиб ўтирган бир аёл куюб-пишиб дардини айтиб қолди:
- Врач қабулига кеча ҳам келган эдим. Шифокор аввал қон таҳлили топширишимни, бунинг учун хусусий поликлиникага боришимни айтди. Врач айтганидек, хусусий поликлиникага бордим, кўпчилик қатори навбатга туриб, қўлимдаги қоғозчани навбатчи ҳамширага кўрсатдим, у эса 150 минг сўм тўлашимни айтди. Нега бунча қиммат, - деб сўрадим ҳамшира қиздан.
- 6 та таҳлил учун текширилади, қиммат эмас, агар шу қоғозча билан шаҳарга борсангиз, бундан ҳам қимматлигини биласиз, - деди-ю, хоҳласангиз шу хоҳламасангиз ўзингиз биласиз, дегандек менга ўқрайиб қаради. Қўлимдан нима ҳам келарди, ноилождан айтилган сўмни тўлашга мажбур бўлдим.
- Барибир ҳамшира қизга яна савол бердим: Қизим, қон таҳлили учун нархни қаерга қараб айтяпсиз, менга кўрсатинг-чи?
- Ана деворга илиб қўйибмиз, айнан шу таҳлил учун бўлмаса-да, бу ҳам шу ерда кўрсатилган касалликлар қаторига киради, дея ўзини гапини маъқуллади ҳамшира ва ишини давом эттирди. Деворга илинган жадвалда эса ҳамшира қиз айтган қон таҳлилининг нарх-навоси ёзилмаган эди. Мана бугун шу қон таҳлили жавобини олиб келдим. Шу қон таҳлилини поликлиниканинг ўзида олишса бўлмайдими, беморларни сарсон қилишмасдан, - деди у.
- Мен ҳам 5 яшар ўғлимни сиз айтган хусусий поликлиникага олиб борган эдим, - деди ўттиз ёшлар чамасидаги бир жувон. - Болалар шифокори ўғлимнинг ошқозони бузилганлигини айтиб дори-дармон ёзиб берди ва албатта фалон дорихонадан олинг, ушбу дорилар уларда бор фақат...деди.
- Мен эса УЗИга тушиш учун олтмишинчи бўлиб рўйхатга ёзилдим. Эрталаб келган эдим. Одамнинг кўплигини қаранг, уларнинг орасига киришга ҳам қўрқасан киши. Кутишга ҳолим етмади, қолаверса, уйда икки яшар фарзандимни қолдириб келганман, - дейди ёшгина жувон.
Врач қабулига кириш учун турган аёлларнинг ҳар бири ўзларининг дардларини айтишар эди. Уларнинг фикр-мулоҳазаларича, касалхонада ишлайдиган кўпгина врачлар хусусий касалхоналарда ҳам фаолият кўрсатишар, шу боисдан хусусий касалхонага бемор жўнатгани учун ҳам, касалларга дорихоналардаги қиммат-қиммат чет эл дориларини ёзиб бергани учун ҳам ўзларининг маълум даражадаги улушларини олишар экан.
Ё тавба, инсон ҳаёти ҳам бизнесга айланса-я. Тўғри, медицинада ҳам четдан инвестеция киритиб, бизнес қилиш, хусусий дорихона, шифохона очиш мумкин албатта. Лекин, нима бўлганда ҳам ҳеч бир инсоннинг тақдири, ҳаёти бизнес қурбонига айланмасин-да. ...Ахир, кейинги пайтларда дорихоналарда турли хил сохта дори-дармонларнинг кўпайиб кетаётганлиги, бунинг оқибатида инсон ҳаётига зомин бўлаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас-ку.
Гап инсон ҳаёти, унинг соғлигини муҳофаза қилиш ҳақида кетар экан, ўзининг саломатлигини тиклаш учун ҳали туман касалхонасига, ҳали хусусий касалхонага, ҳали шаҳарга ёки бошқа вилоятларга қатнаб, сарсон-саргардонликда мадори қуриётган, баъзида эса кимга ҳам ишонишни билмасдан вақтини ўтказиб қўяётган ўнлаб, юзлаб беморларни ҳаммамиз ҳам кўрдик: "Аввал касалини рисоладагидек даволаб қўйгин, дарддан фориғ бўлган бемор ҳаётга қайтар экан, сўнгги молини сотиб бўлсада, сени албатта рози қилади ахир", дегинг келади беморнинг чўнтагига кўз тикиб ўтирадиган баъзи бир кимсаларга.
Яна бир муаммо. Мустақилликка эришганимизга ҳам мана яқинда ўттиз бўляпти. Наҳотки, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари шу йиллар мобайнида халқимизга сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатиш борасида замондан ортда қолаётган бўлса? Унда нега туманимиз аҳолиси, "хусусий"га бор, вилоятга бор қабилида сарсон-саргардон бўлишади? Ёки ўзимизда билимли кадр-лар етишмайдими? Сиз бунга нима дейсиз, ҳурматли мутасаддилар?
ШУКРОНА.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00